Бир ҳаётий ҳикоя борки, сийрат (биография) китобларини безаб туради.
Ҳижрий учинчи асрда яшаб ўтган Аҳмад ибн Мискин исмли олим бошидан ўтганларни шундай ҳикоя қилади:
219 йилда молиявий шароитим ўта танг аҳволга келди. Ҳатто кундалик озиқ-овқатга ҳам пул қолмади. Устига-устак оилалиман, битта фарзандимиз бор. Бир неча кун очлик азобида қийналганимиздан кейин ахийри ҳовлини сотиб, сал мундоқроғига кўчишга қарор қилдим. Харидор излаб кўчага чиқдим. Йўлда биродарим Абу Наср билан кўришиб қолганда унга бор гапни айтдим. Абу Наср ҳотамтой йигит, халтасидан иккита қатлама-нон ва бироз ҳолва чиқариб шартта менга тутқаздида, “Шу билан амаллаб туринг, Аллоҳ ризқингизни яна етказиб қолар” деди.
Ташвишим бироз ариб, уйга кетдим. Йўлда бир бева аёл учраб қолди, қўйнида боласи билан. Қўлимдаги қатлама-нонга қараб бир ютиниб қўйгач, “Тақсир, қўлимдаги етим болам оч, очлик уни еб битирмасайди, деб қўрқяпман. У-бу нарса билан қорнини тўйдира оласизми? Аллоҳнинг ўзи сизни ёрлақасин”, деди. Ҳалиги бола менга шундай қараб турардики, бу нигоҳ ҳалиям кўз ўнгимда. Гўё жаннат ерга тушиб: “Шу она-болани тўйғизган кишиникиман”, деб тургандек ҳис қилдим. “Олинг, синглим, ош бўлсин. Аслида ўзимнинг уйимда ҳам аҳвол шу, аммо сизларга илиндим буни”, деб қўлимдагиларни бериб юбордим. Бу яхшиликдан онанинг кўзлари ёшланди, боласи хурсанд бўлиб кетди.
Мен сал нарироққа бориб, йўл четида, девор соясида чўккалаганча бошимни чангаллаб ўтириб олдим. “Ҳовлига харидорни қайдан топсам экан?!” Олдимдан яна бояги дўстим Абу Наср ўтиб қолди. Кайфияти жуда чоғ эди.
-Ҳа, Абу Муҳаммад, уйингизга шунча совға-салом келган бўлсаю, сиз бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?
-Субҳаналлоҳ! Очиқроқ айтинг, қанақа совғалар, қаердан келибди?
-Хуросондан бир киши келиб раҳматли отангизни суриштирди. Ўзи билан жуда кўп нарса олиб келибди.
-Нега ахир, нима иши бор экан?
-Унинг ўзи асли хуросонлик эмас, ўзимизнинг басралик экан. Ўттиз йил аввал отангиз унга бир миқдор маблағни омонат қилиб берганда, иши юришмай, банкрот бўлиб, ишлаш учун Хуросонга кетган эмиш. У ердаги тижорати зўр бўпкетибди. Энди молини ҳалоллаш учун отангиздан олган омонатни қайтаргани келибди…
Аллоҳнинг синоати ажойибда! Эрталаб уйдан камбағал Аҳмад бўлиб чиқиб, кундузи Аҳмад бойвачча бўлиб кириб келдим. Отамдан қолган бу мол-давлатни яхшиликка йўналтиришга ҳаракат қилдим. Аввало, ўша кунги муҳтож аёлни топиб, доимий таъминот белгилаб қўйдим. Пулларни тижоратга тикиб, мунтазам фойда кўрардим. Тушган даромадимдан катта-катта хайр-эҳсонлар қилишга одатландим ва бу менга роҳат бағишларди. Баъзан қилаётган ишларимга ўзим ҳам қойил қолардим. “Шўрлик фаришталар менинг яхшиликларимни ёзавериб чарчаб кетган бўлса керак. Аллоҳнинг даргоҳида аллақачон солиҳ бандалар сафига киритилган бўлсам, ажаб эмас”, деган ширин-ширин хаёллар ўтарди мендан.
Шундай доруломон кунларнинг бирида кечаси туш кўрибман. Қиёмат эмиш. Халойиқ аралаш-қуралаш бўлиб кетган, баданлари ўта катталаштириб қўйилган эмиш. Қилган гуноҳлари жисм ҳолига ўтиб, эгаларининг устига юк қилиб қўйилибди. Ҳар кимда бу юкнинг ҳажми турлича. Ҳаётида уялмай, одамлар олдида очиқчасига гуноҳ содир этиб яшаган фосиқларнинг елкасидаги юки нақ бир бутун шаҳардек бўлиб, турфа хил шармандагарчиликлар билан лиқ тўла эди. Сўнгра мезонлар – тарозилар ўрнатилди. Мен ҳам амалларимнинг ўлчови учун тарози олдига келтирилдим. Ёмонликларим битилган нома бир паллага, яхши ишларим дафтари эса нариги паллага қўйилди. Ҳайҳот! Яхши амалларим варақалари худди йўқдек ҳеч бир оғирлик босмади. Шунда фаришталар ҳасанотларим қайд этилган мазкур номаларни битта-битта олиб тафтиш қила бошладилар. Не кўз билан кўрайки, мен қилган ҳар савобли иш сўнгида бирор махфий иллат ҳам қайд этилганди. Масалан бир савобли амал қилганим ёзилгач, номанинг остида бу амалга риё аралашгани битилган. Бошқасида манманлик, яна бирида мақтов истаги ва ҳоказо. Натижада ҳасанотларим қуриб битиб, тарози босқичидаёқ борар жойим тайин бўлиб қолди деярли.
Бир маҳал овоз келди: “Бўлдими, ҳеч нарсаси қолмадими?” “Битта мана бу қолди”, дейишди ҳалигилар. Кўзларимни яшин тезлигида ўша ёққа бурдим. Қарасам, бир пайтлар йўлда учраган тул хотин ва боласига берганим икки дона қатлама-нонни ушлаб туришибди. Оббо… Ҳафсалам пир бўлди. Не-не улкан амалларим бор эди, бир варакайига юзлаб динорларни эҳсон қилардим, сариқ чақадек фойда бермаяпти ҳозир ўшалар. Ҳаммаси асфаласофилинга кетдику, энди бу иккита лаваш-нон мени қутқара олармиди?! Ана энди ҳалокатим аниқлигига амин бўлдим. Ўша иккита нонни олиб тарозидаги ёмонликларимнинг қаршисига – нариги паллага қўйдилар. Ё Аллоҳ! Шу иккита суви қочиб ётган нон паллани оғирлаштира бошлади. Аммо барибир наригидан оғир келмади. Энди бу ноннинг ёнига ўша бечора аёлнинг кўз ёшларини ҳам қўшишди. Чунки ўша вақтда қилган яхшилигимдан таъсирланиб кўзига ёш келганди аёл бояқишнинг. Мана шу кўз ёши туфайли энди менинг ҳасанотларим палласи батамом ғолиб бўлди. Шунда яна бояги овоз эълон қилди: “Қутулди! Нажот топди!”
Ҳикоя тугади.
Хулоса, ҳадиси шарифда айтилганидек:
“Бирор яхши амални арзимас санама, ҳатто бу иш дўстинг билан очиқ юз ила кўришиш бўлса ҳам”.
“Дўзахдан эҳтиётингизни қилиб қолинглар, бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам”.
Мисрлик машҳур адиб Мустафо Содиқ Рофеийнинг «Қалам илҳоми» асаридан
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси
ўқитувчиси Расулхўжаев Сардорхўжа таржимаси.