Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари вайрон қилишга буюрган масжид ҳақида биласизми? Бу “Зирор” масжидидир.
Масжид яхши ният билан эмас, балки мусулмонлар сафини бўлиш мақсадида қурилгани тўғрисида Қуръони карим хабар берган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб келганларидан сўнг, тавҳид дини, яъни Ислом атрофдаги ҳудудларда тез тарқала бошлади. Бироқ, ҳар доимгидек, яхшиликнинг тарафдорлари бўлганидек, рақиблари ҳам бўлади. Мусулмонларнинг ана шундай душманларидан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фосиқ деб атаган Хазраж қабиласидан бўлган Абу Амир Роҳиб эди.
Абу Амир Мадинадан Византияга йўл олди ва мусулмонларга қарши курашда Византия императоридан кўмак сўради. Яширин бузғунчилик фаолиятини амалга ошириш учун ислом душманлари қандайдир марказ ташкил қилишни мақсад қилиб, Абу Амирнинг таклифи билан масжид қуришга қарор қилдилар. Бу ер Абу Амир ўз тарафдорлари билан учрашадиган ва йиғиладиган жойига айланиши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига қаршилик кўрсатиш марказига айланиши керак эди.
Масжид ҳижрий 9 йилда машҳур Қубо масжидидан унча узоқ бўлмаган жойда қурилган. Кексалар, жисмонан заиф ва касаллар намоз учун Мадинага боришда Масжиди Набавий узоқлик қилаётганини айтиб, мунофиқлар масжид қуришга баҳона топдилар.
Мунофиқлар юқоридаги сабабалар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, қурилган янги масжидни зиёрат қилиб, унда намоз ўқиб, муборак қилиб беришни илтимос қилдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша пайтда Табукга қарши юришга ҳозирлик кўраётган эдилар, шунинг учун сафардан қайтгандан кейингина масжидни зиёрат қила оламан, деб жавоб бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукдан қайтиб Мадинага яқинлашганларида, Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларини нозил қилиб, мунофиқларнинг режаларини фош қилди:
“Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг Расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир.
Сен у(масжид)да ҳеч қачон турма! Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса, покланувчиларни севадир.
Биносини Аллоҳга бўлган тақво ва Унинг розилиги асосида қурган кимса яхшими ёки биносини емирилаётган жар ёқасини асос қилиб қуриб, у билан бирга жаҳаннам ўтига қулаган кимса яхшими? Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас.
Барпо қилган бинолари қалбларида шак-шубҳа ҳолида бардавом қоладир. Магар қалблар қиймаланиб кетсагина, шак-шубҳа қолмас. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли Зотдир” (Тавба, 107-110).
Бу орада мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзлари қурган Зирор масжидига ташриф буюришларини кутаётган эдилар ва динга қарши бузғунчилик фаолиятини амалга ошириш учун қулай фурқатни кутардилар. Аммо уларнинг фитналаридан хабардор бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида, саҳобаларини уларнинг масжидини бузиш учун юбордилар ва бу иш амалга оширилди.
Мунофиқларнинг режалари барбод бўлди, бузғунчилик ва нифоқ марказини яратишга бўлган уриниш тўхтатилди. Мусулмонлар томонидан тарихда биринчи марта масжид бузиб вайрон қилинди ва мусулмонларнинг сафини бўлишга ҳаракат қилганларнинг фитнаси барбод бўлди.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев