Ҳадиси шарифларни тўғри англаб етмоқчи бўлган одам аввало Қуръони Каримни, унинг таълимотларини, турли иршодларини, ҳукмлари ва кўрсатмаларини яхши тушуниб етган бўлиши керак. Чунки, Қуръони Карим Исломнинг руҳи, унинг асосий баёнчиси, илоҳий дастуридир. Исломнинг асосий таълимотлари, қонун-қоидалари Қуръони Каримда баён қилингандир.
- Араб тилини яхши билиш.
Ҳадиси шарифлар луғавий, балоғат ва фасоҳат ҳамда адабий жиҳатдан Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда туради. Шунинг учун ҳадиси шарифларни тўғри англаб етиш учун энг аввало араб тилини яхши билиш керак. Араб тили дунёдаги энг нозик ва энг мукаммал тил бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги каломи бўлмиш Қуръони Каримга айнан шу тилни ихтиёр қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам арабларнинг энг тили фасиҳ қабиласи Қурайшдан бўлганлар, ўзлари чиройли, фасоҳатли сўзлар устаси бўлганлар. Бунинг устига мўъжизакор Қуръон балоғати ва фасоҳати У зотга ўз таъсирини ўтказган. Шунинг учун ҳам У зотнинг каломлари Аллоҳнинг каломидан кейинги иккинчи ўринга кўтарилган. Ана шундоқ олий мақом каломни яхши тушуниш, нозик маъноларини тўла англаб етиш, уларданги шаръий ҳукм, ваъз-иршод ва ибратларни мукаммал ўзлаштириб олиш учун араб тили, унинг балоғат ва фасоҳатидан яхши хабардор одам бўлиш керак. Бу маънода маълум даражага эришмай туриб, муҳаддисликни даъво қилмаса ҳам бўлади. - Ҳадисларни Қуръон таълимотлари асосида англаш.
Ҳадиси шарифларни тўғри англаб етмоқчи бўлган одам аввало Қуръони Каримни, унинг таълимотларини, турли иршодларини, ҳукмлари ва кўрсатмаларини яхши тушуниб етган бўлиши керак. Чунки, Қуръони Карим Исломнинг руҳи, унинг асосий баёнчиси, илоҳий дастуридир. Исломнинг асосий таълимотлари, қонун-қоидалари Қуръони Каримда баён қилингандир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати мутаҳҳаралари эса асосий дастур бўлмиш Қуръони Каримнинг шарҳи, назарий баёни ва амалий татбиқидан иборатдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифлар доимо Қуръони Карим маъноларига мос келади. Қуръон таълимотларига мос келмайдиган “ҳадис”лар аслида ҳадис эмас, балки ислом душманлари томонидан тўқилиб, “ҳадис” дея тиқиштирилган гап бўлади. Уламоларимиз Қуръони Каримга солиштириш йўли билан кўплаб ҳадис сақланиб юрилган гапларнинг сохталигини фош этганлар.
Агар ҳадис саҳиҳ (ҳақиқий) ҳадис бўлсаю, маъноси Қуръони Карим таълимотларига зид кўринаётган бўлса, унда сиз билан биз уни тўғри тушунмаётган бўламиз. Бундоқ ҳадиснинг нозик нуқталари бўладики, уни мутахассис олимларгина баён қилиб беради. - Бир мавзуъдаги ҳадисларни жамлаб солиштириб кўриш.
Агар бирор ҳадис маъносини яхши тушуна олмай қолсак ёки ўша ғайри оддий ҳолатни кўрсак, дарҳол шу мавзуъдаги бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади. Ана ўшанда умумий солиштириш йўли билан мазкур ҳадисни тўғри тушуниш имконига эга бўламиз. Бу борада уламоларимиз қуйидаги ҳадисни мисол келтирадилар: “Имом Бухорий Абу Амома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. У киши омочга қараб туриб: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Мана шу қайси бир қавмнинг уйига кирса, албатта, Аллоҳ таоло ўша уйга хорликни киритади” деганларини эшитдим”, дебтилар.
Сиртдан қарайдиган бўлсак, бу ҳадисдан омоч ва у билан амалга ошириладиган деҳқончилик ишлари хорлик сабаби сифатида кўринади. Мусулмон одам омочни уйига киргизмаслиги, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланмаслиги зарурдек туюлади. Ушбу ҳадисни олиб, Ислом деҳқончиликка қарши деб ҳар қанча айюҳаннос солса бўлади.
Ҳақиқатан ҳам шундайми? Бу саволга жавоб топиш учун Исломнинг бу борадаги умумий таълимотларига, бошқа саҳиҳ ҳадисларга назар солишимиз керак.
Пайғамбаримиз бирор кишини деҳқончиликдан, омоч ишлатишдан қайтарганлари маълум эмас. Мадинаи Мунаввара аҳли деҳқончилик билан бемалол шуғулланган. Ҳадис ва фиқҳ китобларимизда деҳқончилик, зироатчилик ҳақида алоҳида боблар бор, зироатчиликка тарғиб қилувчи саҳиҳ ҳадислар тўлиб етибди.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа имомларимиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир дарахт ёки экин эксаю, ундан қушмиди, инсонмиди ёки ҳайвонми еса, албатта шу туфайли ўша кишига садақа бўлади”-деганлар.
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Маъбаднинг боғига кирдилар ва:
“Эй Умму Маъбад, бу хурмоларни ким экди? Мусулмонми, кофирми?”-дебдилар. У:
“Мусулмон эди”-деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мусулмон бир дарахт эксаю ундан инсонмиди, ҳайвонмиди, қушмиди еб турса, албатта унинг учун қиёмат кунигача садақа бўлиб туради”, дедилар.
Имом Бухорий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар қиёмат қоим бўлаётганда сизлардан бирортангизнинг қўлида бир дона хурмо кўчати бўлса, қиёмат қоим бўлгунча уни экишга қодир бўлса, экиб қўйсин”-деганлар.
Имом Ибн Жарир қилган ривоятда Аммора ибн Хузайма ибн Собит қуйидагиларни айтадилар: “Умар ибн Хаттобнинг отамга:
“Ерингни экишга нима монеълик қилади?”-деяётганини эшитдим. Отам:
“Мен ўлай, деб турган қари чолман”-деди. У:
“Сенга қасам билан айтаманки, албатта экасан”-деди. Умар ибн Хаттобнинг отам билан бирга ўз қўли билан экин экаётганини кўрдим”.
Имом Аҳмад Абу Дардоъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: “У киши (Абу Дардоъ) Димашқда кўчат экиб турсалар олдиларидан ўтиб кетаётган бир одам:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси бўлиб туриб шу ишни қиласанми?”-деди. У эса:
“Сен шошилма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бир дарахт эксаю, ундан одамми ёки Аллоҳнинг махлуқларидан бирортасими еса, албатта шу туфайли ўша одамга садақа бўлади”-деганларини эшитганман”-дебтилар.
Деҳқончилик ва зиротчиликнинг бундан ортиқ тарғиботи ва ташвиғоти бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам аввалги уламоларимиз, энг афзал касб-деҳқончилик, жаннатга деҳқонлар биринчи киради”, деганлар.
Шундай бўлгач, омоч кирган уйга хорлик киради, маъносидаги ҳадисни қандоқ тушуниш керак? Уламоларимиз бу саволга жуда ҳам қониқарли жавоблар берганлар.
Имом Бухорий бу ҳадисни “зироат асбоблари билан овора бўлиб қолиш ёки унга ҳаддан ташқари берилиш оқибатларидан огоҳлантириш” бобида келтирган эканлар. Шунинг учун ўзидан кўриниб турибдики, бу ҳадис орқали омочга ёпишиб олиб, бошқа нарсалар, хусусан ватан ҳимояси, жиҳодга оид нарсалардан бепарво бўлиш оқибатида душмандан енгилиб, хор бўлишдан огоҳлантирилган экан.
Омочнинг хорлик келтириши ҳақидаги ҳадисни шарҳ қилган уламоларимиз: “Бу (яъни, омоч хорлик келтириши ҳақидаги гап) душманга яқин жойдагилар учундир. Агар улар экин-текин билан машғул бўлиб қолиб, жангавор тайёргарликни унутсалар, душман ҳамла қилиб, мағлуб этиши мумкин. Шунинг учун уларнинг бурчлари жангавор тайёргарлик кўришдан иборатдир. Бошқалар эса уларга керакли нарсаларни етказиб турадилар”-деганлар.
Ушбу маънони Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Абу Довудлар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилган қўйидаги ривоят яна ҳам очиб беради: “Агар савдога рибони аралаштириб, молнинг думидан тутиб, зироатдан рози бўлиб, жиҳодни тарк қилиб юраверсангиз, Аллоҳ бошингизга хорликни келтиради ва то динингизга қайтмагунигизча уни қайтариб олмайди”.
Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Бир вақтлар мусулмонлар ушбу икки ҳадисдаги огоҳлантиришдан ибрат олмадилар. Молнинг думидан тутиб, зироат билан машғул бўлиб юравердилар, оқибатда жиҳодни унутдилар. Ҳарбий тайёргарлик кўрмадилар, саноат, техника саҳасига эътибор бермадилар. Оқибатда саноат, техника орқали харбий жиҳатдан қувватли бўлиб олган ғайридинлар барча мусулмон ўлкаларни босиб олдилар ва мусулмонларни мустамлакачилик йўли билан хору-зор қилдилар. Юқоридаги мисолдан бир мавзуда келган ҳадисларни тўплаб ўраниш қанчалик фойда беришини билиб олдик. - Ҳадиснинг айтилиш сабаби ва мақсадларини яхши тушуниб етиш.
Қуръони Карим оятларини яхши тушуниш учун ўша оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билиш жуда зарурлиги маълум ва машҳур ҳақиқат! Ҳудди шу нарса ҳадиси шарифларга ҳам таълуқлидир. Баъзи ҳадиси шарифларнинг айтилиш сабаблари бор. Ана ўша сабабаларни ўргангандагина ҳадисдан кўзланган мақсадни аниқ англаб етиш мумкин. Шунингдек, баъзи ҳадиси шарифларда маълум бир шахсга, замонга, маконга, шарт-шароитга тегишли муаммолар муолажа қилинган бўлади. Ушбу зикр қилинган ва яна бошқа баъзи зикр қилинмаган сабабларга кўра ҳадиси шарифларни тўғри тушиниш учун етарли илм, дақиқ назар, шариатимиз мақсадларини идрок қилиш, динимиз таълимотларидан тўла хабардорлик зарур бўлди. Ана шундагина ҳадиси шарифларда келган ҳукмларнинг қайси бири умумий, қайси бири маълум шахслар учун хусусий, қайси бири вақтинча, қайси бири доимий, қайси бири жузъий ва қайси бири куллий эканини тушуниб оламиз.
Бир мисол келтирайлик: Имом Абу Довуд ва имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен учун, мушрикларнинг ичида яшайдиган ҳар бир мусулмон бегонадир”-деганлар.
Агар ҳадиси шарифнинг сиртқи маъносига қаралса мусулмон бўлмаган жамиятда битта ҳам мусулмон турмаслиги керак. Агар ким ғайридин жамиятда яшаса мусулмонлиги қолмайди. Чунки, ундай одамни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам “менга бегоналар”, демоқдалар. Лекин, қадимдан бундай бўлмаган. Бугунги кунда ҳам кўплаб мусулмонлар бошқа юртларда яшамоқдалар. Уларга ҳеч ким, хатто насиҳат юзасидан ҳам танбеҳ бераётгани йўқ. Баъзи уламоларнинг ўзлари ҳам ғайридин ўлкаларда яшамоқдалар. Бунинг сабаби мазкур ҳадиснинг ҳақиқий маъноси юзаки маъносидан тамомила фарқ қилишидадир. Уламолар мазкур ҳадисни ўрганиб чиқсалар, унинг айтилишича ўша даврдаги аянчли бир воқеа сабаб бўлган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хасъам қабиласи томон бир гуруҳ жангчи саҳобаларни юборибдилар. Улар ўша жойда намозда сажда қилиб турганларида душман кўпларини ўлдириб юборибди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида улар хунининг ярмини беришга буюрибдилар ва: “Мен учун мушриклар ичида яшайдиган ҳар бир мусулмон бегонадир” дебдилар. Бу–ўша мусулмон у ерда ўлдирилса мен учун унинг хунини тўлаш бегонадир, деганлари экан. Чунки, мазкур ҳодисага учраган кишилар хавф-хатарни кўра-билиб туриб, бепорволик қилганлар. Душманга ўзларини ўлдиришга шароит яратиб берганлар. Шунинг учун ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга нисбатан юқоридаги муомалани қилганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имомлар Қурайшдан бўлур”-деганлар. Бу ҳадиси шарифга биноан Имомлар (Ислом давлатининг бошлиқлари) Қурайш қабиласи аъзоларидан бўлиши шарт. Баъзи кишиларнинг Ислом давлатига бошлиқ бўлиши мумкин эмас. Уламоларимиз бу масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифни ўз замонларини эътиборга олиб айтганлар, деган хулосага келганлар. Чунки, ўша пайтда Қурайш қабиласи бошқалардан кўра дават бошлиғи тайёрлаш талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган қабила эди.
Саҳобаи киромлар ҳадисларнинг сабаблари ва мақсадларига қараб амал қилишда ҳаммага ўрнак бўлишган. Чунки, улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганлар, улар орасида ҳадиси шарифларни нима учун, қандоқ, қай тарзда, нима мақсадда айтилганини биладиганлар кўп бўлганлар.
Ушбу гапнинг тасдиғи учун бир мисол келтирайлик: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар номли жойнинг ерларини ўша жойни фатҳ этишда иштирок қилган мужоҳидларга тақсимлаб берганлари маълум. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Шунга биноан кейинги даврларда ҳам қайси жой фатҳ этилса, унинг ерларини фатҳда иштирок этган мужоҳидларга тақсимлаб бериш лозим бўлар эди.
Лекин, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ироқ ерларини фатҳчиларга тақсимлаб бермай, ўз эгаларида қолдириб, уларга харож тайин қилганлар. Харождан эса келажак авлод мусулмонлари фойда оладиган бўлди.
Салафи солиҳ уламолардан Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳи бу ишнинг ҳикматини тушунтириб, қуйидагиларни айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбар ерларини тақсим қилишлари Исломнинг аввалида, ҳожат кўп пайтида бўлган. Ўша вақтда шундоқ қилишлик фойдали эди, Кейин эса ерни вақф қилишдан фойда чиқадиган бўлиб қолди. Шунинг учун ана шу ишни қилиш вожиб бўлди”.
Ҳазрати Умар Ироқ ерларини фатҳ қилувчиларга бўлиб бермай, ўз эгаларида қолдирганларига ва уларга харож солганларига саҳобаи киромларнинг қарши чиқмаганлари эса бу ҳукмни кўпчилик яхши тушунганидан дарак беради.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида фитр садақаси Ҳайит куни Бамдод намозидан кейин, Ҳайит намозидан олдин чиқарилар, кўпроқ хурмо ва буғдойдан иборат бўлар эди. Чунки, ўша пайтда Мадинаи Мунавварадаги асосий овқат шулардан иборат эди. Ислом жамияти ҳам кучаймаган, ҳамма гуруҳ бўлиб, бир жойда яшар, бир-бирларини яхши танир эдилар. Бамдоддан кейин фақир-фуқораларни топиб, уларга фитр садақасини беришга улгуриш мумкин эди.
Саҳобаи киромларнинг даврларида Ислом давлати кенгайиб, мусулмонлар сони кўпайди. Шаҳар-қишлоқлар катталашди. Бамдод намози билан Ҳайит намози орасида фитр садақасини тарқатиш мумкин бўлмай қолди. Шунда саҳобаи киромлар бу ҳолатни тўғри тушуниб фитр садақасини Ҳайитдан бир ёки икки кун олдин берадиган бўлишди.
Кейинроқ эса Ислом бутун дунёга тарқалди. Турли юрт ва эллар мусулмон бўлдилар. Мазҳаббоши имомларимиз барча омилларни ҳисобга олиб баъзилари фитр садақасини рамазон ойининг ярмидан, баъзилари эса аввалидан берса бўлади, деган фатво чиқардилар. Шунингдек, ҳар юртдаги кўп саналган таомдан ёки ўша таомнинг қийматини бериш ҳам мумкинлиги ҳақида фатволар чиқарилди. Демак, ҳадисларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини Бамдод билан Ҳайит намози орасида, буғдой ва хурмодан беришни тайин қилганлари ҳақидаги ривоятга келсак, ҳозирги вақтда Ҳайитдан аввал ёки буғдой ва хурмодан бошқа нарсадан фитр садақа бераётганларни айблаб юришимиз дуруст эмас.
Баъзи бир кишилар ўзларича билағонлик қилиб: “одамлар ҳаммаси иссиқ сувда таҳорат қилади, ҳолбуки Пайғамбаримиз совуқ сувда таҳорат олганлар”, деб қишда ҳам совуқ сувда таҳорат қилиб, касал ортириб олганлари ҳам бор. Бу ҳам ҳадиснинг сиртини ушлаб, жавҳарини, аслини тушунмасликнинг бир турига киради. - Ҳадиснинг собит мақсади ва унга етиш воситаларини ажрата билиш.
Ҳадиси шарифларни фаҳмлаб етиш, уларга амал қилишда хатога сабаб бўладиган нарсалардан бири ҳадисдан кўзланган мақсад қолиб, кўпроқ мақсадга эришиш йўлидаги воситага эътибор беришдан келиб чиқади.
Мисол учун баъзи ҳадисларда, ким Аллоҳнинг йўлида бир камон ўқини отса, унга савоб бўлади, маъноси зикр этилган. Хўш, Аллоҳнинг йўлида милтиқ, тўппонча, автомат, тўп, ракета отса бўладими, йўқми? Булардан ўқ отган мусулмон савоб оладими-йўқми? Мазкур ҳадиси шарифнинг мақсади мусулмонларни Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чорлаш эди. Демак, мадомики камондан бошқа қуроллардан ўт отиш билан ҳам Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш мумкин экан, мақсад ҳосил бўлганидан кейин, улардан ўқ отган кишиларга савоб тегаверади.
Имом Бухорий, Имом Насаий, Имом Шофеъийлар Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мисвок оғизни тозаловчи ва Роббни рози қилувчидир”-деганлар. Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, Ҳадисдан асосий мақсад оғизни тоза тутишга қизиқтириш. Мисвок, деганда бута шохидан, кўпроқ Арок деб аталувчи дарахтдан олинган ёғоч тушунилади. Агар ҳадиснинг лафзини ушлаймиз, десак дунёдаги барча мусулмонларга Арок дарахти ёғочидан мисвок етказиб бериб туриш керак бўлади. Баъзи кишиларда шундоқ тушунишади ҳам. Имом Абу Ҳанифа мазҳабларида оғизни тозалаши мумкин бўлган ҳамма нарса билан, латта ёки панжа билан мисвок қилса бўлаверади, дейилган. Демак, замон ўзгариши билан пайдо бўлган янги тиш тозалаш воситаларини ишлатиш ҳам айни муддао бўлаверади.
Тиб борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифнинг кўпида ҳам мазкур маъно бор. У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга ўхшаш нарсаларда ўз замонлари ва шароитларидан келиб чиқиб гапирганлар. - Ҳадисни тушуниш учун мажоз билан ҳақиқатни ажрата билиш зарурлиги.
Ҳар бир тилда ўзига яраша киноя, қочирим, ўхшатиш каби услублар ишлатилади. Араб тилида бу нарсалар жуда ривожланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари араб тилининг энг эқори чўққисида бўлгани учун мазкур нарсалар ҳам керагича У зотнинг сўзларига кирган. Буни араб тилида мажоз, дейилади. Баъзи ҳадисларни тушуниш учун мажоздан ҳақиқатни ажрата билиш лозим бўлади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз завжаи мутаҳҳараларига:
“Менинг ортимдан энг тез етадиганингиз–қўли узунингиз”-деганлар. Яъни, бу–қўли узунингиз мендан кейин биринчи вафот этиб, у дунёда менга энг тез қўшиладиганингиз деганлари. Ушбу ҳадисдаги мажозни ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари–оналаримизнинг ўзлари ҳам тўғри тушинишмаганлар. Улар, бу шарафга қай биримиз ноил бўлар эканмиз, деб қўлларини узунлигини ўлчаб кўрганлар. Сирни эса воқеълик кашф этган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин биринчи бўлиб Зайнаб бинти Жаҳш онамиз вафот этганлар. У зот розияллоҳу анҳо ҳунарманд аёл бўлиб, қўл меҳнати билан топганларидан тез-тез садақа қилар эдилар. Демак, ҳадисдаги қўлнинг узунлигидан мурод–садақани кўп қилиш экан.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Насаийлар Жаҳима розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда ёрдамга муҳтож онасини қўйиб жиҳодга рухсат сўраб келган йигитга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сен У(она)нинг лозим тут, жаннат унинг қадами остидадир”-деганлар.
Албатта, жаннат ўша йигитнинг онаси қадами остида эмас. Балки, гап онасининг қадамини ўпиб бўлса ҳам хизматини қилиб, розилигини олган киши жаннатга сазовор бўлиши ҳақида кетмоқда.
Ҳадисларда мажоз ишлатилишига яна бир мисол: Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Билингларки, албатта жаннат қиличлар сояси остидадир”, деганлар. Бу тақводор бандалар учун Аллоҳ таоло томонидан у дунёда тайёрлаб қўйилган жаннат қиличнинг соясига жой, дегани эмас, албатта. Балки, қилич кўтариб Аллоҳ йўлида жиҳод қилган одам жаннатга киради, деганидир. Чунки ўша вақтларда қилич жиҳоднинг рамзи бўлган.
Ҳамаср уламоларимиздан бирлари ҳадисдаги мажозни тушунмаслик оқибатини англатиш учун қуйидаги ҳодисани келтирадилар: “Араб оламида кўзга кўринган замонавий қонуншунос “Саҳиҳ Бухорий” китобини сотиб олибди. Сўнг варақлаб “Нилу Фурот, Сайҳун ва Жайҳун ҳаммаси жаннат дарёларидир”-деган ҳадисни ўқибди. Ҳайрон бўлибди. Мазкур дарёларнинг оқиб чиқадиган жойи маълум. Ҳаммаси ҳам жаннат эмас, оддий ердан оқиб чиқади. Бухорийнинг китобида ҳам бўлмаган нарсаларни ёзаверар экан, деб ундан юз ўгирибди.
Бу ҳодисага таълиқ қилиб муҳтарам олимимиз қуйидагиларни айтадилар: “Агар ўша қонуншунос бир оз тавозуъ қилганида, чуқурроқ фикрлаганида эди, Бухорийнинг шарҳларидан бирортасини ўқиб кўрар ёки бирор ҳақиқий олим кишидан сўрар эди. Ана шунда унга ҳадисдаги ҳақиқат ойдак равшан бўлар эди. Мен ушбу ҳадис маъноси ҳақида Ислом маданияти имомларидан бирининг шарҳини келтириш билангина кифояланмоқчиман. У киши Имом Ибн Ҳазмдирлар. Ибн Ҳазмни танлашимнинг сабаби у киши машҳур зоҳирий фақиҳ, ҳадисларнинг сабаб ва муносабатларига қарамасдан зоҳирини ҳарфма-ҳарф ушлайдиган олимдир. Шу билан бирга у киши араб тилида мажоз ва ҳақиқат борлигини билувчи кишидир.
Ибн Ҳазм мазкур ҳадис тўғрисида қуйидагиларни ёзади: “Саҳиҳ ҳадисларда келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нилу Фурот ва Сайхуну Жайҳун ҳаммаси жаннат дарёларидандир”, ҳамда “Менинг уйим билан минбарим орасида жаннат боғларидан бир боғ (равза) бор”, деганлар. Бу икки ҳадис баъзи жоҳиллар гумон қилганидек, равза жаннатдан кесиб олинганини ёки мазкур дарёлар жаннатдан оқиб чиққанини билдирмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг равзаи шарифлари жаннатдан бўлишлиги, ўша ернинг фазлига далолат қилади. Мазкур дарёлар эса баракали бўлганлиги учун жаннат дарёлари, деб номланганлар”. - Ғойибдаги ва ҳозирдаги нарсаларни ажрата билиш.
Кўпгина ҳадиси шарифларга ғойиб олами ҳақида сўз юритилган. Булар биз яшаётган оламда кўзимизга кўринмайдиган, масалан, фаришталар, жинлар, шайтонлар, иблиснинг лашкарлари, Арш, курси, лавҳул маҳфуз каби нарсалардир. Шунингдек, барзах ҳаётига (ўлим билан қиёмат орасидаги ҳаётга) тегишли, қабрда савол бўлиши, қабр азоби ёки неъмати ҳам ғойиб нарсаларга киради. Ғойиб нарсалар ҳақидаги гаплар асосан охират ҳаётига боғликдир. Қиёмат қоим бўлиши, қайта тирилиш, маҳшарга йиғилиш, қиёмат куни даҳшатлари, улкан шафоат, тарозу, ҳисоб-китоб, Сирот кўприги, жаннат ва унинг неъматлари, дўзах ва унинг азоблари, одамларнинг улардаги даражалари ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар ҳам ғойибдандир.
Ушбу мавзуъда собит бўлган саҳиҳ ҳадисларда келган маъноларга ишониб уларни тасдиқлаш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Бу ҳадисдаги гапни “ақл бовар қилмайди, унга ишона олмайман”, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ҳадиси шарифларда келган маънолар бир вақтлар одамларнинг ақлига сиғмаган бўлса, замон ўтиб воқеъда бўлиб сиғди ҳам. Яна замон ўтиши билан бошқалари ҳам сиғиб келмоқда. Охиратда эса, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло қудрати чексиз, хоҳлаганини қила оладиган зотдир. Шунинг учун саҳиҳ ҳадисда келган маънони инкор қилгандан кўра бу маънони мен тушуна олмаяпман, деб ўкинган яхши. Шариатдаги, Қуръон ва Ҳадисдаги баъзи ғойбий нарсаларни ўзларининг чегараланган ақл тарозуси билан ўлчашга ҳаракат қилганлар қадимдан залолатга юз тутиб келганлар. Мусулмон инсоннинг вазифаси динимизда келган ҳар бир буйруқни “эшитдик ва итоат қилдик”, деб, ҳар бир ғойбий нарсани “иймон келтирдик ва тасдиқ қилдик”, деб кутиб олишдир. Ана ўшанда ҳамма нарса дин талабига мувофиқ бўлди.
Ўйлаймизки, юқорида зикр қилинган мулоҳаза ва қоидаларни билиш ҳадис ўрганмоқчи бўлган ҳар бир кишига зарурдир. Албатта, ҳадис илми билан шуғулланиб мутахассис бўлмоқни ният қилганлар юзлаб китобларни ўқиб-ўрганишлари керак. Биргина қоидани яхши ўзлаштириб олиши юзлаб ҳадисларни осон ва тез тушунишга сабаб бўлади. Агар бу мулоҳаза ва қоидаларни бир-икки ўқиганда ўзлаштириб олиш имкони бўлмаса, қайта-қайта ўқиш керак.
ТИИ Модуль таълим шакли талабаси
Охонов Асатали