islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Абу Жаъфар Таҳовий ҳаёти ва илмий фаолияти

Ҳадис, фиқҳ ва ақида илмларини ўрганиш, тадвин қилиш милодий саккизинчи аср охири, тўққизинчи аср бошларига келиб кенг кўламда тарқала бошлади. Буларни ўрганиб, ўзидан кейинги авлодларга ўргатишда Таҳовий ҳам бемисл из қолдирган уламолар сингари салмоқли ўрин эгаллайди.

Имом Таҳовий илм ва салоҳияти билан машҳур, зиёли оилада туғилган. Бу оила юқори Мисрда катта обрў-эътиборга эга бўлган. Оила раҳбари Муҳаммад ибн Салама ўз замонасида етук адабиётчи, шеъриятда моҳир, билимдон ва фозил киши бўлган. Онаси эса Имом Шофеъийнинг шогирди Музанийнинг синглиси бўлиб, олима, фақиҳа ва солиҳа аёл сифатида машҳур бўлган. Имом Суютий Мисрдаги шофеъий фақиҳлари қаторида Таҳовийнинг тоғасини ҳам зикр қилиб ўтган. Кўриниб турибдики, Имом Таҳовий тақводор оила ва  салоҳиятли хонадонда вояга етган.

Имом Таҳовий Яман қабилаларидан ҳисобланмиш Ҳажрул Азд[1]қабиласидан ҳисобланади. У кишининг аждодлари Мисрда (фатҳ қилингандан сўнг) яшаганлар. Азд бир неча қабилаларни ўз ичига олган бўлиб, Ҳажр ҳам ана шундай қабилалардан бири ҳисобланади. Маслама ибн ал-Қосим ал-Қуртубий ўзларининг “Сила” номи билан машҳур бўлган китобида Абу Жаъфар Таҳовийнинг насабларини қуйидагича келтиради: “Имом, муҳаддис, фақиҳ, ҳанафий, ҳофиз Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салама ибн Абдулмалик ибн Салама ибн Сулайм ибн Сулаймон ибн Жавоб ал-Аздий ал-Ҳажрий ал-Мисрий Абу Жаъфар Таҳовий”.

Ҳофиз ибн Асокир алломанинг насабларини Сулаймгача, Ибн Халликон эса Абдулмаликкача зикр қилганлар[2].

У киши Нил дарёси ғарбий соҳилида Мисрнинг “Таҳо” шаҳарчасида туғилганлар[3].Бадриддин Айнийнинг (ваф. 855/1451 й.)   айтишича, Имом Таҳовий нисбаси Мисрнинг юқори қисмидаги Ашмуний[4] ишчиларига нисбатан айтилади. Доктор Абдулмажид Маҳмуд Таҳо шаҳри борасида чуқур тадқиқот олиб бориб, Айнийнинг фикри тўғри, деган хулоса келади ва “Таҳовийнинг нисбаси бериладиган Таҳо қадимий қишлоқбўлиб, ҳозирда у Минё шаҳри чеккасидаги Самалут ҳудуди марказига яқин жой бўлиб, Таҳо ал-аъмида номи билан аталади”, дейди[5].

У кишига Жийзада истиқомат қилганлиги учун Жийзий нисбаси ҳам берилади[6].

Уламолар алломанинг туғилган йили борасида ихтилоф қилганлар ва бир неча тоифаларга бўлинганлар.

Бир тоифа: Ибн Халликон ва Тамимий 228 йил туғилган дейишган. Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари238 йилтуғилган деган сўзни олганлар[7].

Ёқут Ҳамавий ва Аммодлар:“239йил туғилган”, дейишган. Абу Саид ибн Юнус “Менга Таҳовий 239 санада туғилдим деб айтди”, дейди. Ибн Асокир дақиқ иборалар билан у кишининг туғилишларини белгилаб айтади: “Баъзи аҳли илмлар Абу Жаъфар Таҳовийнинг туғилишларини 239 сана робиъул аввал ойининг 10 куни дейишади ва шунга кўра мутақаддим тарихчилар Ёқут Ҳамавий ва бошқалар туғилишларини белгилашади”. Ибн Касир ҳам “Ал-Бидоя ван-ниҳоя”да ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари[8] мана шу санани айтадилар.Шунингдек, Имом Заҳабий ва Абул Маҳосинлар ушбу фикрни келтирганлар.

Бир тоифа: Ибн Касир[9] ва баъзи уламолар “Аманил ахбар фий Шарҳу маъонил-осор”нинг муқаддимасида 229 йил туғилган дейишган[10].Мисрлик Бадриддин Айний (ваф. 855/1451 й.)“Нухабул афкор”да шундай дейди: “Самъоний айтади: “Таҳовий229/844 йилда туғилган. Мана шу саҳиҳдир”. Ушбу ривоят Ибн Асокир  Ибн Юнусдан қилган ривоятига хилофдир. Бу ривоятлардан қайсидир бири асоссиз эканли аниқдир. Лекин иккинчи ривоят мусаннифнинг ўзларининг хатлари билан ёзилган. Абу Саид Самъоний “229/844йил туғилган”, дейди. Ушбу ривоят саҳиҳдир. Укиши ўнинчи робиъул аввал душанба куни таваллуд топганлар”, дейди.

Ибн Касир шундай дейди: “Абу Жаъфар Таҳовий Мисрнинг юқори қисмида жойлашган Таҳо қишлоғига нисбат берилади. Укиши ҳанафий фақиҳ, кўп фойдали асарлар соҳиби, сиқа ва ҳофиз инсонларнинг бири, Музанийнинг жияни(опасининг ўғли)…”. Абу Саид Самъоний у кишини 229/844 йили туғилганлар дейдилар. Шу гапга кўра у киши тўқсон ёшдан кўп яшаганлар”. Демак Ибн Касир ҳам ушбу санага тўхтаганлар.

Бадриддин Айний (ваф. 855/1451 й.)қуйидаги маълумотларни келтиради: “Ушбу ривоятга кўра, Имом Таҳовий Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий вафот этганларида йигирма етти ёшда бўлган. Чунки, Имом Бухорий 256-ҳ йилда вафот этган. Имом Муслим ибн Ҳажжож вафот этганларида у кишининг ёши ўттиз икки ёш бўлган. Чунки, Имом Муслим 261-ҳ. йилда вафот этган.Имом Таҳовийўзлари қилган ривоятларда бу кишига шерик бўлган. Абу Довуд вафот этганларида у кишининг ёши қирқ олти ёш бўлган. Чунки, Абу Довуд 275-ҳ. йилда вафот этган. Имом Таҳовий ўзлари қилган ривоятларда бу кишига ҳам шерик бўлган. Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий вафот этганларида у кишининг ёши эллик ёш бўлган. Чунки, Имом ат-Термизий 279-ҳ. йилда вафот этган. Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ан-Насоий вафот этганларида у кишининг ёши етмиш тўрт ёш бўлган. Чунки, Имом Насоий 303-ҳ. йилда вафот этган. Имом Таҳовий ўзлари қилган ривоятларда бу кишига ҳам шерик бўлган ва бу кишидан ҳам баъзи ривоятларни келтирган. Муҳаммад ибн Язид ибн Можа вафот этганларида у кишининг ёши қирқ тўрт ёш бўлган. Чунки, Ибн Можа 273-ҳ. йилда вафот этган. Имом Таҳовий ўзлари қилган ривоятларда бу кишига ҳам шерик бўлган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал вафот этганларида у кишининг ёшлари ўн икки ёш бўлган. Чунки, Аҳмад ибн Ҳанбал 241-ҳ. йилда вафот этган. Яҳё ибн Маъин вафот этганларида у кишининг ёшлари тўрт ёш бўлган. Чунки, Яҳё ибн Маъин 233-ҳ. йилда вафот этган”.

Ҳофиз Муҳаммад ибн Абдулғани ибн Абу Бакр ибн Нуқота ал-Бағдодий ҳам ўзларининг “Ат-тақйид лимаърифати руватил асанид”, деб номланган китобларида у кишининг туғилган йилини 229/844 йил деб айтади.

Кўриб турганингиздек,Имом Таҳовий юқоридаги улуғ ҳофиз имомлар билан замондош бўлган ва баъзилари билан ривоятда шерик бўлган. Мисол учун,Имом Таҳовийнинг шайхларидан бири Ҳорун ибн Саид ал-Аблийдан Имом Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Абу Ҳотамлар ривоят қилишган. Имом Таҳовийнинг шайхларидан яна бири Робиъ ибн Сулаймон ал-Жийзийдан бўлса Абу Довуд, Насоий ва Абдуллоҳ ибн Ҳамадонлар ривоят қилганлар.

Ибн Халликон ўзларининг “Вафаётул аъён” асарида Имом Таҳовийнинг таржимаи ҳолларида шундай дейди: “Имом Таҳовий 321-ҳ. йили, зулқаъда ойининг аввали, пайшанба куни тунда Мисрда вафот топган. Қарофа қабристонига дафн қилинган. Қабрлари эса у ерда жуда ҳам машҳурдир”.

Имом Бадриддин Айний (ваф. 855/1451 й.)“Нухабул афкор”да: “Миср уламолари ҳақида ёзилган бир тўпламда шундай дейилганини кўрдим: “Абу Жаъфар Таҳовийнинг қабри “Хандақ”дан “Масжиди Маҳмуд” томонга ўтсанг, шарқий ўнг томондаги машҳур катта қабрдир”, деган. “Хандақ”, “Масжиди Маҳмуд” булар тарихий атамалардир. Лекин ана ўша тарих белгилари ҳозир йўқ бўлиб кетган. Бугунги кунда Имом Таҳовийнинг қабрлари Имом Шофеъий қабрларига олиб борувчи йўлнинг ўнг томонидаги унга параллел равишда кетган йўлда жойлашган. Ана шу кўчада Имом Таҳовийнинг ҳашаматли мақбараси мавжуд. Қабрлари устида тарихлари ёзилган ҳайбатли қабр тоши бор”.

У кишининг оталари диёнатли, тақводор эди. Имом Таҳовий оталаридан ҳам ҳадис эшитган. Оталари 264-ҳ йилда тоғаси Исмоил Музаний вафот топган йили вафот этган.

Имом Таҳовий буюк фақиҳ, тадқиқотчи, муҳаққиқ олим, ҳанафий мазҳабининг энг йирик намояндаларидан бири, учинчи мужтаҳидлар табақасининг вакили[11] бўлиб, бир қатор мўътабар китоблар муаллифидир. Ҳадис илмидаги мавқеини кўрсатган ҳолда, таъдил илми олимлари уни “Сиқат ал-исбат” (ишончлилар ишончлиси), “Ҳуффаз” (кучли хотира эгаси), “Набил” (забардаст олим), “Сабат” (қатъий, матонатли) каби сифатлар билан муҳаддисларнинг ўн биринчи табақасида[12] зикр қилганлар.

Таҳовий илк таълимни, ўқиш-ёзишни онасидан ўрганди. Сўнг имом Абу Закариё Яҳё ибн Муҳаммад ибн Амрнинг қироат дарсларига қатнашди. Таҳовий бу ерда Қуръони каримни тўлиқ ёд олди. Сўнг отасининг илмий дарсларига қатнаша бошлади. Отасидан илм ва адабиётнинг маълум бир қисмини ўрганди. У тоғаси Музанийдан шофеъий мазҳаби, шунингдек, ҳадис ва ровийлар илмини ўзлаштирди.

Шофеъий фиқҳи асосларини ўз отаси Муҳаммад ибн Саламадан ўрганди. Сўнг тоғаси Музаний, яъни Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъийнинг шогирди ҳам дўсти қўлида мазҳаб илмларини мукаммал ўрганди.

Имом Бадриддин Айний ўзларининг “Нухабул афкор” китобларидашундай дейдилар:

“Имом Таҳовийнинг ишончли эканликлари, диёнатлари, омонатлари, етук фазилатлари, ҳадис илмидаги ўринлари, унинг носих ва мансухларини ажратувчи эканликларида барча инсонлар ижмоъ қилишган, бирор киши бу борада хилоф қилмаган”.

Маслама ибн Қосим ал-Қуртубий “Сила” номли китобларида: “Таҳовий ишончли, қадри улуғ, фақиҳ, уламолар ихтилофларинибилувчи ва бир қанча асарлар соҳибидир”, деб айтади[13].

Имом Таҳовий ҳадис илмида ишонли (сиқа) инсон эканлигини ва ушбу илмда етук олим эканлигни барча эътироф этади. Бундан ташқари у киши барча мазҳаб илмларини мукаммал эгаллаб, ҳанафий мазҳаби далиллариасосли экани ва бу мазҳабга таъна қилиб отилаётган “асҳоби раъй” (ўз фикрига суянувчилар) деган даъво нотўғри эканлигин исботлаб берган.

Бадриддин Айний Имом Таҳовий ҳақида жуда кўп уламоларнинг мақтовларини келтирганларидан сўнг ўзлари қуйидаги сўзларни айтади:“Имом Таҳовийни зикр қилган барча муҳаддис ва муаррихлар у киши шаънларига мақтовлар айтишган. Масалан, Табароний, Абу Бакр ал-Хатиб, Абу Абдуллоҳ ал-Ҳумайдий, Ҳофиз ибн Асокир, Ҳофиз Абул Ҳажжож ал-Миззий, Ҳофиз Заҳабий, Имодуддин ибн Касир ва бошқа бир неча уламолар”.

Имом Заҳабий “Сияр аълам ан-нубала” асарида шундай дейдилар: “Таҳовий имом, аллома, ҳофизи кабир, Миср диёри муҳаддиси ва фақиҳи… Кимки бу кишининг ёзган асарларига назар солса, у кишининг илм-маърифатдаги даражасини юқорилигини тушунади”.

Ибн Касир “Ал-Бидоя” асарида: “У ҳанафий фақиҳ, кўп фойдалар жамланган асарлар соҳиби, сиқа, собит, билимдон ҳофиз инсонларнинг бири”, деган.

ТИИ Модуль таълим шакли

талабаси Отаев Мужибали

[1] “Азд” Қаҳтония (Жанубий) арабларининг катта қабилаларидан бири бўлган.

[2] Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Ал-ҳовий фи сийрати ал-имам Абу Жаъфар ат-Таҳовий. – Қоҳира. 1368 ҳ. – С. 2.

[3]Ибн ал-Ҳанаий Алауддин Али ибн Амруллоҳ ал-Ҳумайдий.Табақоту-л-ҳанафия. Доктор Муҳи Ҳилол ас-Сарҳан таҳқиқ қилган.Девону-л-вақфБағдод 1426/2005. Иккинчи китоб. – С. 25-27.

[4] Миср республикаси, Малави вилояти. Нил дарёси ғарбидаги жой номи.

[5] Шуайб Арнаут. Мушкилул-осор. – Байрут: Муассасат  ар-Рисала, 1994. – С.35.

[6] Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Ал-ҳовий фи сийрати ал-имам Абу Жаъфар ат-Таҳовий. – Қоҳира. 1368 ҳ. – С. 28.

[7]Шайх Абдулазиз Мансур. Ақоид матнлари. –Тошкент: Тошкент ислом университетинашриёт-матбаа бирлашмаси, 2006. – Б. 15.

[8]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Талхиси шарҳи ал-Ақидатут Таҳовиятаржимаси. –Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2006.– Б. 3.

[9]230 – ҳижрий санада вафот етган.

[10]Таҳовий. Ахкам ал-Қуран ал-Карим. – Истанбул:1990. – С.13

[11]Аҳмад Саъид Ҳавва. Ал-мадхал ила мазҳаб ал-имам Абу Ҳанифа ан-Нуъман. – Жидда: Дар ал-Андалус ал-хазро, 2002. – С. 407.

[12]Муҳаммад Заҳабий. Тазкира ал-ҳуффаз.  – Байрут: Дар ал-кутуб ал-илмия, 2007. – С. 21.

[13] Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Ал-ҳовий фи сийрати ал-имам Абу Жаъфар ат-Таҳовий. – Қоҳира. 1368 ҳ. – С. 8.

308580cookie-checkИмом Абу Жаъфар Таҳовий ҳаёти ва илмий фаолияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: