islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исломда закот

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Закот” сўзи луғатда “поклик” ва “ўсиш” маъноларини билдиради.

Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга ҳақдорларнинг моли ҳам аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. Қачон закотини берса покланади, бўлмаса, йўқ. Закоти берилган молга барака киради, у шунинг­дек, кўпайиб ўсади. Шунда ўсиш маъносини ўзида акс эттирган бўлади.

Шаръиатда: “Закот махсус молдан, махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилинганидек мулк қилиб беришдир”.[1]

Энди ушбу умумий таърифдаги истилоҳлар билан танишиб олайлик;

“Махсус мол” дейилгани “нисобга етган мол”ни билдиради.

“Махсус жузни” дейилгани ўша берилаётган мол берувчининг мулкидан ажраб чиқиши кераклигидир. Мисол учун, бир кишига “ушбу уйда бир йил ўтириб туришинг сенга закот”, деб бўлмайди.

“Махсус шахс” закот олишга ҳақли шахс дегани.

“Аллоҳнинг розилиги учун” дегани ибодат нияти билан закот берилиши кераклигидир.

“Шариат тайин қилган” дегани закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши керак. Озгина садақа бериб, шу закот, деб бўлмайди.

“Мулк қилиб бериш” дейилгани ўша берилаётган мол олувчига мулк бўлмагунича закот бўлмайди деганидир.[2]

Закот Мадинаи мунавварада иккинчи ҳижрий санада Рамазондан олдин фарз қилинган. Бошқа ривоятда: “Закот фитр садақаси ва рамазон рўзаси фарз бўлгандан кейин ҳижратнинг иккинчи йили, шаввол ойида Мадинада фарз қилинган”, дейилган[3].

Қуръони каримда  “закот” сўзи 30 мартадан ортиқ келган бўлса, шундан 27 тасида намоз билан бирга зикр қилинган[4].

Закот, садақа ва эҳсон тўғрисидаги оятларни жамласак, қуйидаги рўйхат келиб чиқади. Уни тушунишимиз осон бўлиши учун жадвал  кўринишида келтириб ўтамиз:

Сура сони Сура ўрни Суралар номи Оятлар
1 2 Бақара 3, 43, 83, 177, 195, 215, 219, 245, 254, 261, 262, 264, 265, 267, 270, 271, 272, 274, 276, 277.
2 3 Оли имрон 17, 92, 134, 180.
3 4 Нисо 37, 39, 77, 162.
4 5 Моида 12, 55.
5 6 Aнъом 141.
6 7 Aъроф 156.
7 8 Aнфол 3, 60.
8 9 Тавба 5, 11, 18, 34, 35, 54, 60, 67, 71, 99, 103, 104, 121.
9 13 Роъд 22
10 14 Иброҳим 31
11 19 Maрям 31, 55
12 21 Aнбиё 73.
13 22 Ҳаж 35, 41, 78.
14 23 Mўъминун 4.
15 24 Нур 37, 56.
16 27 Намл 3.
17 28 Қасос 54.
18 30 Рум 39.
19 31 Луқмон 4.
20 32 Сажда 16.
21 33 Aҳзоб 33, 35.
22 34 Сабаъ 39.
23 35 Фотир 29.
24 41 Фуссилат 7
25 42 Шуроъ 38.
26 47 Mуҳаммад 38.
27 51 Зарият 19.
28 57 Ҳадид 7, 10, 11, 18, 24.
29 58 Мужодала 13.
30 63 Mунофиқун 10.
31 64 Тағобун 16, 17.
32 70 Maориж 24, 25.
33 73 Mуззаммил 20.
34 74 Mуддассир 44.
35 92 Лайл 5-10, 17-21.
36 98 Баййина 5.
37 107 Маъун 7.

Закот берадиган инсонда бўладиган шартлар. Улар қуйдагилардир:

  1. Мусулмон бўлиши. Мусулмон бўлмаган одамга закот фарз бўлмайди. Мусулмон одамдан закот олинмаслиги закот исломий ибодат бўлганлигидандир. Худди намоз ўқиш ва рўза тутиш мусулмон бўлмаган одамдан талаб қилинмаганидек, ундан закот бериш ҳам талаб қилинмайди.
  2. Балоғотга етган бўлиши.
  3. Оқил бўлиши. Уламолар бу икки шартни “Мукаллаф бўлиш” деб бирлаштирганлар. “Мукаллаф” деганда шариат ҳукумлари унга нисбатан таклиф қилинган, яъни қилиши фарз бўлган шахс тушунилади. Бу ерда асосан балоғатга етганлик ва оқиллик кўзда тутилган. Шунинг учун балоғотга етмаган ақилдан озганларга закот фарз бўлмайди. [5]
  4. Ҳур бўлиши. Яъни қул, мукотоб (озод бўлиш учун тўлов тўлашга хожаси билан шартнома тузган қул), мудаббар (хожаси “мен ўлгандан кейин озодсан” деган қул) ва умму валадларга (хожасидан бола кўрган чўрилар) моли бўлса ҳам, закот фарз бўлмайди, чунки уларнинг ўзи бировнинг мулкидир. Шунинг учун уларнинг мулкка эгалиги тўлиқ эмас.[6]

ТИИ 4-курс талабаси Аминжонов Асадулложон

[1] Кувайт вақф ва Исломий ишлар вазирлиги.  Фиқҳ энциклопедияси, Тибоъату зотус салосил.Доктор. 1992.  –Б.229.

[2] Кувайт вақф ва Исломий ишлар вазирлиги.  Фиқҳ энциклопедияси, Тибоъату зотус салосил. Доктор, 1992. –Б.230.

[3] Кувайт вақф ва Исломий ишлар вазирлиги.  Фиқҳ энциклопедияси, Тибоъату зотус салосил. 1992.  –Б. 233.

[4] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.  Ҳадис ва Ҳаёт. –Т.:Ҳилол-Нашр, 2005. 8-жуз, –Б.6.

[5] Абдуллоҳ ибн Маҳмуд ал-Мусилий ал-ҳанафий. Ал-ихтиёр ли таълилил Мухтор. –Байрут: Дорул Арқам, 2009.  –Б.330.

[6] Абдулҳай Лакнавий. Шарҳу Бидаятил Мубтадий. –Покистон: Идоратул Қуъран ва Улумил Исламийя, 1419 ҳиж. –Б.165.

308590cookie-checkИсломда закот
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: