Улуғ ватан уруши (1941-1945) даврида динга муносабат бироз юмшади, бу пайтда 1943-йилда Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил қилинди. Унинг таъсис этилганлиги ҳақида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари вакилларининг қурултойида (Тошкент, 20-23.10.1943.) эълон қилинди. Биринчи қурултойда «Минтақа (Ўрта Осиё) беш иттифоқчи республикаларининг муфтийси» этиб бир овоздан Эшонхон Бобохон, унинг ўринбосари этиб Муродхўжа Солиҳий (Солиҳов), масъул котиб этиб эса – З.Бобохонов сайландилар. Қуйидаги тизимларнинг ташкил этилгани эълон қилинди: ўн бир кишидан иборат бошқарув (Ҳайъат), беш кишидан иборат тафтиш ҳайъати. Республикаларда қозиятлар тузилди. Уларнинг раислари (қозилар) этиб юқорида қайд этилган делегациялар бошлиқлари (Ўзбекистонда З.Бобохонов) тайинландилар. Бир пайтнинг ўзида хизматчилар штатлари ва идора ички бўлимлари (фатволар бўлими, масжидлар бўлими ва б.) аниқланди. Кейинроқ идора қошида Мири араб мадрасаси (1945) ва Олий ислом институти (1971) таъсис этилди. Чиқарилаётган фатволар мавжуд қонунлар ва СССР Конститутциясига зид бўлмаслиги учун юридик масалалар бўйича маслаҳатчи штати киритилди.
1947 йилда Идора қошида «Совет шарқи мусулмонлари» журнали таъсис этилди. У фақат 1968 йилдан бошлаб мунтазам чоп этила бошлади. Унда Идоранинг фатволари ва қарорлари (қисқартирилган ҳолда), ҳукуматнинг диний сиёсатга оид қарорларига шарҳлар, имомлар мақолалари, диндорлар саволларига жавоблар ва ҳоказолар бериб борилган.
Бюджет мусулмонларнинг хайриялари ва масжидлардан йиғилган хайр эҳсонлардан иборат бўлган. Даромаднинг энг катта қисмини ўша пайтда ЎОМДИ иҳтиёрида бўлган катта зиёратгоҳлар (Баҳовуддин Нақшбанд, Қусам ибн Аббос ва б.)дан йиғилган садақалар ташкил этган. Мазкур даромадни ўзига хос шаръийлаштириш мақсадида ҳанафийлик (суфийлик) нуқтаи назаридан асослаб, авлиё даражасига етган шахсларни зиёрат қилиш тўғрисидаги фатво чиқарилди (1953). Бироқ 1957 йил ёзга келиб Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Диний ишлар қўмитаси зиёрат анъаналарининг оммавий тусга киришини «дин пайдо бўлишининг хавфли белгилари» ва «диндоларнинг норасмий тўпланиши» деб баҳолаб, барча зиёрат объектларини ёпиш ҳақида расмий қарор чиқарилишига эришди.
Фатволар чиқариш йўли билан қуйидаги урф-одат ва маросимлар ношаръий деб эълон қилинди: жаноза пайтида йиғловчиларнинг марсияхонлик қилишлари; мархумнинг гуноҳларини сотиб олиш (фидя; маҳал.-давра) ва ундан сўнг қуръон ўқиб ўткизиладиган худойилар,мархум вафотининг 3,7,20 ва 40-кунларирини ва йиллигини дастурхон ёзиб нишонлашлар; никоҳ тўйларида қалин тўлаш, бешик тўйлари, хатна тўйлари. Фатволарда маҳаллий «авлиёлар» қабрларини зиёрат қилиш, хусусан, зиёратчиларнинг қабрлар олдида дуо ўқишлари, мозорларга туғлар ўрнатиш ва шам ёқиш, «авлиё» руҳидан мадад тилаш, йиғлаш, касалларни тузатиш учун дам солиш ва бошқалар шариатга зид деб эълон қилинди (1950,1952, 1957, 1959, 1960-1966 йй.). Шунингдек, рамазон вақтида ёки қабрлар олдида (руҳнинг тинчланиши учун) Қуръоннинг баъзи қисмларини ёки тўлиғича ўқиш (хатми Қуръон) эвазига пул олиш ҳам ношаръий деб эълон қилинди.
Бундай қарорларни асослаш учун диний идора қошида З.Бобохонов ташаббуси ва раҳбарлигида уламолар кенгаши ташкил этилди. ««Эшонлик» ва «муридлик»нинг ислом таълимотига зидлиги тўғрисида»ги фатво қайта-қайта (1957-1962 ва бошқа йилларда) чиқарилди, чоп этилди ва масжидларга тарқатилди. Уларда Қуръон, ҳадис ва салафия муаллифлари (энг аввало Ибн Таймия) асарларига таяниб З.Бобохонов тасаввуф ва унинг «эшонлик ва муридлик» шаклидаги кўриниши, каромат, сўфийлик ташкилий тизимлари (зовия, ҳонақо, такия), маҳаллий машҳур сўфийлар қабрларини зиёрат қилиш ва бошқаларнинг ношаръий эканлигини асослашга уринади. Қизиғи шундаки, З.Бобохонов ва унинг маслакдошлари чиқарилаётган қарорларни диний жиҳатдан асослашда асосан Қуръон ва ҳадисларга, баъзан ҳанафия мазҳаби фатво тўпламлари: «ал-Мабсуд» (Муҳаммад аш-Шайбоний), «ал-Ҳидоя»нинг шарҳлари, «Фатово ал-Байдовия» ва бошқаларга суянганлар. Шу билан бир қаторда бир қанча диний ҳукмларни (масалан, ажралиш (талоқ), таҳорат пайтидаги баъзи амаллар, «авлиёлар» қабрларини зиёрат этишнинг мумкин эмаслиги ва бошқа масалаларни) асослашда фатволар муаллифлари бошқа мазҳабларнинг ўрта асрлардаги ва ҳозирги муаллифлари асарлари: Аҳмад ибн Ҳанбал (780-855)нинг «ал-Муснад», Абу Бакр Жобир ал-Жазоирийнинг “Китоб Минҳож ал-муслим” ва юқорида қайд этилганидек, Ибн Таймия ва бошқалар асарларига тез-тез мурожаат этганлар. Юқоридаги урф-одатларни ман этиш кўпинча исломнинг ватани бўлмиш ҳозирги Саудия Арабистонида уларнинг мавжуд эмаслиги билан боғлаб тушунтирилар эди.Шунингдек, масжидлар имом-хатибларига қаратилган (кўп ҳолларда З.Бобохонов томонидан имзоланган) мактублар ҳам мана шундай руҳда тузилган бўлиб, улардан мусулмон байрамларини ўтказишда «шариатга хилоф иш тутиш» муносабати билан қўшимча фатво ва кўрсатмалар ўрин олган. Улар Мавлуд, ‘Ийд (маҳал. – ҳайит) каби байрамларни уйларда (хусусан отинойилар йиғинларида) нишонлаш, норасмий масжидларда маҳаллий анъанавий диний матнлар: Биби Мушкилкушод, Биби Сешанба, Хатми ёздаҳум, Рисолайи нур (пайғамбарнинг афсонафий ҳаёти қиссаси) кабиларни ўқишни ман этадиган мактублар эди.
Бундан ташқари, Диний идора қошида махсус комиссиялар ташкил этилган бўлиб (1958, 1960, 1961, 1982-1984), булар кўп сонли диндорлар йиғиладиган энг эътиборли зиёратгоҳларга бориб турган. 1960 йил декабрида Хожа Юсуф мозори (Хоразмнинг Шовот тумани) ва 1962 йил майида Ўшдаги Тахти Сулаймон зиёратгоҳига уюштирилган сафарлар натижасида комиссиялар «исломда авлиёларга сиғиниш мумкин эмас», зиёрат эса, ширкнинг энг ёмон кўринишидир, деган диний хулосага келганлар.
Юқорида зикр этилган барча фатволар ва қарорлар (жузъий ўзгартишлар билан) қайта тузилиб барча масжидларга тарқатилди ҳамда 1983-1984 йилларда Идоранинг ойлик нашрида эълон қилинди ва то 1989 йилгача босиб борилди. Бу КПСС МҚнинг «Мусулмон руҳонийларининг реакцион қисмини мафкуравий изоляциялаш ҳақида”ги Қарорига (1983, март) бевосита жавоб эди. Ш.Бобохонов томонидан имзоланган қуйидаги фатволар кўпроқ танилди:1. «Янги пайдо бўлган норасмий китоб сотувчилар ишларининг ножоизлиги ва зарарлилиги ҳақида». Унда яширин йўл (нусха кўчириш) билан кўпайтирилган қуйидаги уч гуруҳ китобларни ўқиш ва тарқатиш «ношаръий иш» деб баҳоланди. Биринчи гуруҳ китоблар ¬– маҳаллий «норасмий» уламолар томонидан ёзилган “Ислом дини нима?”(муаллифи янги авлод (Мужаддидийа) илоҳиётчиси Раҳматулло Аллома), “Шароити имом” (муаллифи номаълум) номли ва бошқа китоблар. Иккинчи гуруҳ – қадимги тошбосма китоблар – Биби Сешанба, Биби Мушкилкушод, Саломнома, Мавлуди Наби, Нурнома, Жангномайи ҳазрати Али ва бошқалар каби турли йиғин ва байрамларда (асосан мулла ва отин ойилар томонидан) ўқиладиган китобларнинг нусхалари. Учинчи гуруҳ – турли касб кишилари орасида қайтадан машҳур бўлган касбкорликка бағишланган рисолалар: Рисолайи дурадгор, Рисолайи сартарошлик, Рисолайи темирчилик, Рисолайи мисгарон ва бошқалар. 2. «Исломда «муқаддас» мозорлар зиёратининг ножоизлиги ҳақида». Ушбу фатвода фақатгина қариндошлар ва яқин танишлар қабрларини ҳанафий мазҳабига мос дуолар билан зиёрат қилиш мумкинлиги эътироф этилган. «Авлиёлар» қабрларига сиғиниш, мақбараларни қўриқловчи шайхларга ҳадялар бериш ҳаром деб эълон қилинган. Самарқанд ва Сурхондарёдаги ношаръий зиёрат объектлари алоҳида кўрсатиб ўтилган. 3. «Исломда сохта табиблик, фолбинлик, башоратчилик ва туморларнинг ножоизлиги ҳақида». Мазкур фатвода барча ноанъанавий даволаш турлари, Қуръон ва турли дуолар ўқиб дам солиш, кўз тегишидан сақлаш кабилар ножоиз деб эълон қилинган. Унда ҳозирги шароитда ягона даволаш йўли тиббиёт бўлиши кераклиги таъкидланади. Шунингдек, турли анъанавий фол очиш, тумор тақиб юриш, уларни уйларга, машиналарга осиб қўйиш исломга зид деб баҳоланади.
Бироқ, исломнинг маҳаллий шаклининг ўзига хос жиҳати шундаки, унда урф-одатлар турли кўринишларда доимо сақланиб қолган, исломгача бўлган маҳаллий ҳуқуқий меъёрларга маҳаллий ва олий қозилар (ҳакам, қоди ал-қудот) тез-тез мурожаат қилганлар. Айнан мана шундай тизим, бошқа қатор омиллар билан биргаликда, исломнинг ҳар қандай (ҳатто энг ноқулай) сиёсий шароит ва миллий-маданий муҳитга ҳам мослаша олиш хусусиятини белгилаган.
ТИИ 4-курс талабаси
Азизов Мирзабобур