islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ахлоқ қуролисиз майдонга кирган, албатта мағлуб бўлади”

Олим  Абдурауф Фитрат ҳақида нималарни биласиз? XX аср бошларидаги жадидчилик ҳаракатининг кўзга кўринган сиймоларидан бири Абдурауф Абдураҳим ўғли  Фитрат(1886-1938). Фитрат унинг таҳаллуси бўлган. Абдурауф Фитрат ёзувчи, тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, санъатшунос ва сиёсатшунос олим, давлат ва жамоат арбоби ҳамда биринчи ўзбек профессори(1926 йил) бўлган. У Туркистон ўлкасида яшаган халқларнинг фаровон ҳаёт кечириши, ҳур ва озод келажаги учун қаҳрамона курашган ва ўз қарашларини асарларида баён эта олган ўзбек халқининг фидойи фарзандларидан бўлган.

Абдурауф Фитрат ўзининг асарларида оила маънавияти, бола тарбияси ва унинг камолати масалаларига катта ўрин ажратади.

Абдурауф Фитратнинг “Раҳбари нажот” асари ҳам том маънода таълим-тарбия масалаларига бағишланади. Асар оила, бола тарбияси ва ахлоқ-одоб мавзуларига бағишланган бўлиб, бу масалалар ҳозирги кунда ҳам долзарблиги билан аҳамиятлидир.

Олим Абдурауф Фитрат оила вазифаларидан бири авлодни тарбиялаш, ёш авлодни тарбиялаш ҳаётий вазифалардан бири деб таъкидлайди. Олимнинг фикрича, “дунё курашнинг умумий майдонига ўхшайди ва бу майдоннинг паҳлавонлари инсонлардир. Ҳар бир киши баркамоллик ёшига етгач, у ўз саодати ташвиши учун шу майдонда курашмасдан иложи йўқдир. Бу курашда ғолиб чиқиш учун уч хил ўлчов қуролига эга бўлиши керак:

  • 1. саломатлик;
  • 2. соғлом фикр( нуқсонсиз фикр, яъни юқори истеъдод);
  • 3. ахлоқи сано( олий даражали ахлоқ, яъни ахлоқи поклик).

Тарбиянинг бу учта жиҳатини ўз асарида алоҳида сарлавҳалар орқали ёритиб беради.

Абдурауф Фитрат “Ҳар бир киши шу уч қуролдан бирисиз майдонга кирса, албатта мағлуб бўлиши табиийдир”, деб айтиб шу билан уч тарбияни доимо қўшиб олиб бориш кераклигини, агар бу тарбияларнинг бирортаси кам бўлса, етук инсон тарбиялаб бўлмаслигини кўрсатмоқчи бўлади.” Агар ҳар бир ота ўз фарзандининг бадбахт бўлишини хохламаса, уни бу майдоннинг ғолиби қилиб тайёрлаши керак. Фарзандингизни жисмоний, ақлий, руҳий томондан баркамоликка етказинг ва жамиятнинг қобил аъзосига айланиши учун ғамхўрлик қилинг” деб таъкидлайди.

Олим Абдурауф Фитрат бола тарбияси фақат оиладагина олиб борилмасдан, бу иш билан кенг жамоатчилик, давлат ҳам шуғулланиши кераклигини,чунки давлатнинг келажаги мана шу ёшлар қўлида бўлишини таъкидлаб ўтади.

Абдурауф Фитрат жисмоний тарбияга кишининг саломат ва бақувват бўлиб тарбияланишига алоҳида аҳамият беради: ”Бадан тарбиясига қадим замонлардан бошлаб катта эътибор берилган. Инсоннинг бутун аъзоси саломат ва қувватга эга бўлмаса, унда инсон узоқ яшамайди. Агар инсоннинг танасидаги аъзоларидан бирига зиён тегса, у киши ишдан қўлини тортиб, бошқаларнинг муҳтожига айланади. Бизнинг фарзандларимиз илм олиш билан бирга, уларнинг бадан тарбиясига аҳамият бериши лозимдир”.

Олим фарзанд туғилмасдан аввал она қориндалигидаёқ тарбияни бошлашни уқтиради. Шу билан бирга болаларнинг соғлом, жисмонан етук бўлишлари учун тозаликнинг катта  аҳамиятини тушунтирди. Назофат(тозалик) ва покизалик ҳам болалар тарбиясида катта аҳамиятга эга. Тозалик ва поклик катталар учун қанчалик керак бўлса, кичик болаларга улардан кўра ўн баробар зарурлигини таъкидлайди.

Олим Абдурауф Фитрат ўқувчи шахсини ҳурмат қилиш зарурлигини, унга нисбатан инсоний муносабатда бўлиш, қилган гуноҳларини ўзига тўғри, яхши сўз билан тушунтириш кераклигини, шу билан бирга у (ўқувчи) ҳам ўқитувчини ҳурмат қилишини таъкидлайди. “Агар болаларга уларнинг камчилик ва қилган гуноҳларини яхши сўз билан тушунтирсак, уларни яхши одатларга йўналтирсак, сизга нисбатан уларнинг ҳурмати ошади, қабиҳ ишларни қилишдан узоқлашади ва ҳақиқий ҳурматли инсон бўлиб етишади” деб алоҳида таъкидлайди.

Абдурауф Фитрат инсон камолатга эришиш учун интилиши, ҳааракат қилиши лозимлиги, доимо ўз олдига мақсадлар қўйиши ва унга етишиши учун курашиш кераклигини, ҳеч бир бахт ёки бойлик ҳам инсон интилмаса ўз-ўзидан келмаслигини уқтиради.

Олим Абдурауф Фитрат кишининг ҳар томонлама баркамол инсон бўлиб етишишида аҳлоқий тарбиянинг ўрни жуда катта эканлигини ҳар бир асарида ва тадқиқот ишларида такрор- такрор уқтиради. Олим ўзининг “Раҳбари нажот“ асарида аҳлоқий тарбиянинг вазифаси “инсонни аҳлоқий баркамоликка етказиш ва уни жамиятга фойдали инсон қилиб тарбиялашдан иборатдир. Бу мақсадни амалга ошириш учун аввало болаларни жисмоний ва фикрий тарбияга даъват қилинг, кейин аҳлоқий қувватларни муҳокама орқали тушунтиринг, уларни яхши ишларга одат қилдириринг, ёмон ишлардан нафратлантиринг” дейди.

Абдурауф Фитрат аҳлоқий тарбияни болалар энг аввало ўзи яшаётган атроф-муҳит ва кўчадаги болалардан олишларини таъкидлаб ўтди.

Ахлоқий тарбиянинг энг асосий шарти шундан иборатки, болалар кўпроқ яхши ва ёмон аҳволни ўз уйларидан, кўчадаги дўстларидан, мактабдаги ўқувчилардан қабул қиладилар деб уқтиради. Бола биринчи тарбияни ўзининг онасидан олади. Шунинг учун оналарни ўзлари ҳам ҳар томонлама тарбияланган бўлишлари керак деб ҳисоблайди.

Хулоса қилиб айтганда, Абдурауф Фитрат асарида оила ва ёшлар камолати масалаларига алоҳида эътибор берган бўлиб, у маънавий меросни ўрганиш ва амалда қўллаш ҳозирги кунда ёш авлоднинг тарбияси ва унинг етук инсон бўлиб камол топишида муҳим аҳамиятга эгадир.

ТИИ Тиллар кафедраси

катта ўқитувчиси Ерназаров Фахриддин

327390cookie-check“Ахлоқ қуролисиз майдонга кирган, албатта мағлуб бўлади”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: