Қуръоний ижоза:
У Қуръони каримни авлоддан авлодга оғизма оғиз етказиш амалиётидир. Бунда ижоза берувчи ижоза олувчининг бир ривоят ёки ижоза бераётган бир нечта ривоятларда тиловати юзга юз (100%) тўғри эканлигига гувоҳликка ўтиб, Қуръони каримни ўқиши ва бошқаларга ўқитишига изн беради.
Ижозанинг шаръий асосга эгалиги:
وَإِنَّكَ لَتُلَقَّى الْقُرْآَنَ مِنْ لَدُنْ حَكِيمٍ عَلِيمٍ |
(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сизга (бу) Қуръон ҳаким ва доно зот даргоҳидан берилур[1].
Бу оятдаги “талаққий” сўзи икки зотнинг бири биридан олишини ифодалайдиган сўздир. Жаброил а.с. Аллоҳ таолодан талаққий қилган, Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. Жаброил а.с.дан талаққий қилган ва у зотдан саҳоба р.а.лар талаққий қилишган.
Имом Бухорий Саҳиҳларининг “Қуръон фазилатлари” бобида Масруқдан ривоят қиладилар: Абдуллоҳ ибн Амр Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а.ни зикр қилиб “Мен уни яхши кўраман. Набий с.а.в.нинг “Қуръонни тўрт кишидан олинг – Абдуллоҳ ибн Масъуд, Солим, Муоз ва Убай ибн Каъб” деганларини эшитганман, деган.
Ушбу ҳадис бир нечта ишга далолат қилади. Улардан:
- Қуръон қироати пухта, муқриларнинг оғзидан талаққий қилинади. Юқорида ўтган ижозанинг маъноси мана шудир.
- Улардан ўрганиш, талаққий қилиш учун Қуръон аҳлининг энг моҳирларини танлашнинг машруълиги. Зеро, Қуръон дуч келган ҳар кимдан ҳам олинавермайди.
- Пухта, моҳир қориларни алоҳида яхши кўриш. Чунки, улар Аллоҳ таолонинг китобини ёдлаган, уни пухталашда, ўқишда, таълим беришдаги омонатдорлигида улуғ, мукаррам фаришталар кабидирлар.
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси
мудири Жаҳонгир қори Неъматов
[1] Намл:6