Мавзуъ арабча (الموضوع) сўз бўлиб, луғатда – қўйилган, тўқилган, даражаси паст бўлган маъноларини англатади.
Истелоҳда эса, тўқилган ёлғон бўлиб, сунъий равишда келтирилган ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилган хабардир. Бундай нарсанинг “мавзуъ” деб номланишининг сабаби шуки, ким шу ишни қилса, мартабаси албатта пасаяди.
Мавзуъ ҳадисни билиш йўллари қуйидагилар:
Исноддаги белгилар:
Ривоятчининг иқрори. Бунда ривоятчи ёлғон ҳадисни тўқиб, тўқиганлигини иқрор бўлиб айтади.
Ривоятчининг иқрор бўлишига мажбур қилган бази сабаблар. Бунда ҳадисни ривоят қилаётган шахс умрида учрашмаган шайхдан, ҳаётида бирор марта бормаган шаҳардаги шайхдан, шунингдек, ривоятчи ўзининг вафотидан кейин тўғилган шайхдан ривоят қилса, бу сабаблар ривоятчининг ёлғон ҳадис тўқиганлигига иқрор бўлишига мажбур қилади.
Ривоятчидаги белгилар. Бунда ривоятчи одамлар орасида шиа, мўътазила, хорижийа ёки бошқа фирқа вакили сифатида тан олинган бўлса.
Матндаги белгилар:
Қуръон ва суннатга зидлиги: Масалан, “Зинодан туғилган боланинг ўзи ҳам, етти пушти ҳам жаннатга кирмайди” мавзуъ ҳадиси Қуръони каримнинг “(Ҳеч бир) кўтарувчи (гуноҳкор) ўзга (жон)нинг юки (гуноҳи)ни кўтармайди” оятига зид келмоқда. Суннатга зид келиши, “Қавмга чиройли юзли киши имомлик қилади”. Маълумки, инсонларга имомлик қилиш чирой билан белгиланмайди.
Лафз ва ифодада нуқсон. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам фасоҳатларига ва гапириш услубларига тўғри келмаслиги.
Ҳадиснинг маъносидаги хатолар. Бунда ҳадислар ақлга, тажриба ва умумий қоидалартга зид келади.
Шунингдек, Аллоҳнинг сифатларига, тарихий воқеъликка ҳамда тиббиёт фанидга зид келувчи ҳадислар ҳам мавзуъ ҳисобланади. Бундан ташқари бир ирқни, мазҳабни, мазҳаб имомларини, адашган фирқаларни мадҳ этувчи ва саҳобаларни камситувчи ҳадислар ҳам мавзуъ ҳисобланади.
Ислом душманлари ҳам кўпинча ислом динини инсон ҳаёти учун салоҳиятсиз эканлигини исботлаш мақсадида мавзуъ ҳадислардан макр, ҳийла йўли билан фойдаландилар. Шу сабабдан, мавзуъ ҳадисларнинг катта қисмини ўз ичига жамлаган китоб зарур эканлигини билинади.
Шундан сўнг уламолар соф шариатни, суннати мутоҳҳарани юзага чиқарадиган, ҳадисларни нуқсон ва зиёдаликдан сақлайдиган буюк ишга бел боғладилар. Натижада, саҳиҳ ҳадислардан ёлғон, тўқималари ажратила бошланди. Саҳиҳ ҳадислар ичидан мавзуъсини ажратиб олиш осон иш эмас, албатта. Абдуллоҳ ибн Муборак разияллоҳу анҳуга мавзуъ ҳадисларни ким ажратиб беради, дейилганда у зот: “Ўз ҳаётини ҳадис илмига бағишлаган олимларгина”, деб жавоб берган екан.
Бундан кўринадики, бундай ишга фақат ҳадис илмида етук бўлган зотларгина қўл ўрганлар.
Кўпчилик олимлар фикрича, қайси соҳага оид бўлсин, яъни, ҳукмга оид, қиссалар тарғиб, таҳдидга оид бўлсин, мавзуъ ҳадисни унинг мавзуълигини билган ҳолда ривоят қилиш ҳаромдир. Аммо, унинг мавзуълигини очиқ айтиб ўтиш билангина жоиздир. Бунга далил ўлароқ Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадисни келтирилади:
“Ким мендан ёлғони кўриниб турган ҳадисни ривоят қилса, икки ёлғончининг биридир”.
Бу ҳадис мавзуъ ривоят қилувчига етарли раддия бўла олади, бироқ мавзуъ эканлигини келтириб ўтса жоиз дейишган.
Мазкур маълумотдан кўриниб турибдики, саҳобалар разияллоҳу анҳу ҳадисга нисбатан жуда жиддий муносабатда бўлганлар. Аммо, саҳобалардан кейинги даврларда пайғамбаримиз ҳадисларига бўлган муносабатлар турлича бўлди. Мусулмонлар кенг оммаси ҳадисларни ёдлаш, уни англаб етишдан ожиз бўлдилар, ҳадисларнинг асл матнлари ва иснодларидан воқиф бўлувчилар камайди, энг ачинарлиси, ҳадислар шаънини топтагувчилар ҳам вужудга кела бошлади. Буларнинг натижаси ўлароқ, турли ботил оқим ва мазҳаблар, нотўғри ақидаларнинг вужудга келганини кўриш мумкин.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев