Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан бутун мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси татбиқ этилди.
Хабарингиз бор, ўтган 2021 йилнинг 2 ноябрида ўтказилган видеоселекторда давлат раҳбари Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ”Яшил макон” экологик лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатини экиш ва шу орқали мамлакатимиз яшил майдонларини амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган.
2022 йил куз мавсумида бошланган “Яшил макон” лойиҳаси ва “Долзарб 40 кунлик” тадбирида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ташкилотлар ва диний соҳа ходимлари фаол иштирок этмоқдалар. Диний соҳа вакилларининг ”Яшил макон” лойиҳасида иштирок этишларини таъминлаш юзасидан ЎМИ томонидан манзарали, мевали ва гул кўчатларини экиш режаси, йўриқнома ва медиа режа ишлаб чиқилган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Тошкент ислом институти ректори У.Ғафуров бошчилигида проректорлар, кафедра мудирлари, бўлим бошлиқлари, бир гуруҳ ўқитувчи ва ходимлар институт асосий биноси ҳамда Таҳфизул Қуръон кафедраси атрофига иқлимга тез мослашадиган, кислород кўп ишлаб чиқарадиган игна баргли ва мевали дарахтлар ҳамда гуллар экдилар.
Мамлакатни обод этишга қаратилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, шунингдек Тошкент ислом институтининг 51 йиллик юбилейи муносабати билан “Институт 51 йиллигига 51 кўчат” акцияси ўтказилди.
38 дона хризантема гули тувакларга ўтқазилди ва институт ҳовлисига жойлаштирилди. 3 дона кўк арча “Номозгоҳ” биносининг олд қисмига, 10 дона гилос кўчати Таҳфизул Қуръон кафедраси томорқасига экилди.
Ҳашарга ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқотлар бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов ҳам қўшилиб, институт ҳовлисига кўчат экди.
Экилажак кўчатлар институт ҳудудини “Яшил макон”га айлантириш билан бирга ёшларни, талабаларни табиатга меҳр қўйишга ундаш, шунингдек, динимизда айтилганидек хушманзара боғ-роғлар барпо этиб атроф-муҳитни обод қилишдир.
Анас ибн Молик розияаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Муслим ривояти).
Бу ҳадис кўчат экишнинг фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Қуръони Каримнинг 187 та оятида ўсимликлар оламининг 30 тури санаб ўтилган. Тиббиёт илмининг тарихий ва замонавий тадқиқотлари натижасида юқоридаги ўсимликларнинг 26 тури инсон организми учун фойдали бўлган ўсимликлар сирасига киради.
“Ўт-ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар” (Раҳмон, 6).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Мадинада ажва хурмосини экканликлари манбаларда келтирилган.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтдилар: “Набий алайҳиссалом амакилари Аббосга фарзандларини кўчат экишга буюришларини, албатта кўчат экиш фақирликни кетказишини амр этдилар”.
Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Нуҳ алайҳиссалом ҳам катта тўфондан кейин кемадан ер юзига тушганларида, илк қилган ишлари ер юзига кўчат экиш бўлган. Тўфондан кейин ер юзида кўп дарахтлар, ўсимликлар нобуд бўлган, Нуҳ алайҳиссалом ишни ерни обод қилишдан бошлаганлар.
Кўчат экиш, мавжуд дарахтларни асраб авайлаш ҳар бир фуқаронинг инсоний вазифаси бўлиб, эвазига улкан савобларга эришади, бунинг натижасида шаҳар ва қишлоқлар обод, аҳоли эса хушманзара ва тоза ҳаводан баҳраманд бўладилар.
ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси
катта ўқитувчиси Т.Азимов