islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Намозда “Фотиҳа” сурасидан сўнг “Омин”ни айтишнинг ҳукми

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.

Ислом уламолари намозда “Фотиҳа” сурасидан сўнг “Омин” ни айтиш борасида ихтилоф қилмаганлар. Уламолар қайси мазҳабга мансуб бўлмасинлар, қайси фирқа аъзоси бўлмасинлар, “Фотиҳа”дан сўнг “Омин”ни айтиш суннат эканлигига ижмо қилганлар. “Омин”ни айтилишининг сабаби “Фотиҳа” сураси таркибидаги дуо оятлари ижобат бўлиши мақсадидадир. “Омин” айтилганида, фаришталар ҳам уни айтадилар. Натижада, уни айтувчиларнинг гуноҳлари ҳам мағфират қилинади. Жумладан, бу ҳақида қуйидаги саҳиҳ ҳадиси шариф мавжуддир:

أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِذَا قَالَ الإِمَامُ (غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ) فَقُولُوا «آمِينَ». فَإِنَّهُ مَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِه

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Қачон имом “ғойрил мағзуби аълайҳим ва лаз-золлийн” деса, сизлар “Омин” денглар. Зотан, кимнинг “Омин”и фаришталарнинг айтганига тўғри келса, ўтган гуноҳлари кечирилади”. Бу ҳадисни саҳиҳлигига имом Муслим ва имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳлар иттифоқ қилишган уломолар эса шу ҳадисни далил келтириб “Омин”ни айтиш суннат эканлигига ижмо қилишди. Имом Нававий ҳам ўзларини “Ал-Мажму” китобларида “Омин”ни намозда ҳам намоздан ташқарисида ҳам фотиҳадан кейин айтиш суннат” деганлар.

Энди “Омин” ни маъносини айтиб ўтсак. “Омин”нинг маъноси: إستجب دعائنا – “Дуойимизни ижобат айла!”, اللهم إستجب – “Эй, Аллоҳим! Ижобат қил!” ёки فليكن كذلك – “Худди шундай бўлсин!” ёхуд لا تخيب رجائنا – “Умидимизни муваффақиятсизликка учратма!” кабилардир. Шунинг учун айримлар “Омин”ни араб тилидаги “исми феъл” дейдилар. “Омин”ни бир неча хил кўринишда айтиш ривоятларда келган. Баъзи уломолар алифни чўзиб айтишган, бу машҳурдир. Баъзилар эса қисқа қилиб айтишган, мимни ташдид билан айтиш ҳақида ривоятларни келган. Агар “Омин” сўзининг “мим” ҳарфи ташдидли қилинса, “Аммин” дейилса, унда маъноси ندعوك قاصدين اليك إجابتك – “Сенга ижобатингни қасд қилган ҳолда дуо қиламиз!” дегани бўлади. Лекин ҳанафийлар ушбу хилда: “Аммин” шаклида айтишни, гарчи бундай дейиш билан намоз бузилмайди, деган қарорга келган бўлсалар-да, бироқ, мутлақо мақбул санамайдилар.

“Омин” ни ошкора ёки махфий айтишнинг ҳар иккиси ҳам шариат нуқтаи назаридан жоиз ва мақбул саналади. Уламолар фақат ушбу “Омин” ни махфий ёки ошкора айтишнинг қайси бири афзал экани борасида ихтилоф қилганлар. “Омин”ни жаҳрий айтиш афзал дейдиганлар ҳам, уни махфий айтиш афзал дейдиганлар ҳам ўзларига яраша далиллар келтирганлар.

“Омин”ни ошкора ёки пинҳона айтиш борасидаги ҳадиси шарифларни кузатадиган бўлсак, уларнинг исноддаги мадори битта саҳобага – Воил ибн Ҳужр раҳматуллоҳи алайҳга бориб тақалади. Қизиғи, икки тараф ҳам у кишининг ривоятига суянганлар. Воил ибн Ҳужр раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадиси ровийлар томонидан икки хил тарзда, зоҳиран бир-бирига қарама қарши ўлароқ ривоят қилинганлар. Шунинг учун ҳам уни саҳиҳ бўлишига қарамасдан икки буюк муҳаддис Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ва Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилмаганлар. Воил ибн Ҳужр раҳматуллоҳи алайҳнинг Суфён раҳматуллоҳи алайҳ тариқи (ривоят қилишда ровийлар йўли-силсиласи)дан келган ривояти қуйидагича. Биндор бизга ҳадис айтди, Яҳё ибн Саид ва Абдурраҳмон ибн Маҳдий бизга ҳадис айтдилар, Суфён бизга ҳадис айтди, у Салама ибн Куҳайлдан, у эса Ҳужр ибн Анбасдан, у эса Воил ибн Ҳужрдан. У бундай дедилар:

حدثنا بندار حدثنا يحيى بن سعيد و عبد الرحمن بن مهدى قالا حدثنا سفيان عن سلمة بن كهيل عن حجر بن عنبس عن وائل بن حجر قال:

سمعت النبي صلى الله عليه وسلم قرأ (غير المغضوب عليهم ولا الضالين) وقال آمين ، ومد بها صوته

 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “ғойрил мағзуби аълайҳим ва лаз-золлийн”ни қироат қилганлари ва “Омин” деганларини эшитдим. У билан овозларини чўздилар”. Ушбу ҳадисни имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ далил қилиб намозда “омин”ни жаҳрий айтиш керак дейиалади.

Воил ибн Ҳужр раҳматуллоҳи алайҳнинг Шўъба раҳматуллоҳи алайҳ тариқидан келган ривояти эса қуйидагича:

 

وروى شعبة هذا الحديث عن سلمة بن كهيل عن حجر أبى العنب عن علقمة بن وائل عن أبيه:

أن النبي صلى الله عليه وسلم قرأ (غير المغضوب عليهم ولا الضالين) فقال : آمين ، وخفض بها صوته

Шуъба Салама ибн Куҳайлдан, у Ҳужр Абу-л-Анбасдан, у эса Алқама ибн Воилдан, у эса отаси Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “ғойрил мағзуби ъалайҳим ва лаз-золлийн”ни қироат қилдилар ва “Омин” дедилар. У билан овозларини пасайтирдилар” .

Имом Шофеий розияллоҳу анҳу Абу Довуд ва Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳларни Суфён у киши Салама ибн Куҳайл Куҳайлу, у киши Ҳужр ибн Ал-Анбас, у киши эса Воил Ибн Ҳужр раҳматуллоҳи алайҳдан қилинган ривоятни далил келтириб: “Оминни намозда жаҳрий айтилади”-деганлар. Ҳанафий мазҳабида “омин” ни имом ҳам имомга эргашган қавм ҳам жаҳрий намозда махфий айтадилар махфий намозда эса имом “омин” махфий айтади қавм эса сукут қилади махфий айтишга имом ибни Масуъд раҳматуллоҳи алайҳдан келган ривоят далил бўлади.

قال ابن مسعود ر،ض: أربع يخفيهن الإمام: التعوذ والتسمية والآمين وربنا لك الحمد. 

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Тўртта ўринни имом уни махфий айтади таъаввуз, (ауъзу биллаҳи минаш шайтонир рожим), тасмия (бисмиллаҳир роҳманир роҳим), омин ва роббана лакал ҳамд. Бу ҳадисни Ибн Абу Шайба Иброҳим Ан-Нахоийдан ривоят қиладилар. Аҳмад, Абу Яъло Ат-Табороний, Дору Қутний ва Ҳоким ўзларини мастадракларида Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилишган. Абу Зар ва Бухорий раҳматуллоҳи алайҳлар Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳни, Шоъба ва Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳдан “омин” ни жаҳрий айтиш ҳақидаги ҳадисни энг саҳиҳ деб айтишган бўлишсада, Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳўзларини китобларида Воил ибн Ҳужр: “Умар ва Али розияллоҳу анҳум “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”, “таъввуз” ва “омин” ни жаҳрий қилишмас эди” – деган ривоятни келтириб “омни”ни махфий айтишга фатво берганлар.

Ҳанафий уломолари эса ушбу ривоятни олиб намозда “омин” ни махфий айтиш суннат деб олишган.

Юқоридаги ривоятлар саҳиҳ бўлгани билан уларда “Омин”ни ошкора ёки махфий айтиш ҳақида аниқ сўз ишлатилган эмас. Бинобарин, ушбу ривоятларни ҳар икки тараф ҳам далил сифатида кўрсатиб келадилар. Лекин, унда “Омин”ни махфий айтишга ишора бор: агар “Омин” айтиш билан гуноҳлар кечириладиган бўлса, уни ихлос билан айтиш, “Омин”га риё аралашмаслиги керак бўлади. Гарчи “Омин”ни ошкора айтиш ҳам суннатда бор, шунинг учун ошкора айтилади, дейилса-да, уни махфий айтилсагина риёдан мутлақо омонда бўлади.

 “Омин”ни кимларга айтиш суннат деган савол ҳам олимлар олдида кўндаланг бўлган. Барча уламолар ёлғиз намоз ўқувчи, имом ва унга иқтидо қилувчининг барчасига “Омин”ни айтиш суннат, деганлар. Шунингдек, намоздан ташқарида “Фотиҳа” сураси ўқилгандан кейин ҳам “Омин” айтилиши керак. Фақат имом “Омин”ни айтадими, деган масала устида уламолар ўртасида бироз ихтилоф бўлиб ўтган. У фақат иқтидо қилувчиларга суннатми ёки фақат имомгами ё имом билан биргаликда унга иқтидо қилувчилар ҳам “Омин”ни айтишлари суннатми?

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳdan икки хил ривоят етиб келган. Унинг биринчи ривоятида имом ҳам, иқтидо қилувчилар ҳам “Омин”ни айтадилар. Бу ислом уламоларининг барчасининг фиқҳий фикрларидир. Унинг Ибн ал-Қосим раҳматуллоҳи алайҳ деган шогирди орқали қилинган ривоятда эса Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ намозда “Омин”ни айтиш фақат иқтидо қилувчиларга хос суннат, деб билганлар.

 Ҳанафий олими Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Муватто” тўпламида Абу Ҳанифа Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳам фиқҳий қараши Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу фикрига мос эканини зикр қилган:

وبهذا نأخذ ينبغي إذا فرغ الإمام من أم الكتاب أن يؤمن الإمام ويؤمن من خلفه ولا يجهرون بذلك فأما أبو حنيفة فقال: يؤمن من خلف الإمام ولا يؤمن الإمام

“Ўшани оламиз. Қачон имом “Умм ал-китоб” (“Сураи Фотиҳа”)дан фориғ бўлса, имомнинг ўзи “Омин”ни айтади, унинг орқасидагилар ҳам “Омин”ни айтадилар. Бироқ, уни ошкора қилиб айтмайдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Имомнинг орқасидаги кимса “Омин”ни айтади, имомнинг ўзи “Омин”ни айтмайди”, деган. Бироқ, Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Китоб ал-Асор” асарида Абу Ҳанифа Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг маслаки жумҳур уламоларнинг фиқҳий қарашига мос эканини қайд қилган. “Китоб ал-Асор”да Абу Ҳанифа→Ҳаммод→Иброҳим ан-Нахаъий тариқи (ривоят қилишда ровийлар йўли-силсиласи)да мана бу ривоят бор:

محمد قال: أخبرنا أبو حنيفة عن حماد عن إبراهيم قال:

أربع يخافت بهن الإمام : سبحانك اللهم و بحمدك و التعوذ من الشيطان وبسم الله الرحمن الرحيم وأمين

“Тўрт нарсани имом махфий ўқийди: “Субҳонака Аллоҳумма ва би-ҳамдика …”, “Аъузу биллоҳи мин аш-шайтони-р-рожим”, “Бисмиллоҳи-р-роҳмани-р-роҳим” ва “Омин” (1/83).

Ушбу ривоят Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг “Китоб ал-Асор”ида (1/106) ҳам келтирилган . Уни Ибн Абу Шайба раҳматуллоҳи алайҳ ва Абдурраззоқ ҳам ривоят қилганлар (Ибн Абу Шайба, 2/8940-8945; Абдурраззоқ, 2/2596)

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ шундан сўнг وبه نأخذ وهو قول أبي حنيفة – “Уни оламиз, у Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг гапидир!” деб таъкидлаган. Демак, Абу Ҳанифа Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳdan имомнинг “Омин”ни айтиш-айтмаслиги борасида икки хил ривояти бор бўлиб, ҳанафий олимларининг барчаси иккинчи ривоятни қабул қилганлар. Ҳанафийликдаги фиқҳий матн китоблари “Китоб ал-Асор”даги ривоятни зоҳири ривоят ва зоҳири мазҳаб деб эътироф қилиб, имом ҳам, иқтидо қилувчилар ҳам биргаликда “Омин”ни айтишлари суннат, деганлар.

Хулоса: Юқоридаги ҳадис ва ривоятлардан, мазҳаб боши имомларни сўзларида кўриниб турибдики, “омин”ни айтиш мутлоқ суннат, лекин махфий ёки жаҳри кўринишнинг қайси бири суннатга мувофиқлиги ҳақида ихтилоф қилишган. Баъзи ўринларда Росуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳис васаллам ва у кишини баъзи ашоблари “Омин”ни жаҳрий айтганликларини инкор қила олмаймиз Фақат уларни таълим учун ва бошқа хайрли мақсадда бир муддат шу ишни қилганларини таъкидлай оламиз, холос. Ахир янги исломни ўрганаётга саҳобаий икромларга Росуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динни амалий ўргатганалар. Далилларни пухта ва изчил ўрганиб чиқилса, “Омин”ни ошкора қилмасдан, махфий қилиб айтиш афзал экани билинади. Ҳозирги кунда оминни махфий ёки ошкор айтиш борасида мусулмонлар ихтилофга бормаслиги керак ва ихтилофни келтириб чиқармаслик учун ҳар ким ўз юртини урфини олиши ва шунга амал қилиши керак. Оминни махфий айтиш суннат жаҳрий айтиш бидъат ёки буни аксини айтувчи жоҳил кишилар, бир суннатни ушлайман деб бошқасини инкор қиладилар. Ўзлари ҳам тўғри йўлдан адашадилар ва ўзгаларни ҳам адаштирадилар. Аллоҳ барчамизни амалларимизни қуръон ва суннатга мувофиқ бўлишини насб этсин.

 

Тошкент ислом институти талабаси 

Ҳасанов Ҳусниддин

345800cookie-checkНамозда “Фотиҳа” сурасидан сўнг “Омин”ни айтишнинг ҳукми

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: