Қубо масжиди
Бу Ислом тарихидаги биринчи масжид бўлиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан биргаликда қурганлар, Маккадан Мадинага келиб, илк бор шу масжидда ошкора жамоат бўлиб намоз ўқиганлар. Қибласи Масжидул Ақсо томонда эди. Чунки хали қибла Масжидул Ҳаром эканлиги тўғрисида оят нозил бўлмаган эди.
Фазилат жиҳатидан Масжиди Ҳаром, Масжиди Набавий ва Масжиди Ақсодан сўнг тўртинчи мартабада турувчи Қубо масжидида 2 ракат намоз ўқиган мўмин умра савобига эга бўлади.
عَنْ أُسَيْدِ بْنِ ظُهَيْرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الصَّلَاةُ فِي مَسْجِدِ قُبَاءٍ كَعُمْرَةٍ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
Усайд ибн Зуҳайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қубо масжидидаги намоз худди умра кабидир”, дедилар (Термизий ва Насаий ривояти)
Масжиднинг ҳозирги ҳудуди 13,5 минг квадрат метрга яқин бўлиб, 20 мингдан ортиқ намозхонни сиғдиради.
Қиблатайн масжиди
Ҳижрий 2-йил ражаб ойи / мил. 624 йил январда қибла Қуддусдаги Масжидул Ақсодан Маккадаги Масжидул Ҳаром тарафга ўзгартирилди.
Маскур масжидда мусулмонлар Масжидул Ақсо томонга қараб намоз ўқиётганларида бир соҳоба қибла Масжидул Ҳаромга ўзгаргани тўғрисида ваҳий нозил бўлгани хабарини етказди.
Шунда намозхонлар Макка томонга юзланиб аср намозини ўқиб тугатдилар. Шундан буён масжид икки қиблали деб номланади.
{ قَدۡ نَرَىٰ تَقَلُّبَ وَجۡهِكَ فِي ٱلسَّمَآءِۖ فَلَنُوَلِّيَنَّكَ قِبۡلَةٗ تَرۡضَىٰهَاۚ فَوَلِّ وَجۡهَكَ شَطۡرَ ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡحَرَامِۚ وَحَيۡثُ مَا كُنتُمۡ فَوَلُّواْ وُجُوهَكُمۡ شَطۡرَهُۥۗ وَإِنَّ ٱلَّذِينَ أُوتُواْ ٱلۡكِتَٰبَ لَيَعۡلَمُونَ أَنَّهُ ٱلۡحَقُّ مِن رَّبِّهِمۡۗ وَمَا ٱللَّهُ بِغَٰفِلٍ عَمَّا يَعۡمَلُونَ }
[سُورَةُ البَقَرَةِ: ١٤٤]
“Гоҳо юзингиз самода кезганини кўрамиз. Бас, албатта Биз сизни ўзингиз рози бўлган қиблага бурамиз. Юзингизни Масжидул-Ҳаром (Макка) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни унинг тарафига бурингиз! Китоб берилган зотлар албатта бунинг Парвардигорлари томонидан (келган ҳақ ҳукм) эканини биладилар. Аллоҳ улар қилаётган амаллардан ғофил эмасдир” (Бақара, 144).
Қиблатайн масжиди Масжиди Набавийдан шимолий-ғарбий томондан 5000 метр узоқликда жойлашган.
Ал-Ижаба масжиди
Бақиъ қабристонидан 385 метр шимолда, Ас-Сатийн кўчасида жойлашган бўлиб, у Масжиди Набавийдан 850 метр узоқликда жойлашган.
عَنْ عَامِر بْن سَعْدٍ عَنْ أَبِيهِ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم أَقْبَلَ ذَاتَ يَوْمٍ مِنَ الْعَالِيَةِ حَتَّى إِذَا مَرَّ بِمَسْجِدِ بَنِى مُعَاوِيَةَ دَخَلَ فَرَكَعَ فِيهِ رَكْعَتَيْنِ وَصَلَّيْنَا مَعَهُ وَدَعَا رَبَّهُ طَوِيلاً ثُمَّ انْصَرَفَ إِلَيْنَا فَقَالَ صلى الله عليه وسلم سَأَلْتُ رَبِّى ثَلاَثًا فَأَعْطَانِى ثِنْتَيْنِ وَمَنَعَنِى وَاحِدَةً سَأَلْتُ رَبِّى أَنْ لاَ يُهْلِكَ أُمَّتِى بِالسَّنَةِ فَأَعْطَانِيهَا وَسَأَلْتُهُ أَنْ لاَ يُهْلِكَ أُمَّتِى بِالْغَرَقِ فَأَعْطَانِيهَا وَسَأَلْتُهُ أَنْ لاَ يَجْعَلَ بَأْسَهُمْ بَيْنَهُمْ فَمَنَعَنِيهَا .(رواه مسلم).
Омир ибн Саъд ўз отасидан ривоят қилди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинанинг юқори томонидан кела туриб, Бани Муовиянинг масжиди олдидан ўтдилар. Масжидга кириб икки ракъат намоз ўқидилар. Биз ҳам у киши билан бирга намоз ўқидик. Расулуллоҳ Раббиларига узоқ дуо қилдилар, сўнг бизга юзланиб дедилар: “Мен Раббимдан учта нарсани сўрадим. Иккитасини берди, биттасини бермади. Раббимдан умматимни қаҳатчилик (қурғоқчилик) билан ҳалок қилмаслигини сўрадим, буни берди. Ундан умматимни сувга ғарқ қилмаслигини сўрадим, буни берди. Ундан умматим орасида урушлар бўлмаслигини сўрадим, буни бермади” (Имом Муслим ривояти).
Жума масжиди
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин биринчи жума намозини милодий 622 йилда шу ерда ўқидилар.
Жума масжиди яна бир қанча номлар билан аталади: Ал-Вадий, Ал-Аътика, Ал-Қобийб.
Сажда масжиди
Бу масжид Масжиди Набавийнинг шимолий томонида, ундан 900 метр узоқликда жойлашган бўлиб, у Шукр масжиди ҳам номланади.
Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий нозил қилганда, У зот алайҳиссалом шу жойда шукр саждасини қилганлар.
Роя масжиди
У Масжиди Набавийнинг шимолида жойлашган бўлиб, Ар-Роя деган кичик тоғида жойлашган. Чунки Аҳзоб жангида шу жойга қубба ўрнатилган эди, шунинг учун у ер масжид бўлиб қолди.
Мусолла масжиди
У Масжиди Набийнинг жануби-ғарбий томонида, Боби Саломдан 500 метр узоқликда жойлашган бўлиб, бу жой Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайит намозини ўқиган охирги жойи ҳисобланади. Яна шу ерда Набий алайҳиссалом ёмғир сўраб истисқо намози ва дуосини қилганлар.
Фатҳ масжиди
Масжиднинг “Ал-Фатҳ” деб номланишига сабаб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аҳзоб ғазоти пайтида бу масжидда намоз ўқиганлар ва бу ерда Қуръони каримдаги Фатҳ сураси нозил бўлган ёки бу ғазот мусулмонларга ғалаба келтиргани туфайлидир.
Салмон Форсий масжиди
Бу масжид “Ал-Фатҳ” масжидининг жанубида, Салаъ тоғидан 20 м. узоқликда жойлашган. Мадинаи Мунавварани душманлар ҳужумидан бартараф этиш учун хандақ қазиш фикрини олдинга сурган буюк саҳоба Салмон Форсий номи билан юритилади.
Абу Бакр Сиддиқ масжиди
“Салмон Форсий” жоме масжидининг жанубий-ғарбий қисмида, ундан 15 м. узоқликда жойлашган.
Умар ибн Хаттоб масжиди
“Абу Бакр Сиддиқ” масжидидан 10 м. узоқда жанубда жойлашган, ушбу масжид узун айвон ва ҳовлидан иборат.
Али ибн Абу Толиб масжиди
“Фотимаи Заҳро” масжидининг шарқий томонида жойлашган бўлиб, унинг баландлиги 8,5 м. ва эни эса 6,5 м.ни ташкил этади. Маълум қилинишича, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу мана шу жойда “Аҳзоб” ғазотида хандақдан ўтишга ҳаракат қилаётган душман лашкаридан Амр бин Вуд Оъмирийни ўлдирган.
Фотимаи Заҳро масжиди
Ушбу масжид Саъд бин Муоз масжиди деб ҳам юритилади. У мана шу 6 та масжидлар ичида энг кичиги саналиб, 3х4 м. майдонда барпо этилган.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев