Одоб – инсон ҳақида ёқимли таассурот уйғотадиган, лекин жамоа, жамият ва инсоният ҳаётида у қадар муҳим аҳамиятга эга бўлмайдиган, миллий урф-одатларга асосланган чиройли хатти-ҳаракатларни ўз ичига олади.
Хулқ – оила, жамоа, маҳалла-кўй миқёсида аҳамиятли бўлган, аммо жамият ва инсоният ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатмайдиган ёқимли инсоний хатти-ҳаракатларнинг мажмуи.
Ахлоқ эса – жамият, замон, инсоният тарихи учун намуна бўла оладиган ижобий хатти-ҳаракатлар йиғиндисидир.
Бу фикрларимизни мисоллар орқали тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Дейлик, метрода ёшгина йигит, талаба ҳамма қатори ўтирибди. Навбатдаги бекатдан бир кекса киши чиқиб, унинг рўпарасида тик туриб қолди. Агар талаба дарҳол: «ўтиринг, отахон!» деб жой бўшатса, у чиройли аъмол қилган бўлади; четдан қараб турганлар унга ич-ичидан миннатдорчилик билдириб: «Барака топгур, одобли йигитча экан», деб қўяди. Аксинча, талаба ё тескари қараб олса, ёки ўзини мудраганга солиб, қарияга жой бўшатмаса, ғашимиз келади, кўнглимиздан: «Бунча беодоб, сурбет экан!» деган фикр ўтади, хуллас, у бизда ёқимсиз таассурот уйғотади. Лекин, айни пайтда, талабанинг қарияга жой бўшатгани ёки бўшатмагани оқибатида вагондаги йўловчилар ҳаётида бирор-бир ижобийми, салбийми – муҳим ўзгариш рўй бермайди.
Хулққа қуйидагича мисол келтириш мумкин: маҳалламиздаги оила бошлиқларидан бири имкон борича қўни-қўшниларнинг барча маъракаларида хизматда туради, ҳеч кимдан қўлидан келган ёрдамини аямайди, очиқ кўнгил, очиқ қўл, доимо ўз билимини ошириб боришга интилади, тиришқоқ, оила аъзоларига меҳрибон ва ҳ.к. Ундай одамни биз ҳушхулқ инсон деймиз ва унга маҳалламизнинг намунаси сифатида қараймиз. Борди-ю, аксинча бўлса, у қўни-қўшнилар билан қўпол муомала қилса, тўй-маъракаларда жанжал кўтарса, сал гапга ўдағайлаб, мушт ўқталса, ичиб келиб, оилада хотин-болаларини уриб, ҳақоратласа, уни бадхулқ деймиз. Унинг бадхулқлилигидан оиласи, баъзи шахслар жабр кўради, маҳалладагиларнинг тинчи бузилади, лекин хатти-ҳаракатлари жамият ижтимоий ҳаётига ёки инсоният тарихига бирор бир таъсир ўтказмайди.
Ахлоққа келсак, масала жиддий моҳият касб этади: дейлик, бир туман ёҳуд вилоят прокурори ўзи масъул ҳудудда доимо қонун устуворлигини, адолат қарор топишини кўзлаб иш юритади, лозим бўлса, ҳокимнинг ноқонуний фармойишларига қарши чиқиб, уларнинг бекор қилинишига эришади; оддий фуқаро наздида на фақат ўз касбини эъзозловчи шахс, балки ҳақиқий ҳуқуқ посбони, адолатли тузум тимсоли тарзида гавдаланади; у – умрини миллат, Ватан ва инсон манфаатига бағишлаган юксак ахлоқ эгаси; у, ўзи яшаётган жамият учун намуна бўлароқ, ўша жамиятнинг янада тараққий топишига хизмат қилади. Агар мазкур прокурор, аксинча, қонун ҳимоячиси бўлатуриб, ўзи қонунни бузса, шахсий манфаати йўлида оқни қора, қорани оқ деб турса, у ахлоқсизлик қилган бўлади: оддий фуқоро наздида биргина киши прокурор-амалдор эмас, балки бутун жамият адолатсиз экан, деган тасаввур уйғонади. Бу тасаввурнинг мунтазам кучайиб бориши эса, охир-оқибат ўша жамият ёки тузумни таназзулга олиб келади.
Албатта, ҳар учала ахлоқий ҳодиса ва уларнинг зидди нисбийликка эга. Чунончи, ҳозиргина мисол келтирганимиз прокурорнинг ахлоқсизлиги даражаси билан ўз якка ҳукмронлиги йўлида миллионлаб бегуноҳ инсонларни ўлимга маҳкум этган Ленин, Сталин, Гитлер, Пол Пот сингари шахслар орасида фарқ бор: агар прокурорнинг ахлоқсизлиги бир миллат ёки мамлакат учун зарар қилса, тоталитар тузум ҳукмдорлари хатти-ҳаракатлари умумбашарий миқёсдаги фожиаларга олиб келади.
Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ахлоқий тарбия натижасида одоблилик-хушхулқлиликка, хушхулқлилик – юксак ахлоқийликка айлангани каби, ахлоқий тарбия йўлга қўйилмаган жойда муайян шахс, вақти келиб, одобсизликдан – бадхулқлиликка, бадхулқлиликдан – ахлоқсизликка ўтиши мумкин.
Шундай қилиб, ахлоқшунослик мазкур уч ахлоқий ҳодисани бир-бири билан узвийликда ва нисбийликда ўрганади.
Баъзи уламолар ахлоқни «ироданинг одати» деб таъриф қилганлар. Яъни, ирода ўзига бир нарсани одат қилиб олса, ўша ахлоққа айланган бўлади. Мисол учун, кишининг иродаси хайр-эҳсон қилишга азму қарорли бўлиб қолса, ўша «карамли хулқ» дейилади.
Ислом дийнида ахлоқий тарбия дийний тарбиянинг ажралмас қисми, десак, муболаға қилмаймиз. Зеро, дийн яхши деб хисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, ёмон деб хисоблаган ва манъ этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дийн буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазийлатлар Ислом жамиятида қадрият, чиройли хулқ ва маънавий фазийлатлар ҳисобланади.
Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.
Қадимдан ахлоқ илми уламолари “Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?” деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилишган.
Улардан баъзилари: «Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», деганлар.
Бошқа бир гуруҳ уламолар: «Инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», деганлар.
Ахлоқ илми уламолари эса: “Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида тарбия, мухит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади”, дейдилар.
Шунинг учун ҳам, Исломда хулқли сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.
Тарбиянинг асоси кўп жиҳатдан билимга ва яхшиларга ёндашишда ва уларнинг ибратли ҳаёт тарзи асосида юзага келган бой тажрибага ҳамда пурмаъно сўзларини қай даражада билишга бориб тақалар экан. Шу ўринда, бобомнинг ёшлигимда айтган гўзал ўгитларини мисол тариқасида келтирмоқчиман: “Болам, алломаларимиз қолдирган ҳикматли сўз ва маталларни қанчалик ёд олиб борсанг, қалбингга шунчалик нақшланиб бораверади. Натижада, сенинг тилингдан ҳам шундай гўзал сўзлар ёғила бошлайди”. Фарзандларимиз ҳам ривоят, ҳикоят ва ибратли сўзларга жуда муҳтож.
ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси,
Самарканд шаҳар Қорабой Оқсоқол жоме масжиди
имом-хатиби Бобобек Абдураҳимов