Исломофобия ислом дини ва мусулмонларга нисбатан бир тарафлама салбий тушунчага эга бўлишдир. Ушбу терминнинг дастлабки ишлатилиши 1976 йилларга бориб тақалади. 1980 йилларнинг охири 1990 йилларнинг бошларида кенг қўлланила бошлади. Ушбу термин 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин кўп қўлланила бошлади.
Исломофобия тушунчаси, яъни Ислом динидан қўрқиш, Ислом хақида нотўғри, салбий қарашга эга бўлиш маъноларини англатади. Бугунги глобаллашув жараёнлари кенгайиб бораётган даврда ҳар қандай ғояни кенг тарқалишида оммавий ахборот воситаларининг ўрни катта бўлди. Интернет тармоғида бундай салбий ҳолатларни кузатиш мумкин. Баъзи ёвуз кучлар бу тармоқда ҳали онги шаклланиб улгурмаган ёшларни ўз тузоғига илинтириб, бош кўзини ёлғон ваъдалар билан айлантириб, улардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланмоқдалар. Бу эса кенг омма орасида ислом динининг инсонпарвар ғоясини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда. Ислом номидан фаолият кўрсатаётган диний экстремистик гуруҳларнинг ислом манбаларини бузиб кўрсатишлари, ўз мақсадларига эришиш учун унга мос равишда талқин этишга уринишлари ҳамда ўз манфаатлари учун на дину диёнатни, на миллатни ва на Ватанни тан олмайдиган гуруҳларни “ислом” деб атаб, турли хил хунрезликларнинг келиб чиқиши исломдан қўрқитиш ҳолатларининг кучайишига сабаб бўлмоқда.
Ислом дини фақат зўравонликка чақиради деган фикрнинг пайдо бўлиши. Бунга ислом динининг тарихи ва таълимотини яхши билмасдан туриб уни нотўғри талқин қилиш, бузиб кўрсатиш исломдан қўрқишга ва нафратланишга сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ислом динининг асл ғоясини яхши билмасдан у ҳақда турли фикрларни айтиш ёки тарғиботга ўтиш мумкин эмас. Бундай ҳолатлар одамлар орасида ислом динига нафрат билан қарашга ёки террористик ташкилотларни ислом номидан иш олиб боришга қулайлик туғдиради. Бу эса ислом динига нисбатан салбий муносабатларнинг янада кучайишига, яъни исломофобиянинг ортишига сабаб бўлади.
Исломофобиянинг яна бир кўриниши жиноятчи одамлар томонидан мусулмонлар масжидларида қўпорувчилик ишларини амалга оширишдир.
Оммавий ахборот воситаларида 2014 йил Германиянинг Дрезден шаҳрида “Исломлашув”га уюштирилган метинг ёки ғарбда Ислом қадриятларини ҳақоратлаш сифатида “Карикатурачилик” ҳаракатларини содир этилиши, Париждаги “Шарли Эбдо” таҳририятида ислом динига салбий муносабатларни акс эттирувчи ҳаракатлар исломдан қўрқиш ҳолатларини келтириб чиқарди.
2014 йилда ИШИД номи остида фаолият юритган бузғунчи гуруҳларни қилмишлари, мамлакатлар орасида, халқ орасида ислом динидан қўрқиш ва ундан нафратланиш ҳисларини ривожланишига хизмат қилди. ИШИДнинг на исломий на инсоний қадриятларига тўғри келмайдиган ишлари барча мусулмон уламолари томонидан қораланди ва унга очиқ хат ҳам қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда ИШИД фаолияти мусулмончиликка зид экани қайта-қайта таъкидланди.
Умуман, хулоса қилиб айтиш мумкинки, ислом – тинчлик дини. Лекин бу дин хақида турли нотўғри тушунчаларга эга бўлмаслик керак. Ислом дини номидан олиб борилаётган террорчилик ҳаракатлари ва айрим оммавий ахборотлар, интернет тармоғида бериб борилаётган нотўғри ахборотлар исломни асл моҳиятидан деб ахборот берилиши исломофобиянинг ривожланишига сабаб бўлишини тўғри тушуниб етмоқлик керак. Соғлом фикрли ҳар бир киши бу каби ҳаракатларнинг ҳеч қандай диний ва дунёвийлик қонун-қоидаларига тўғри келмаслигини яхши билади ва унга қарши ўзининг муносабатини билдиради.
ТИИ Модуль таълим шакли битирувчиси, Хоразм вилояти, Шовот тумани Юсуф Ҳамадоний жоме масжиди имом-хатиби Шермуҳаммад Болтаев