islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тасаввуф тушунчаси ва таърифи

Тасаввуфнинг ўзи кишилар орасида турли тортишувларга сабаб бўлгани каби бу сўзнинг луғавий маъноси ҳам аҳди тасаввуфнинг ва бошқаларнинг орасида анчагина мунозараларга сабаб бўлган. «Тасаввуф» сўзи қайси ўзакдан олингани ва ундан кўзланган маъно ҳақида бир қанча фикр-мулоҳазалар айтилган. Бинобарин, «суфий» сўзи ҳақида ҳам худди мана шу ҳолни кўрамиз. Зотан, бу икки сўз ва маъно бир-биридан ажралмас нарсалардир. Келинг, ана шу мулоҳазаларнинг баъзилари билан танишиб чиқайлик.

1. Айримлар «суфий» сўзи аҳли суффага нисбатдир, дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида, у зот алайҳиссаломнинг масжидларида суффа бўлган. Ўша суффада уй-жойи йўқ ўта камбағал саҳобалардан бир гуруҳи яшаганлар. Улар асосан талаби илм ва тақводорлик билан умр гузарон қилганлар. Суфичилик ўшалардан келиб чиққан.

Аммо бу фикрга қарши тарафлар, агар «суфий» сўзининг асли суффа бўлганида араб тили қоидасига биноан уни суффий дейилиши керак эди, дейдилар. Шунинг учун ҳам суфий сўзи суффа сўзидан олинган дейишлик тўғри бўлмайди.

2. «Суфий» сўзи «саф» сўзидан олинган, дейдиганлар ҳам бор. Уларнинг фикрича, суфийлар ибодатнинг олдинги сафида бўлганлар, шунинг учун бу номни олганлар.

Аммо луғат уламолари бу фикрни ҳам рад этадилар. Чунки сафга нисбат берилса, саффий дейилиши керак эди.

3. «Суфий» сўзи Суфа ибн Удд ибн Тлобихага нисбатдир, дейди яна бир тоифа. Қадимда ўта кўп ибодат қиладиганлар айнан ўша одамга нисбат берилган.

Аммо бу талқин ҳам қабул қилинмаган. Чунки исломда бошқа диндагиларни ўзига ўрнак қилиб олиш мумкин эмас. Суфа ибн Удд жоҳилият даврида фаолият кўрсатган.

4. Баъзи кишилар «суфий» сафодан олинган. Қалби соф бўлган кишилар суфий бўлишига ишоратдир деганлар.

Аммо кўпчилик бу фикрни ҳам рад этади. Сафо сўзининг суфий бўлиб қолиши луғат илми жиҳатидан ҳам, мантиқ жиҳатидан ҳам тўғри келмайди, дейди қарши тарафлар.

5. «Суфий» сўзи арабча сувф-жун сўзидан олинган, дейди кўпчилик боҳислар. Аввало, луғат жиҳатидан бу исм жуда тўғри келади. Қолаверса, кўп ибодат қилишга берилган кишилар кийимни ҳам жуда содда кийганлар. Одатда уларнинг кийимлари фақат жундан иборат бўлган, дейишади улар.

Жун майин бўлмагани учун ҳам барча асрларда обидларнинг хос кийими ҳисобланган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг обидликлари ҳақида сўз борганда ҳам «У зот жун кийим кияр эдилар» деган ривоят келтирилади.

Ҳасан ал-Басрий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда «Бадр уруши қатнашчиларидан етмиштасини кўрганман, барчасининг кийими фақат жундан эди», дейилган.

Абу Сулаймон ад-Дороний бу ҳакда қуйидагиларни айтади: «Жун зухднинг аломатларидан бир аломатдир. Кимнинг қалбида беш дирҳамлик жун кийиш рағбати бўлса, уч дирҳамлик жун кийиши лозим эмас».

Кўпчилик мутахассислар ушбу охирги қавлни қабул қилганлар.

«Суфий» ва «тасаввуф» сўзларининг луғавий маънолари ҳақидаги тортишув уларнинг истилоҳий маъноси борасида ҳам давом этади.

Муҳаммад Юсуф Мусо таҳқиқ қилган «ал-Ақийда ваш-Шарийъа фил Ислом» китобида зикр қилинишича, Никольсон ҳижрий бешинчи асргача битилган асарлардан тасаввуфнинг етмиш бешта таърифини топган.

Абдул Қоҳир ал-Бағдодий ишончли тасаввуф қутбларининг таълифотларидан мингга яқин таърифни топган.

«Қавоидут Тасаввуф» китобида зикр қилинишича, машҳур тасаввуф шайхи Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ икки мингга яқин таърифни келтирган. Уларнинг ҳаммасида Аллоҳ таолога содиқ таважжуҳ қилиш маъносидадир.

Аҳли тасаввуфнинг ўзлари унинг таърифидаги бундай хилма-хилликни яхшилик аломати деб биладилар. Замондош тариқат шайхларидан Мисрдаги «Ашийраи Муҳаммадия» тариқатининг бошлиғи, фазилатли шайх Муҳаммад Закий Иброҳим ҳазратлари бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар:

«Тасаввуф таърифидаги ихтилофга келсак, у кишиларнинг сулук даражаларидаги мартабаларига оиддир. Уларнинг ҳар бири ўз эҳсосини ўз мақомида таржима қилгандир. Бу билан ўзидан бошқанинг мақомига қарши чиққан ҳисобланмайди, чунки ҳақиқат биттадир. У катта боғга ўхшайди. Ҳар бир солик бир дарахтнинг остида туриб ўша дарахтни васф қилгандир. У зинҳор боғда бундан бошқа дарахт йўқ дегани эмас. Таърифлар қанчалик ихтилофли бўлмасин уларнинг барчаси покланиш ва тақво мартабасига етиб боради».

Тасаввуф ҳақидаги таърифлардан намуналар:

1. Шаръий одоблар ила зоҳирда туриб унинг ҳукмини ботинда кўриш. Шунингдек, шаръий одоблари ила ботинда туриб унинг ҳукмини зоҳирда кўришдир. Шунда одобланувчи учун икки ҳукм ила камол ҳосил бўлур.

2. У бир мазҳаб бўлиб, мақсади қалбни Аллоҳдан бошқадан холи қилиш, Холиққа ихлос ила ибодат қилиш ҳамда Ундан бошқасидан ажралиш ила руҳни қудусият оламига олиб чиқишдир.

3. Тасаввуф нафсни ахлоқий жиҳатдан тараққий эттирадиган ҳаётий фалсафа бўлиб, у муайян амалий риёзат воситасида ҳақиқатга айланади ва баъзн вақтларда олий ҳақиқатга сингиш ҳиссига олиб боради. Шунингдек, ундан завқ ва ақл ила маърифат ҳосил қилишга олиб боради.

4. Тасаввуф бир илм бўлиб, у ила нафснинг аҳволи; яхши ва ёмони, унинг ёмонини поклаши йўли, яхшини зийнатлаш йўли, Аллоҳ таолога томон юриш кайфияти ва Унга томон қочиш услуби ўрганилади. Яъни Ўзидан бошқадан паноҳ сўрамаслик.

5. Тасаввуф – ҳар бир ёмондан холи бўлиш, ҳар бир яхшидан ибрат олиш ила қурбатга ва висолга эришишдир. У инсонни қайта бино қилиш ва уни ҳар бир фикр, сўз, иш, ниятдан Роббиси ила боғлашдир.

 

Тошкент ислом институти 

талабаси Икромова Моҳинур

 

 

363291cookie-checkТасаввуф тушунчаси ва таърифи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: