islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фидойи уста ходим

Тошкент ислом институтида самарали меҳнат қилиб келаётган ўқитувчи ва ходимларни моддий-маънавий қўллаб қувватлаш анъанаси мавжуд.

Исматжон Расулов институтнинг Техник фойдаланиш ва хўжалик бўлимида фидойи меҳнат қилиб келаётган ходим ҳисобланади.

И.Расуловнинг меҳнатини қадрлаш ва эътироф этиш мақсадида ўқитувчи ва ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган ТИИ ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов И.Расуловнинг хўжалик-ташкилий ишларидаги фидойилиги, ўз касб-ҳунарининг устаси сифатида қадрланишини таъкидлади. 50 ёшни қаршилаётган ходимга касбий ва оилавий ютуқ ҳамда барака тилаб, институт жамоаси номидан табрикнома ҳамда эсдалик совға топширди.

Ҳадисларнинг бирида, Аллоҳ таоло ҳунарманд бандани яхши кўради, деб марҳамат қилганлар. Уста-ҳунарманд қўл меҳнати билан ризқ топиш билан бирга бошқаларга ҳам манфаат етказади, қўлидаги ҳунари Аллоҳ розилигини топишга васила бўлади.

Таълимни ташкил этиш мураккаб жараён бўлиб, бунда иштирок этувчиларнинг меҳнатлари улкандир. Ўқитувчи ва талабаларга таълим олишларида шарт-шароит яратиш, институтнинг бино ва иншоотларини таъмирлаш ва қурилиш ишларига масъул ходимларнинг ҳам ўрни беқиёс. Аллоҳ таоло аҳли илм ва талабаларнинг илм таҳсилидан ҳосил бўладиган савобларга ана ўша ходимларни ҳам ниятига кўра шерик қилади ва Ўзи мукофотлайди.

“Аслида ҳар қандай табрик замирида инсоннинг фазилати, меҳнати, ўз касби-ю, атрофдагиларга бўлган меҳри, малака­маҳоратига чуқур эҳтиром ётади.

Одамлар учун зарурлигингни англаб яшаш, амалга оширган эзгу ишларинг беиз кетмаслигига ишонч ҳосил қилиш, ҳар қандай инсоннинг эл­юрт, жамият олдидаги бурчини бажаришида ўз самарасини бериши муқаррар.

Шундай шодиёна дамларда инсон умрининг тарихга айланган зарварақларига назар ташлар экан, унинг ҳаёт йўли ва мазмуни ёрқин намоён бўлади. Бу борада Сиз азиз инсоннинг босиб ўтган йўлингиз ҳар биримиз учун ибратдир.

Зеро, одамлар орасида ҳақиқий одам шу бўладики, ундан бошқа одамлар манфаат кўрадилар. Одамийлик туфайли одам шуҳрат топади, танилади ва билинади.

Қилган эзгу ишларингиз-у, меҳнатларингиз роҳатини узоқ йиллар давомида кўриш Сиз азиз инсонга насиб этсин”, дейилади табрик матнида.

Тадбир сўнгида, И.Расуловнинг ҳамда Олий маъҳадда фаолият юритаётган фидойи уста ходимлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.

 

ТИИ Матбуот хизмати

423100cookie-checkФидойи уста ходим

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: