Аёллар ҳақида сўз кетар экан, Ислом дини уни юксак мақом ва юқори ҳурмат эгаси ўлароқ тасвирлайди. Исломда аёл киши ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган ва бурч-вазифалари белгилаб берилган тўлақонли шахс ҳисобланади.
Тошкент ислом институтида хизмат қилаётган 25дан ортиқ муҳтарама опа-сингиллар ва аёл-қизлар учун “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади” мавзусидаги тадбир ўтказилди.
Тадбирда институт ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, проректорлар Соатмурод Примов, Ёқубжон Бухарбаев, Тоҳир Эвадуллаев, декан Н.Тўрабоев ва Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Шоғиёс Шожалилов иштирок этиб, аёллар Исломда она, опа-сингил, жуфти ҳалол ва қиз сифатида ҳурматланиши ҳамда улар йил давомида эътиборда, эъзозда эканлиги тўғрисида гапирди. Динимизда аёллар мерос олиши ва мерос қолдириши, никоҳда ундан ҳам розилиги сўралиши, доим эркак қариндошлар уларнинг таъминотини таъминлашга масъул эканлиги аёл-қизларнинг қадр-қиммати юқори эканлигини билдиради.
Ҳозирги вақтда юртимизда фидокорона меҳнат қилаётган ҳурматли аёлларнинг улуши салмоқли даражада. Ватанимиз ва халқимиз олдида муносиб хизмат қилаётганлар орасида “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланганлар, академиклар, олий таълим муассасаларида фан докторлари, фан номзодлари, шунингдек, “Ўзбекистон халқ шоири”, “Халқ ўқитувчиси” ва бошқа фахрий унвонларга сазовор бўлган кўплаб аёллар бор.
Давлат томонидан минглаб аёлларнинг уй-жой шароити яхшиланди, кўплаб эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловлари қоплаб берилди. Сўнгги йилларда “Аёллар дафтари” доирасида ҳам катта тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизлар саломатлигини асраш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, миллий генофондни яхшилаш мақсадида аёллар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Тошкент ислом институтида ҳам 50дан ортиқ аёл-қиз талабалар таҳсил олмоқда. Бакалаврни тамомлаб олий таълимдан кейинги босқичда ўқишларини давом эттириб, илмий тадқиқот олиб бориб, дарс бераётганлари ҳам талайгина. Маълумки, юртимизда 2та, Тошкент ва Бухорода аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаларида талаба қизларга барча шароитлар муҳайё қилинган.
Қуръони каримнинг ўндан ортиқ сураларида ва кўплаб ҳадиси шарифларда аёлларга тегишли ҳукмлар мавжуд. Ҳатто улар ҳақида “Нисо” – “Аёллар” деб номланган сура ҳам бор. Буларнинг ҳаммаси Ислом динида аёлларга бўлган юксак эътибордандир, деди ректор М.Муҳаммадсиддиқов.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом видолашув ҳажларидаги машҳур хутбада ҳам, аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишни қайта-қайта васият қилдилар. У Зот алайҳиссалом бирорта аёлларига қўл кўтармадилар, уларга яхшилик қилишда умматга ибрат бўлдилар ва шу ишга тарғиб қилдилар:
خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ، وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْلِي (رواه الامام الترمذي عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما)
яъни: “Яхшиларингиз – оила аҳлига яхши бўлганидир. Мен аҳли аёлига энг яхшингизман” – Имом Термизий ривояти.
Аёллар Исломда она сифатида бениҳоя қадр топдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Қуръонда Қиёматгача келадиган мўминларнинг онаси, деб эълон қилинди. Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигида, деб эътиборга олинди. Ҳатто ҳадиси шарифларда яхшилик қилишни онадан бошлаш тавсия қилинди.
Тадбир якунида институтда хормай-толмай меҳнат қилаётган, фаолият юритаётган аёлларга эсдалик совғалари тақдим қилинди.
ТИИ Матбуот хизмати