islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Модуль талабалари билан мулоқот

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Модуль таълим тизими талабалари билан “Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичи” мавзусида очиқ мулоқот ўтказди.

Модуль таълимда, масжидлардаги вазифаларидан ажрамаган ҳолда имом-хатиблар 3 йил ва ноиб имомлар 4 йил таҳсил олади. Масжидлар, улардаги ходимлар фаолияти билан боғлиқ бўлгани учун мулоқотга ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар Камолов ҳам таклиф этилди. Тадбирда Илмий ишлар ва фан бўйича проректор С.Примов ва Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Т.Эвадуллаев ҳам иштирок этди.

Учрашувни ТИИ ректори М.Муҳаммадсиддиқов кириш сўзи билан очиб, Модуль таълим тизими фаолияти, ўқув дастурлари, ўтилаётган фанлар ва бошқа ташкилий масалалар юзасидан маълумот берди. Уларнинг ўқиши, дарсларда қатнашиши, яратилган шарт-шароитлар, контракт тўловлари, дарслар билан узвий давом этаётган имомлик фаолиятлари борасида суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганди. Дунёда юз бераётган воқеалар, уларга имом-хатиб ва талабаларнинг муносабати қандай бўлиши, бузғунчиликни мақсад қилган оқим ва кучларга муносиб раддиялар бериш, шу билан бирга ихтилофли ва фитнага асосланган масалаларда ўзининг қатъий илмий позицияси бўлиши ҳамда Фатво маркази уламолари томонидан нашр эттирилган “Фиқҳ ва Ақидага оид ихтилофли масалалар ечими” номли китобини ҳар бир имом-хатиб яхши ўрганиши лозимлиги таъкидланди.

Тадбирда М.Камолов ўтган 2023 йил давомида Республикамизнинг барча ҳудудларидаги масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва ноиб имомларнинг соҳа ривожи, жойлардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида олиб борган ишлари юзасидан маълумот берди.

Масъуллар Модуль таълим тизимининг мазмун-моҳияти, масжидларда ишловчиларни олий диний кадрлар қилиб тайёрлашнинг аҳамияти, имом-хатибларга қўйилаётган талабалар ва соҳага оид бошқа йўналишлар бўйича талабаларга маълумот бердилар.

Бу тизимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган, 4 йил ва ундан ортиқ муддат давомида ЎМИ тизимидаги масжидларда фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом ноиблари имтиҳон асосида ўқишга қабул қилинади.

ТИИ Модуль таълими учун, олий маълумотли диний кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб вилоятлар кесимида квоталар ажратилган.

Маълумот учун, вилоятларга ажратилган квотага кўра энг юқори балл тўплаган 60 нафар имом-хатиблар ва 60 нафар ноиб имомлар, жами 120 нафар абитуриент Олий Маъҳад талабаси бўладилар.

ТИИ Матбуот хизмати

425870cookie-checkМодуль талабалари билан мулоқот

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: