Ўттиз тўрт оятдан иборат Луқмон сураси Маккада нозил бўлган. Суранинг бундай номланиши унда Луқмони Ҳакимнинг қиссаси келгани сабабидандир. Бу маккий сурада ҳам асосан ақида масаласи муолажа қилинади. Хусусан, ваҳдоният, пайғамбарлик ва қайта тирилиш ҳақида сўз кетади. Ушбу масалаларда мушрикларнинг хато тушунчалари турли йўллар билан кўрсатилади. Айни чоғда ақида, иймон, дину диёнат масаласида зарур бўлган одоб-ахлоқ жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор берилади. Булар, айниқса, ҳазрати Луқмоннинг ўғлига қилган насиҳатларида яққол кўзга ташланади.
Луқмон сураси охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган абадий мўъжиза, ҳикматли Китоб – Қуръони Каримдан баҳс юритиш билан бошланади. Аввал бошда алифбо ҳарфларидан учтаси келтирилиб, ушбу Китоб ҳам, ушбу сура ҳам худди мана шу ҳарфлардан таркиб топганига ва айни пайтда бу Қуръон Аллоҳнинг мўъжизаси эканига ишора қилинади[1]. Сўнгра Аллоҳ таолонинг ваҳдониятидан баҳс юритилади.
Кейин эса ақида масаласи осмонлару ерга ва улардаги неъматларга нисбатан инсон муносабати нуқтаи назаридан келиб чиқиб муолажа қилинади. Аллоҳ таоло осмонлару ерни инсон учун яратдими, демак, инсон унга шукр қилмоғи лозим. Аллоҳга шукр қилиш эса Унга иймон келтириб, ибодат этиш билан рўёбга чиқади.
Суранинг охирида кечаю кундузга, қуёшу ойга разм солиб, ибрат кўзи билан боқиб, улардан хулоса чиқариб, Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати ва ваҳдониятини англаб олиш зарурлиги эслатилади. Қиёмат куни даҳшатидан огоҳлантирилади.
Сура Қуръони каримнинг таърифи билан бошланиб, сўнгра шу буюк борлиқда ҳам Аллоҳ таолонинг Борлиги ва Бирлигига далолат қиладиган турли оят-аломатлар мавжуд эканлиги ҳақида хабар берилади ва коинотдаги энг кичик заррадан тортиб энг катта сайёраларгача барча мавжудот Ягона Яратган томонидан белгиланган тартиб-интизомга бўйнсуниши уқтирилади[2].
Луқмони ҳаким — шарқ мумтоз адабиёти ва халқ оғзаки поэтик ижодидаги донишманд табиб образи. Кўпгина ҳикоя, афсона ва эртаклар қаҳрамони. Алишер Навоий “Тарихи ҳукамо ва анбиё”, Хондамир “Равзат ус-сафо” ва бошқаларда Луқмони ҳаким тарихий шахс-пайғамбар сифатида гавдаланган. Шарқ мумтоз адабиётида у қора танли қул бўлиб, ўз пайғамбарона кароматлари туфайли озод бўлган. Ўзбек фольклорида Луқмони ҳаким образи донолик тимсолига айланган[3].
Луқмон ҳақида ривоятлар кўп. Шулардан бирига кўра, Луқмон Од қавмидан бўлиб, уни Луқмон ибн Од деб аташган. Манбаларда айтилишича, Арабистонда яшаган ана шу халқ Аллоҳнинг ғазабига учраб қурғоқчиликка дучор бўлади. Халқ бу офатдан қутулиш мақсадида ўз вакилларини Маккага ёмғир сўраб дуо ўқиш учун юборади. Уларга Луқмон бошлиқ бўлади, лекин у Аллоҳдан ўзига узоқ умр сўрайди. Аллоҳ Луқмонга еттита бургут умрига тенг келадиган узоқ умр ато этади[4].
“Луқмон” сураси билан боғлиқ “Асбобун нузул” илмига оид битта мисол келтирамиз. Ашараи мубашшара жумласидан бўлмиш Саъд ибн Аби Ваққос (590-674) розияллоҳу анҳу сабабидан Аллоҳдан тўртта ҳукм туширган, шулардан бири “Луқмон” сурасидаги 15-оятдир. Буни Имом Бухорий ўзининг «Ал-Адабул муфрад» асарида у зотдан нақл қилинган ҳадисда келтиради. Саъд ибн Аби Ваққос айтади: «Аллоҳ азза ва жалланинг китобидан мен ҳақимда тўртда оят тушган. Онам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилгунимча емасликка ва ичмасликка қасам ичган эди. Бас, Аллоҳ таоло: «Агар улар, яъни ота-онанг сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга, гарчи кофир бўлсалар-да, дунёда яхши муомалада бўлгин…” оятини нозил қилди[5].
Фарзанд ота-онасига қиладиган яхшилигини улар вафот этганларидан кейин ҳам давом эттириши мумкиндир: “Саҳиҳи Муслим”да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: “Мен Расулуллоҳ соллолло-ҳу алайҳи ва салламнинг: “Киши отасининг вафотидан кейин унинг ёр-дўстларини йўқлаб туриши яхшиликларнинг яхшисидандир”, деганлари-ни эшитганман”, дейди Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо[6].
Барча иллатларнинг негизи Қуръон кўрсатмаларидан оғиш ёки эътиборсизликдир. Қуръон оятларида айтилган Луқмони ҳаким Аллоҳ таоло томонидан ҳикмат берилган солиҳ инсон экан, унинг насиҳатларини ҳаётимизга дастурул амал қилиб олишимиз, бунинг учун масжидларда, ОАВ, медиа ва ижтимоий тармоқлар орқали салбий информацияни ўрнини босувчи диний-маърифий дастурлар, чиқишлар, мақолалар, таъсирли видеороликлар ишлаб чиқиб тарқатишни тизимли йўлга қўйиш лозим.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ахлоқсизликдан, шайтоний васвасалардан асраб, оилаларимиз билан тинч-тотув ва фаровонликда ҳаёт кечиришимизни насиб этсин!
Тошкент ислом институти талабаси
Салиева Биби-Айша
Фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати
- Ваҳба Зуҳайлий. Тафсийрул Мунийр. – Дамашқ: Дорул фикр, 2009. – 362 б.
- Анвар Аҳмад. Саодатга етакловчи ҳикматлар. – Тошкент: Сано-стандарт, 2018. 1-китоб. – Б. 320.
- Ислом энциклопедияси. Масъул муҳаррир З.Ҳусниддинов. –Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 1-жуз. – 197 б.
- https://islom.uz/mano_tarjima/31
- https://www.islamonline.uz/quran/content?id=4820
- https://nasafziyo.uz/index.php?newsid=124
[1] https://islom.uz/mano_tarjima/31
[2] https://www.islamonline.uz/quran/content?id=4820
[3] Анвар Аҳмад. Саодатга етакловчи ҳикматлар. – Тошкент: Сано-стандарт, 2018. 1-китоб. – Б. 320.
[4] ЎзМЭ. Биринчи жилд. –Тошкент, 2000. –Б.234.
[5] https://nasafziyo.uz/index.php?newsid=124
[6] Ваҳба Зуҳайлий. Тафсийрул Мунийр. – Дамашқ: Дорул фикр, 2009. –Б.351.