Тошкент ислом институтида “Ноябрь – Фиқҳ ва ақоид фанлари ойлиги” муносабати билан талабалар учун Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси томонидан тадбир ташкил этилди. Кафедра ўқитувчиси А.Жуманов ““Фатво бериш масъулияти”” мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, ўқув ишлари бўйича проректори Ж.Рўзиев, ўқитувчилар А.Аллаберганов, А.Тошпўлатов ва Модуль таълим тизими талабалари иштирок этдилар.
Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, сўраган кишига шаръий далил асосида жавоб беришга нисбатан ишлатилади. Яъни, фатво – турли фиқҳий саволлар бўйича йирик мусулмон ҳуқуқшуносларининг қатъий фикрларини ифодалайди.
Фатво бериш шариатда фарзи кифоя амал ҳисобланади. У якка тартибда, жамоавий ёки йўналтирилган идоралар томонидан берилади. Ҳозирда у, кўпгина мусулмон мамлакатларда расмий фатво берувчи диний идора, халқаро марказлар ёки кўзга кўринган ва тан олинган уламолар томонидан ишлаб чиқилмоқда.
Уламоларимиз бирор – бир масала юзасидан ҳукм чиқаришда, аввало, мазҳаблар таълимотига таянишади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан фатволар чиқаришади.
Шубҳасиз, исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади. Чунки, фатводан Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ каби меъёрлар кўрсатиб берилади.
Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у – Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”.
Ибн Абдул Барр “Жомиъул илм” китобида Уқба ибн Муслимдан ривоят қилади: “Ибн Умарга ўттиз тўрт ой ҳамсуҳбат бўлдим. Савол сўралганда кўпинча: “Билмайман”, – дер эди.
Абу Алий Зарир айтади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз минг- чи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз минг-чи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз минг-чи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлса-чи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.
Бугунги кунда баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги фатволар инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига рахна солинишига сабаб бўлмоқда.
Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсизлик ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам адаштиришдир.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, фатво мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим ўрин эгаллаган. Фатво бериш эса, ўта масъулиятли иш бўлиб, фатво берувчи Аллоҳ ва Унинг расули номидан гапиради. Ва ниҳоят, илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашишга олиб боради.
ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
ўқитувчиси А.Аллаберганов