Рамазон – бу шунчаки ой эмас, балки қалбларни поклайдиган, руҳни тарбиялайдиган ва инсонни ўз нафси билан юзлаштирадиган муборак мактабдир. Бу ойда мўмин гўё янги ҳаёт бошлайди. Чунки Рамазон – тоат, ихлос ва гўзал хулқ ойидир.
Рамазонда биз саховат ва шукрни ўрганамиз: муҳтожга қўл узатишни, борини бўлишишни, эҳсон қилишни ҳамда бир қултум суву бир бўлак ноннинг қадрини ҳис этишни англаймиз. Исор туйғуси кучаяди – ўзимиз оч бўлсак ҳам, ўзгаларни устун қўйишни ўрганамиз. Меҳр-шафқат, мурувват, карам, тавозе ва сабр каби фазилатлар шу ойда қалбимизда мустаҳкам ўрнашади.
Рамазон – ихлос ва тавба ойи. Уни холис ният билан кутиб олиб, фарз амалларни сидқидилдан адо этишга, мустаҳаб амалларни кўпайтиришга интилайлик. Яхшиликларга шошилиб, гуноҳлардан юз ўгирайлик. Тавбани бир марта айтиб қўйиш эмас, балки қатъий аҳд билан янги ҳаёт бошлаш деб англайлик.
Бу ойни беҳуда ишлар билан ўтказиш катта зиён. Тунларни беҳуда суҳбат ёки вақтни зое қилувчи машғулотлар билан эмас, қиёму ибодат, таровеҳ намози ва Қуръон тиловати билан ўтказайлик. Жамоат намози, илм мажлислари, дуо ва зикр – Рамазоннинг ҳақиқий завқидир.
Рамазон – сабр ва меъёр ойидир. Очлик ва чанқоқлик инсонга ўз ожизлигини англатиб, камбағалнинг ҳолини тушунишга яқинлаштиради. Шунинг учун бу ой исроф ва мақтаниш эмас, қаноат ва тафаккур ойидир. Афсуски, баъзилар уни таом ва ширинликлар фаслидек қабул қиладилар. Ҳолбуки, Рамазон – нафсни енгиш, қалбни поклаш ва руҳни юксалтириш ойидир.
Ҳақиқий бахт дунё неъматларида эмас, балки нажотдадир. Рамазон эса дўзахдан халос бўлиб, жаннатга муносиб бўлиш сари очилган буюк имкониятдир.
Келинг, бу муборак ойни шукр ва тайёргарлик билан қарши олайлик. Рамазон мактабидан “муваффақиятли битирувчи” бўлиб чиқишга интилайлик: қалбларимиз тавба билан тозаланган, амалларимиз ихлос билан безалган, тилларимиз зикр билан намланган бўлсин.
Эй Аллоҳ! Бизларни Рамазонга етказдинг. Рўза тутишда, қиёму ибодатда, Қуръон тиловатида ва силаи раҳм қилишда бизга мадад бергин. Бизларни бу ойда дўзахдан озод этилганлардан қилгин. Албатта, Сен ҳар нарсага Қодирсан ва бандаларингга Латиф ҳамда Хабир Зотсан.
Рамазон – қалб уйғониши, руҳ покланиши ва нажот фаслидир. Уни қадрлайлик.
Жаъфархон СУФИЕВ,
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Тўрақўрғон тумани “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби






