islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шайхларнинг раиси

Абу Али ибн Сино шарқда “Шайхур-раис” (Шайхларнинг раиси) деб аталса, ғарбда “Авиценна” номи билан машҳур. У милодий 980 йилнинг август ойида Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида дунёга келган. Ибн Сино 16 ёшдаёқ машҳур табиб бўлиб танилди.

IХ аср охири ва Х асрнинг бошларида жаҳон маданияти ва маърифатининг йирик марказларидан бири Гурганжда (ҳозирги кўҳна Урганч) Маъмун сулоласи (995-1017) Хоразмни равнақ топтириш мақсадида тинимсиз ҳаракат қилди. Хоразмшоҳлар сомонийлар, қорахонийлар ва ғазнавийларнинг хуружларига қарамасдан маърифатпарвар олимларга ҳомийлик қилди. Шу йўсинда бухоролик ёш олим Ибн Сино ҳам Гурганжда фаолият юрита бошлади. Бу вақтда у эндигина 25 ёшни қаршилаган эди.

Вақтлар ўтиши билан, маълум сабабларга кўра, Хуросон ҳукмдори Султон Маҳмуд Хоразмдаги олимларни Ғазнага юборишни талаб қилади. Ғазнавийлар ҳукмдорига куёв бўлишига қарамасдан Абул Аббос Маъмун ибн Маъмун унга рад жавобини беради. 1017 йилда Султон Маҳмуд Хоразмни эгаллагач, “Байтул Ҳикма“ олимларининг аксариятини Ғазнага олиб кетган ва улар сафида Ибн Сино ҳамда унинг дўсти Абу Райҳон Беруний ҳам бор эди.

Ибн Сино ХI асрнинг буюк алломалари жамланган Маъмун академиясида етти йил давомида илмий изланишлар олиб борди. “Тиб қонунлари“ китоби учун бебаҳо материаллар тўплади, жарроҳлик операциялари ўтказди. Касаллик ва унинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилишни йўлга қўйди ва ҳар бир касаллик муҳит, шароит, овқатланиш ва тананинг ўзига хос хусусияти, организмнинг ташқи таъсирга муносабати каби омиллар билан узвий боғлиқлигини исботлаб берди.

Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, бироқ бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган. Унинг, айниқса, “Тиб қонунлари“ асари ХII асрдаёқ лотин тилига таржима қилиниб, 800 йил давомида Ғарб мамлакатлари университетларида асосий қўлланма бўлиб келган ва ҳозир ҳам бир қанча тиббий ўқув юртларида ўрганилади. Устози Хаммор  маслаҳати билан “Инсоннинг яратилиши ва аъзоларининг тузилиши“, “Тутқаноқ касаллиги ҳақида“, “Қариликда соғлом яшаш ҳақида“ каби китобларини ёзди.

Абу Али ибн Сино жисмонан ўта бақувват инсон бўлса-да, муҳожирликдаги қўнимсиз ҳаёти ва тинимсиз машаққатли меҳнати оқибатида ўз саломатлигига етарли даражада эътибор бера олмаган. Натижада, у қўланж касаллиги билан оғриб, 1037 йилда 57 ёшида Ҳамадон шаҳрида дунёдан кўз юмди.

2005 йилда жаҳон илм-фани хазинасига бемисл ҳисса қўшган улуғ бобомиз Абу Али ибн Синонинг 1025 йиллик юбилейи Ўзбекистонда кенг нишонланди.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси
ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

67440cookie-checkШайхларнинг раиси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: