islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Қудурий

“Ким Қудурий матнини ўқимаган бўлса ҳанафий
 фиқҳидан кўп нарсани қўлдан бой берибди”.
Машойихлар.

Бу кишининг тўлиқ исмлари Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Жаъфар ибн Хамадон бўлиб, Бағдоднинг Ҳанафий фақиҳларидан ҳисобланади. Бу улуғ олим ҳижрий 362-санада туғилиб, ҳижрий 428-санада вафот этган. Касблари қозон ясаб сотиш бўлганлиги учун “Қудурий” деган ном билан машхур бўлган. Бу эса ҳар бир инсон ўзига кифоя қиладиган даражада ҳалол касб билан тирикчилик қилиши лозим эканлигига далолат қилади. Гарчи ўша касби қозон ясаб сотиш каби содда оддий бир касб бўлса ҳам. Имом Қудурий ушбу касби машаққатли бўлишига қарамасдан ўз ҳунарини моҳир устаси эди. Шу билан бирга илм олишга ва шогирдларига дарс беришга ҳамда китоб ёзишга алоҳида вақт ажратар эди. Ушбу имом бизга буюк китобларни тақдим қилди. Шулардан бири ҳанафий мазҳабининг энг ишончли асарларидан бири ҳисобланган матн бўлиб, кўпчилик илм аҳллари узра қўлма-қўл бўлган. Ҳатто аср машойихлари “Ким Қудурий матнини ўқимаган бўлса ҳанафий фиқҳидан кўп нарсани қўлдан бой берибди”, деганлар.

Улғайишлари

Имом Қудурийнинг оталари олим ва муҳаддис эди. Ёшлик даврларида Қуръони каримни тўлиқ ёд олди ва уни доимо тиловат қилиб юрадиган бўлди. Шунингдек, турли шаръий илмларни ўрганди. Сўнгра Ироқдаги таълим даргоҳида илм олди. Ўша давр Аббосийлар ҳалифалиги даври бўлиб, Бағдод шахри илм пойтахти ҳисобланар эди. Илм даргоҳида имомнинг қадр-қиммати юксалди. Бунга сабаб у киши фикрларини чиройли ифода қилишлари ва гапга уста эканлиги ҳамда доимий равишда Қуръони каримни тиловат қилиб юришлари эди.

Имом Қудурий ўз даврларида бир қанча китоблар таълиф қилдилар. Шулардан энг машхури ҳанафий мазҳабига асосланган “Мухтасари Қудурий” бўлиб, бу китоб уламолар орасида катта эътиборга сазовор бўлган. “Мисбаҳу-л-анвор фий адъияти-л-лайли ва-н-наҳар” китобининг соҳиблари Зайниддин Антокий ал-Ҳанафийайтади: “Ҳанафийлар вабо тарқаган кунларда ушбу китобни табаррукан ўқишар эди. Бу муборак китоб бўлиб, уни ёдлаган киши фақирликдан омонда бўлади. Ҳаттоки, агар бирор киши солиҳ устоздан ушбу китобни таълим олса ва унинг ҳаққига устози барака тилаб дуо қилса, ўша одам китобдаги масалаларни ададича дирҳамга эга бўлади, дейишган”. Ушбу китоб ўн икки минг масалани ўз ичига олган бўлиб, унга ёзилган шархлар жудаям кўп.

Улардан машҳурлари: “Ал-жавоҳиру-л-музийя” ва “Кашфу-з-зунун” асарлари ҳисобланади. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини ҳам “Мухтасари Қудурий”нинг шарҳларидан бири дейиш мумкин. Чунки Имом Марғиноний ўз китобига “Мухтасари Қудурий” ни ва “Жомеъу-с-сағийр”ни асос қилиб олган.

Устозлари

1-Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Яҳё ибн Маҳдий Журжоний.
2-Абу Ҳусайн Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад Шайбоний.
3-Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Сувайд ал-Муъаддаб.

Шогирдлари

1-Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб Бағдодий.
2-Қозию-қузот Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ад-Дамғоний ал-Кабир.
3-Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Ақтоъ.
4-Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Сарахсий.

Асарлари

1-Ал-мухтасар.
2-Шархи мухтасари Кархий.
3-Жузъун фи-л-ҳадис.
4-Адабу-л-қозий ъала мазҳаби Абу Ҳанифа.
5-Ат-тажрид.

Имом Қудурий тўртинчи табақадаги таржийҳ аҳлидан, яъни, мазҳабимиз масалаларининг баъзисини баъзисидан афзал ва авлога ажрата оладиган уламолардан ҳисобланади.

Имом Қудурий ҳижрий 428 санада ражаб ойининг бешинчиси, душанба куни (мил. 1036 йил 25 октябр) Абу Халаф йўли бўйидаги уйида вафот этади ва ўша ерга дафн қилинади. Ибн Халликоннинг таъкидлашича, кейинчалик унинг жасади Мансура кўчасидаги қабристонга, ҳанафий мазҳаби фақиҳларидан Абу Бакр Хоразмий қабри ёнига кўчирилган.

Андижон шахар “Чинор” жоме масжиди имом хатиби
Авазбек Мўминов

72430cookie-checkИмом Қудурий

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: