islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг маънавий-маърифий асослари

2018 йилнинг 27 март куни Тошкент ислом институти “Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими” бошлиғи Ў.Собиров Республика маънавият тарғибот маркази “Маънавият тарғиботчиси” ўқув марказида Бухоро вилоятидан ташриф буюрган умумтаълим мактаблари директорлари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежи директорилари учун ташкил этилган тадбирда “Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш” ҳамда “Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг маънавий-маърифий асослари” мавзусидаги маърузалари билан иштирок этди. Инсоният яралибдики, тинч, бахтли, саодатли яшашга интилади. Лекин бу интилиш очкўзлик, ҳасад, ҳудбинлик каби иллатлар туфайли баъзиларга орзулигича қолиб келмоқда. Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда сўнги олти минг йил ичида ер юзида 5700 марта уруш бўлган.  Бу тўқнашувларнинг асосий сабаби ҳудуд талашиш, бойлик орттириш учун бўлса, яна аксарининг сабаби диний келишмовчиликлардир. Ана шундай можароларнинг олдини олиш учун эса инсоният диний бағрикенглик ғояси остида бирлашиши зарур. Мумтаҳана сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”, деб марҳамат қилганини айтиб, машҳур муфассир олимларимиз  Абуллайс Самарқандий ва Абу Муин Насафийлар ўз тафсирларида ушбу оятни бошқа динга эътиқод қилувчилар билан яхши муносабатда бўлиш кераклигига далил қилган, Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”. Чиндан ҳам, динимиз таълимотига кўра, бағрикенг бўлиш имон белгисидир.   “Бағрикенг” (“толерант”) атамасининг луғавий маъноси лотинча чидамоқ сўзидан олинган. Толерантлик бирор нарсани, ўзгача фикр ёки қарашни, ўз шахсий тушунчаларидан қатъи назар, имкон қадар бағрикенглик ва чидам билан қабул қилишни англатади. Диний бағрикенглик виждон эркинлиги ва маънавий жиҳатдан катта аҳамият касб этади, у бошқа шахс ё динга ҳурматни билдиради. Турли дин ҳамда конфессия вакиллари эътиқодида ақидавий фарқлар бўлишига қарамай, уларнинг ёнма-ён ва ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 32 миллиондан ошган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Аҳолининг 94% ислом динига, 3,5%га яқини православ ва қолганлари бошқа конфессияларга мансубларни ташкил этади. Республикамизда 16 диний конфессияга мансуб 2242 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Тошкент ислом институти, “Мир Араб” Олий мадрасаси, 9 та ислом ўрта махсус таълим муассасаси, 2 та христиан семинарияларида диний соҳадаги етук мутахассислар тайёрланмоқда. Шунингдек, 157 та христиан ташкилотлари, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва будда ибодатхонаси мавжуддир. Бундан ташқари, республикада конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда 2016 йилнинг 29 октябрь куни Республикада фаолият олиб бораётган диний конфессиялар раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шэннон Ўзбекистон Ҳукуматининг диний соҳада олиб бораётган изчил сиёсатга юқори баҳо берган. Давра суҳбатида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида келтириб ўтилган хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга қаратилган йўналишнинг мазмун-моҳияти хусусида ҳам сўз юритилиб, ўрта махсус таълим тизими ўқувчилари ҳамда уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш, ўқувчи-ёшларни турли диний оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров 484

Фароиз фанидан очиқ дарс: “Асаба” ва унинг қисмлари нималардан иборат?

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Март ойи – фиқҳ ва фароиз фанлари ойлиги” муносабати билан 2018 йил 28 март  куни “Диний фанлар” кафедраси катта ўқитувчиси Саиджамол Масайитовнинг 4-“А” гуруҳга “Фароиз” фанидан “Асабалар” мавзуида ўтказган очиқ дарси бўлиб ўтди. Мазкур очиқ дарсга ЎМИ таълим бўлим мутахассиси С.Шерхонов, ўқув ва илмий ишлар бўйича проректор И.Аҳроров, “Диний фанлар” кафедраси мудири С.Примов, Мониторинг ва ички назорат бўлими мудири М.Насриев, ўқитувчилар Я.Раззоқов, Ф.Жўраев, Ф.Ҳомидов, К.Юсупов, М.Мажидов ва кафедра кабинет мудири У.Мустанов (котиб) қатнашиб, дарсни таҳлил қилишди ва баҳолашди. Саиджамол Масайитов очиқ дарсда янги мавзуни Шайх Сирожиддин Муҳаммад ибн Абдуррашийд ас-Сажовандий ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳнинг “ас-Сирожиййа фи китабил мийрос” асари ва унинг мўътабар шарҳлари асосида ёритиб берди. Шу билан бирга мавзуга оид ҳар бир фиқҳий масалани ақлий ва нақлий далиллар билан баён қилиб берди. Ўқитувчи очиқ дарсда педагогик усуллардан фойдаланиб, дарсни самарали ташкил қилди. АСАБА ВА УНИНГ ҚИСМЛАРИ Асаба сўзи луғатда кишининг ота томонидан бўлган қариндошларига айтилиши. Асаба деб номланишининг боиси, кишининг ота томонидан бўлган қариндошлари гўёки уни атрофини ўраб оладилар, ҳимоя қиладилар. Мерос илми истилоҳида эса, асаба деб,  Китоб, суннат ва ижмоъда улуши равшан белгилаб берилмаган, лекин фарз эгаларидан қолган молга эга бўладиган, улар бўлмаганда эса барча молга ҳақли бўладиган ворисга айтилади. Носир ибн Муҳаммад Ғомидий “ал-Хулоса фий илмил фароиз” китобида асабани “миқдори белгиланмаган мерос олиш” деб таъриф берган. Асаба иккита асосий қисмга бўлинади: Асаба насабия ва асаба сабабия. “ Асаба насабия ” бу насаб орқали маййитга қариндош бўлган жиҳатларга айтилади. “ Асаба сабабия ” деб, озод қилиш сабабли ворис бўлганга айтилади. Асаба насабия учта асосий қисмга бўлинади: 1. Асаба бин-нафс 2. Асаба бил-ғайр 3. Асаба маол ғайр. Асаба бин-нафснинг таърифи. Бу тур асабанинг тўрт жиҳати борлиги. Мазкур тўрт жиҳатнинг даражалари. Асаба бин-нафснинг ҳукми. Асаба бин-нафснинг тўрт жиҳатидан бири ўзи ёлғиз ворис бўлса барча молни олади, фарз эгалари билан бирга бўлса, улардан қолганини олиши. Агар фарз эгаларидан мерос ортмаса асаба бин-нафсга мерос йўқлиги. Агар бир нечта жиҳатдаги асабалар қолган бўлса уларни юқоридаги тартиби бўйича таржиҳ қилинади. Агар асаба бин-нафсни ўзидан бир нечтаси жамланган бўлса, бунда маййитга яқинроғини бошқаларидан устун  қилиниши.  “Диний фанлар” кафедра кабинет мудири Урол  Назар Мустафо Термизий 410

Муносабат: Елкама елка туриб ишлаш даври келди!

Тараққиётнинг янги даврида Ўзбекистонда рўй бераётган янгиланишлар нафақат юртимиз аҳолиси, балки дунё ҳамжамиятини ҳам ҳайратга солмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан жамиятнинг барча соҳалари қатори дин йўналишида ҳам улкан савобли ишлар қилинмоқда-ки, бундан барча мамнун бўлмоқда. Ўтган бир ярим йил давомида халқимизга берилган эркинликлар ва яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳаммамизни беҳад қувонтирмоқда. Хусусан, диний соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш керак. Ўтиб бораётган қисқа муддатни асрга татигулик йил бўлди, десак сира муболаға бўлмайди. Шу вақт ичида бир қанча ҳайратга сазовор ўзгаришлар содир бўлди. Келинг шулардан айримларини келтириб ўтамиз: – мамлакатимиз пойтахтидан тортиб, энг олис ҳудудларида ҳам янги жоме масжидлар очилмоқда, азон товушлари баралла янграб, халқимизни жомелар бағрига чорламоқда; – исломий таълим муассасалари сони 11 тага етди. Бухорода Олий мадраса иш бошлади. Халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва илмий мактаблар очилгани илмий изланишларни яна бир поғона кўтарган бўлса, ўтган йил охирида Ислом академияси ташкил этилиши бундай ишларни энг юқори даражага олиб чиқиш учун катта асос бўлади, иншоаллоҳ; – телевиденияда ҳар куни диний кўрсатувлар эфирга кетмоқда, айниқса, “Сўраган эдингиз”, “Қуръони каримни ўрганамиз”, “Олтин силсила”, “Битиклар мутолааси” каби кўрсатувлар дастлабки сониданоқ мўмин-мусулмонлар қалбидан жой олди; – яна бир хурсандчилик, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва “Ҳилол нашр” нашриёти билан ҳамкорликда Қуръони карим чоп этилиши мўмин-мусулмонлар кўпдан бери кутган қувончли воқеа бўлди. Мана шундай ишлардан одамларнинг шоду хуррамлиги ниҳоятда чексиз. Уларнинг руҳониятида рўй бераётган ўзгаришлар ва ҳаяжонларини ифодалаш жуда қийин. Бутун республикамиз бўйлаб давом этаётган қорилар мусобақаси ҳаммасидан ҳам файзли бўлмоқда. Чунки бу бир мусобақа дегани билан унинг таровати, файзу баракаси ҳеч кимни четлаб ўтмаяпти. Қуръони карим ўқилган, тиловат қилинган жойга раҳмат фаришталари тушади, балою қазолар даф бўлади, одамлар орасида меҳр-муҳаббат зиёда бўлади. Буларни кўриб қувониш ҳам, Аллоҳга ҳамду сано айтиш ҳам чин мўминлик сифатидир. Ҳақиқатан, Аллоҳ таъолонинг фазлу карами билан мана шундай савобли ишларнинг ташаббускори  давлатимиз Раҳбари экани ва ҳукуматимизнинг барча ташкилотлари ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётганини сира унутмаслигимиз керак. Дин соҳасида янгидан-янги хайрли ислоҳотлар давом этмоқда. Соҳани тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни замон талабига мослаштириш борасида ҳам саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Шу ўринда афсус билан айтиш керакки, айрим шахслар ёки кучларнинг таъсири остида баъзи диний ходимлар томонидан оқибатини ўйламай эълон қилинаётган мақолалар, ҳақиқий воқеликка зид бўлган хабарлар кўпчиликни ранжитмоқда. Тарқатилган материаллар масжид очиш бўлсин, Қуръон курслари ташкил этиш бўлсин ёки ҳамкор ташкилотлар тўғрисида бўлсин, уларнинг бирортаси ҳақиқий ҳолатни ифода этмайди. Тўғри камчиликларимиз ҳам бор, лекин камчилик ёки тушунмовчилик қайси соҳада йўқ? Бугун жамиятимиздаги ҳамма соҳада иқтисоддан тортиб, ижтимоий, маърифий, маданий соҳаларнинг барчасида тубдан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Нима учун? Чунки бугунги замон, тезкор ахборот асри шуни талаб этмоқда. Бундай ҳолатда агар муносабат билдириладиган бўлса, ё масалага объектив ёндашиш керак ёки умуман муносабат билдирмаган мақул бўлади. Зеро, бўлиб турган жараёнлардан тўғри хулоса чиқармай асоссиз важлар билан Ҳукумат идораларига, юқори ташкилотларга тош отишлар бу ўта маданиятсизликдан бошқа нарса эмасдир. Мўмин-мусулмонларга берилаётган имкониятлар, барпо этилаётган масжидлар, йўл ёқаларидаги очиладиган намозхоналар, илмий мактаблар, халқаро марказлар, дунёнинг эътиборини тортаётган қорилар мусобақаси, баралла айтилаётган азонлар, намозхонларнинг тўп-тўп бўлиб ибодат қилаётганини эътироф этиш ўрнига айрим ҳал этилаётган муаммолар ҳақида шошқалоклик қилиб ноўрин гап-сўзларни айтишлик ҳақиқий мўминлик сифатига тўғри келмайди. Бошқа қатор ишларда бўлгани каби дин соҳасидаги ишларнинг бош ташаббускори ҳам муҳтарам...

Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган тадбир ўтказилди

23 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎМИнинг матбуот хизмати хабар бермоқда. Хабарингиз бор, шу йил 9 февраль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри Чилонзор туманига ташрифи давомида Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятини жамоатчиликка янада кенгроқ тарғиб этиш борасида топшириқ ва кўрсатмалар берган эди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, Шайх ҳазратлари динимиз ривожи йўлида бор куч-қувватларини сарфлагани, 1990 йилда диёримиздан беш юз нафар кишини ҳаж зиёратига олиб боргани, 120 дан зиёд номдаги диний-маърифий китоблари нашр этилгани ҳақида билдирдилар. Сўзга чиққан Шайх ҳазратларининг қадрдонлари Зоҳиджон Қодиров, Имом Термизий халқаро маркази директори Убайдулла Уватов, укалари Муҳаммад Амин домла Муҳаммад Юсуф Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратлари энг оғир даврда Ўзбекистон халқи, унинг тинчлиги, одамларнинг диний соҳада тўғри йўлдан боришлари учун жуда катта хизмат қилганлари тўғрисида сўз юритишди. Шайх ҳазратларининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд экани, ўзларининг кучли илмлари, ҳикматли сўзлари ва ибратли амаллари билан динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб ташкил этганлари эътироф қилинди. Ушбу тадбирга ҳамоҳанг равишда “Ҳилол нашр” нашриёти ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида юртимизда илк бор чоп этилган Қуръони каримнинг ўзига хос нусхасининг тақдимот маросими ҳам ўтказилди. Ушбу Мусҳафи шариф нашри юқори илмий савияда, жаҳон андозаларига жавоб берадиган шаклда “Ҳилол нашр” нашриётида чоп этилгани ва ушбу Мусҳаф Миср Араб Республикасидаги “Дорус-салом” нашриёти билан келишувга биноан, Азҳари шариф ҳузуридаги илмий академия хулосаси асосида Диний идора ҳамкорлигида 50 000 тиражда чоп этилган Қуръон каримнинг сотилиши учун тавсия қилинган нарх 31 минг сўм эканлиги маълум қилинди. Тадбирда Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратларининг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган фильм намойиш этилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 480
1 614 615 616 617 618 676