islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oktabr 2017

Month

Малайзиядан меҳмонлар келди

Тошкент ислом институтига Малайзия давлати Жоҳор штати муфтийсининг ўринбосари Ҳожи Яҳё ибн Аҳмад бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Ушбу делегация институт раҳбарияти, устоз ва талабалар томонидан илиқ кутиб олинди. Дастлаб, меҳмонларга институтнинг ташкил этилиши тарихи, мустақилликдан олдинги ва кейинги фаолияти ҳақида маълумот берилди. Талабалар институт ҳаёти, улар учун яратиб берилган шарт-шароитлар тўғрисида араб ва инглиз тилларида сўзлаб бердилар. Учрашув давомида меҳмонлар учун институт фойэсида ташкил этилган ўқув-услубий, меъёрий ҳужжатлар, институтда ўқитиладиган фанлар бўйича чоп этилган дарслик ва ўқув-қўлланмалар кўргазмаси ҳамда институт фаолиятига оид расмлардан иборат электрон слайдлар кетма-кетлиги намойиш этилди. Шундан сўнг меҳмонлар “Тафсир”, “Араб тили” ва “Фиқҳ” фанлари бўйича ўтилаётган дарсларда бевосита иштирок этдилар. Малайзия делегацияси аъзолари Тошкент ислом институти фаолияти билан танишиб катта таассуротларга эга бўлганликларини билдирдилар ва институт жамоасига муваффақиятлар тиладилар. Ж.Мелиқўзиев, Тошкент ислом институти проректори 155

Хорижий мутахассислар Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ташаббусларни юқори баҳоладилар

Москвада ўтказилаётган “Ислом илоҳиёти ва академик исломшунослик: ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари” номли Х халқаро диний илмий-таълимий анжуманда Ўзбекистондан ташқари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Индонезия, Бруней, Эрон, Миср, Ироқ, Белорус давлатларининг турли диний, таълимий ва академик ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқдалар. Анжуман минбарларида ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида IX-X асрлардан бошлаб мадрасалар фаолият олиб боргани, Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарлардаги илмий мактаблар битирувчилари бутун ислом дунёсида ўз билим даражаси билан машҳур бўлгани, мустақиллик йилларида, айниқса сўнгги бир йил давомида юртимизда қадим анъаналарни тиклаш, янги илмий мактаб ва марказлар очиш борасида бошқалар ўрнак олиши мумкин бўлган улкан ташаббуслар амалга оширилаётгани қайд этилди. Ислом таълим тизими мусулмонларга бошланғич диний маърифатни етказиш билан чекланиб қолмасдан, ўрта махсус-олий диний таълим, магистратура, докторантурадан иборат узлуксиз тизим сифатида тўлиқ шаклланиши зарурлиги, диний ва дунёвий фанлар бир бирини ўзаро бойитиши, исломда илм олишга тарғиб қилинар экан, илмлар диний ва дунёвийга эмас, инсонлар учун фойдали ва фойдасиз илмларга ажратилиши, инсон ҳаёти учун зарурий ҳисобланган барча билимлар соҳасида мусулмонлар етакчи бўлиши зарурлиги таъкидланди. Хорижий мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан халқаро минбарлардан туриб ислом мусаффолигини асраш, уни экстремизмдан ҳимоя қилиш борасида билдирилаётган фикрлар ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси ва қарорлари асосида мамлакатимизда янги исломий илмий марказлар, диний мактаблар, Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент ислом академияси ташкил этилаётганини юқори баҳоладилар. administrator 137

Тошкент ислом институти ректори Москвада ўтказилаётган халқаро анжуманда маъруза қилди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ва Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот маркази директори Жасур Нажмиддинов Москва шаҳрида ўтказилаётган “Ислом илоҳиёти ва академик исломшунослик: ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари” номли Х халқаро диний илмий-таълимий анжуманда иштирок этмоқдалар. Ўзбекистон вакиллари анжуманнинг турли сессияларида маъруза қилдилар. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов миллатлараро бирдамлик ва диний бағрикенгликнинг ривожланиши мавзусида, Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот маркази директори Жасур Нажмиддинов эса ёшлар орасида экстремистик ғоялар тарқалишига қарши курашда тарихи илмий меросни тиклашнинг аҳамияти (Ўзбекистон тажрибаси) мавзусида, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний таълим тизими шаклланиш тарихи ва истиқбол режалари ҳақида нутқ сўзладилар.   administrator   300

Халқаро анжуман иш бошлади

2017 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ва Тошкент ислом университети исломшунослик илмий-тадқиқот маркази директори Жасур Нажмиддинов Москва шаҳрида ўтказиладиган “Ислом илоҳиёти ва академик исломшунослик: ҳамкорлик ва ривожланиш истиқболлари” номли илмий-маърифий анжуманда иштирок этиш учун жўнаб кетишди. Ушбу анжуман ўз ишини 2017 йил 29–31 октябрь кунлари олиб боради. Мазкур анжуманнинг бориши ва унда кўтарилган масалалар тўғрисида сайтимизда ёритиб борамиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 162

Намоз ила муаммони ҳал қилинг

Аллоҳ учун энг суюкли амал – намоздир. Намоз – барча яхшиликлар калити. Намоз – мўминнинг меърожи. Агар бошингизга ташвиш тушса, намоз ила ташвишингизни аритинг. Агар молиявий касодга учрасангиз, намоз ила муаммонгизни ечинг. Агар мусибатга учрасангиз, намоз ила енгиб ўтинг. Агар оилангизда нотинчлик бўлса, намоз ила уни даф қилинг. Агар иш тополмаётган бўлсангиз, намоз ила ишга эришинг. Яқин кишингиздан айрилиб қолсангиз, намоз ила ўзингизга таскин беринг. Агар қалбингиз сиқилаётган бўлса, намоз ила кенгликка ўтиб олинг. Биров сизга зулм қилса, намоз ила ундан ҳаққингизни олинг. Бир нарсангизни йўқотиб қўйсангиз, намоз ила уни топинг. Қарздорликдан қийналяпсизми? Намоз ила қарзларингиздан қутулинг. Одамлар сизга нисбатан ёмон муомалада бўлаяптими? Намоз ила уларнинг қалбларини юмшатинг. Фарзандларингиз гапингизга қулоқ солмаяптими? Намоз ила уларни тарбияланг. Солиҳ жуфти ҳалол истаяпсизми? Намоз ила солиҳ жуфти ҳалолга эришинг. Фарзанд кўриш кечикяптими, намоз ила фарзндли бўлинг. Дунёдаги барча муаммо ва ташвишларни намоз ила ечинг ва оламлар Роббига ҳақиқий банда бўлинг! Зеро, Аллоҳ таоло: «САБР ВА НАМОЗ ИЛА ЁРДАМ СЎРАНГИЗ», деб марҳамат қилган. Одилхон қори Юнусхон ўғли, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби (muslim.uz) 157
1 2 3 5