islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Fevral 22, 2019

Day

Бухорода I Халқаро зиёрат туризми форумининг асосий тадбирлари бошланди

Мамлакатимизда илк бора ўтказилаётган мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ташқи ишлар вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимияти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) ҳамда Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) кўмагида ташкил этилди. Қалбларни титратувчи муқаддас Қуръон оятлари ўқилган тадбирда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан 120 дан зиёд вакиллар иштирок этмоқда, хабар берди uza.uz сайти. Унинг очилишида Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов, Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, Муфтий У.Алимовлар Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини дунёга кенг тарғиб этиш, шунингдек, Ўзбекистонни ислом дунёсида зиёрат-туризми бўйича йирик марказлардан бирига айлантириш бугунги форумнинг асосий мақсади эканини алоҳида қайд этишди. Шунингдек, форумда Миср ижтимоий бирдамлик оилалар ва ногиронлар Вакиллари палатаси қўмитаси раиси, АРЕ сўфилар орденлари Юқори кенгаш раиси Абдулхади аль-Касаби, Дели шаҳридаги бош масжид имоми Саид Бухари, Россия муфтийлар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармасининг раиси Аббясов Рушан каби дин уламоларининг нутқлари кутилмоқда. – Зиёрат туризмига бағишланган форумнинг айнан Бухорои шарифда ўтказилиши, бу заминдан дунё тамаддунига бениҳоя катта ҳисса қўшган олиму уламолар етишиб чиққанни дунё миқёсидаги эътирофи деган фикрданман, – дейди қозоғистонлик Бейбит Мирзагелдиев. – Ахир дунёга машҳур Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний каби тасаввуф илмининг улуғлари таълимоти бутун дунё бойлиги ҳисобланади. Кеча ўзим ҳам Абу Ҳафси Кабир қадамжосини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлганимдан мамнунман. Келгусида азиз авлиёлар юрти саналган мазкур гўшага оилам аъзолари, туғишганларим, дўст-биродарларимни олиб келиш ниятидаман. Бугунги форум доирасида Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм бренди элчиси Эко Шри Маргиантига элчилик сертификати топширилиши, “Етти пир” ҳақида саҳналаштирилган театр намойиш этилиши кутилмоқда. Шунингдек, форум якунида Туризм қўмитаси қошидаги “Миллий PR-марказ” ҳамда “Global Muslim Traveler Index” доирасида “MATTA” (Малазия), “Crescent Rating” (Сингапур) ассоциациялари, Жакарта тарғибот фонди (Индонезия) ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланади. Бухоро ёшлар марказида ўтказилаётган форумда вилоятнинг ҳунармандлари турли йўналишларда мастер-класс ўтказишмоқда. Айниқса, хаттотлик, кулолчилик, ёғоч ўймакорлиги, мисгарлик каби соҳалардаги маҳорат дарслари хорижий меҳмонлар эътиборини тортмоқда. 400

Умму Ҳабиба Рамла бинти Абу Суфён

Умму Ҳабиба Рамла розияллоҳу анҳонинг отасининг исми: Абу Суфён Сохр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абдуманофдир. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг онасининг исми: Софийя бинти Абул Осс ибн Умайя ибн Абду Шамс ибн Абдуманофдир. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳижратдан ўттиз беш йил олдин (мелодий олти юз саксон тўққизинчи йили) Маккаи мукаррамада туғилганлар. У Қурайш қабиласининг сардори, Макка шаҳрининг бошлиғи, ўша даврда мусулмонларнинг ашаддий душмани (кейинчалик исломни қабул қилиб саҳоба бўлган), Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам энг катта ғанимларидан бўлган Абу Суфённинг қизи эди. Унинг қавми Бани Абди Шамснинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қавми Бани Ҳошимга адовати кучли эди. Бу қавм Ислом даъватига ҳамда даъват соҳибига доимо тўсқинлик қилар эди. Абу Суфён Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз Парвардигори томонидан олиб келган бу муборак Ислом даъватини тўсишга бор кучи, имконияти билан қаршилик қилди-ю, лекин бу уринишида муваффақиятга эришмай, ҳасрату надомат ила умидини узди. Бу вақтда Макка аҳлидан кўпгина кишилар ва аёллар Исломни қабул қилишган, ҳаттоки Абу Суфённинг қизи Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо ҳам Ислом ҳидоятини топган эди. У ўз отасидан қўрқиб, бу азиз динини сақлаш учун эри Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан Ҳабашистонга кетган эди. Ҳабашистонда Аллоҳ таоло унинг эрини залолатга мубтало қилиб, у (баъзи ривоятга кўра) Ислом динидан чиқиб, насроний динини қабул қилди. Буни билган Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо дархол ўз эридан воз кечди. Аёл эрининг турли йўллар ила яна қайта ярашишга қилган ҳаракатларини рад қилиб, ўз дини бўлмиш Исломда собит, мустаҳкам турди. Ўзи ёлғиз қолгач, у бегона юрт Ҳабашистонда кўпгина қийинчилик, кўрқинчларга дучор бўлди. Барча қийинчилик, оғир шароитларга сабру матонат ила чидади. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Қурайшнинг сардори, каттаси ва ботири ҳисобланган отасининг таъқибидан ва шунингдек, одамларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қайтариб, доим унга қарши гиж-гижловчи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг энг ашаддий душмани бўлган онаси Ҳинднинг ғазабидан қўрқувда эди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо, шунингдек, ўз қавми ва қариндошлари нафратидан ва уларга кулги бўлишдан ҳам қўрқар эди. Чунки арабларда душмани унинг бахтсизлигидан кулиши энг катта ор ҳисобланарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга мактуб йўллаб, Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳони ўзларига жуфти ҳалол қилиб олишга ёрдамини сўрадилар. Нажоший бу хушхабарни Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога етказганида, у хурсандлигидан кўкка учаёзди. Кўнгли кўтарилиб, дарз кетган қалби яралари тузалди. Уни шодлик қамраб олди. Унинг қанчалик хурсанд бўлгани Аллоҳ таологагина аён эди. Нажоший Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳога иззат-икром кўрсатиб, унга кўп меҳрибонлик ва яхшиликлар қилди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан унга маҳр қилиб тўрт юз динор ва бошқа нафис ҳадялар тақдим этди. Ва уни Шураҳбил ибн Ҳасна билан биргаликда иззат-икромини жойига қўйиб, Мадинаи Мунавварага — Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига кузатиб қўйди. Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо Мадинаи Мунавварага келгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга Ҳижратнинг олтинчи ёки етгинчи санасида эри вафот этганидан сўнг уйландилар. Ўша вақтда Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ёшлари ўттиз олтида эди. Бу муборак турмушнинг никоҳини ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўқидилар. Аллоҳ таоло Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо туфайли қуйдаги оятни нозил қилган: عَسَى اللَّهُ أَنْ يَجْعَلَ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَ الَّذِينَ عَادَيْتُمْ مِنْهُمْ مَوَدَّةً وَاللَّهُ قَدِيرٌ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ Эҳтимол, Аллоҳ сизлар билан сизлар душман тутиб...
1 2