Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига ўн йил бўлганди. Шабон ойи эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларига тутинган ўғиллари Зайд ибн Ҳорисани олиб Тоиф томон йўлга чиқдилар. Тоифга бордилар ва у ерда ўн кун қолдилар. Аммо Тоифликлар Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даватларини рад этдилар. Унинг пайғамбарлигини тасдиқлаб, ислом динига эргашмадилар. Бошқаларни мусулмон бўлишидан қўрққанлари учун, уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқардилар. Тоифнинг болаларини ва қулларини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўтадиган йўлларининг ҳар икки томонига қўйдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлдан ўтаётганларида уларга тошлар оттирдилар. Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга отилган тошларга кўксини қалқон қилди. Аммо ҳамма отиладиган тошларни тўса олмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари қонади. Росулуллоҳ маккалик икки ватандоши бўлган Утба ва Шайбага тегишли бўлган бир боғга етиб келганларигача бу тош отишлар ва ҳақоратлар давом этди. Боғ олдига етганларида улар Пайғамбаримизни таъқиб этишдан воз кечдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам бир дарахтнинг соясига ўтирдилар, озгина дам олишни ҳохладилар. Боғнинг эгаси бўлган бу икки киши Росулуллоҳни яхши кўрмас эдилар. У зотнинг Исломгa қилган даъватларини қабул қилмас эдилар. Аммо у иккиси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга узоқ қариндош эди. Шу сабабдан У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга уларнинг қилган ишларга ғам чекардилар. Аддас исмли бир қулларини ёнларига чақириб: «Шу ердан бир бош узум ол. Уни мана бу товоқнинг ичига қўй. Kейин эса бу одамларга обориб ейишларини сўра!», дедилар Аддас уларнинг айтганларини қилди. Узумни товоқнинг ичига қўйиб У зотнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига қўйиб: «Mарҳамат, енг», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен қайси шаҳарнинг халқидансан? Дининг қайси?», деб сўрадилар. «Ҳристианман. Ниноваданман», деб жавоб берди қул Аддас. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Демак, сен Юнус пайғамбар алайҳис саломнинг юртидан экансан, шундайми?», дедилар. Аддас: «Юнус алайҳис саломнинг ким эканлигини сенга ким айтди? Аллоҳга қасамки у Ниновадан чиқиб кетгандир. Ниновада уни ким эканлигини биладиган ўн кишигина туради! Сен унинг ким эканигини қаердан биласан? Сен ўқишни ёзишни билмайдиган уммий қавм ичида бўла туриб буларни биласанми?», деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Mен Аллоҳнинг элчисиман! Аллоҳ менга Юнус алайҳис саломнинг ҳабарини берди. У менинг биродаримдир. У бир пайғамбар эди, мен ҳам бир Пайғамбарман!”, дедилар. Аддас: «Эй Аллоҳнинг элчиси! Менга Юнус ҳақида билганларингни айтиб бер!», деди. Пайғамбаримиз Юнус алайҳис салом ҳақида Аллоҳ таоло билдирганларини сўзлаб бердилар. Аддас: «Мен гувоҳлик бераманки, сен Аллоҳнинг қули ва элчисисан», деди. Кейин Пайғамбаримизнинг бошларини, қўлларини ўпди! Утба ва Шайба уларни узоқдан кузатиб турардилар. Бири бошқасига «Бу одам қулимизни бузиб, йўлдан чиқарди», деди. Ёнларига келганда Аддасга: «Эй Аддас сенга надоматлар бўлсин! Нима учун У одамни қўлларини ўпдинг?», деб сўрадилар. Аддас: «Эй ҳожам! Бутун ер юзида Ундан яхши инсон йўқ! У аниқ Аллоҳнинг пайғамбаридир!», деди. Икки дўст кулиб: «У сени ҳам сеҳрлабди! Тўхта, христианликдан қайтмагин. Чунки у ёлғончидир», дедилар. Аддас уларга: «У менга шундай гаплар айтдики, уларни Пайғамбардан бошқаси айтмайди», деб жавоб берди. Ўша куни Тоиф шаҳрида Аддас исмли қул бир ўзи мусулмон бўлди. Таржимон: Нодира Эркинжон Муҳаррир: Муҳаммад Одил 306
عن عبد الله بن مسعود رضي الله عنه قال : قال لي النبي صلي الله عليه و سلم :”اقرأ عليّ ” قلت: يا رسول الله آقرأ عليك و عليك انزل؟ قال:” نعم” فقرأت سورة النساء حتي اتيت الي هذه الاية : “فكيف اذا جئنا من كل امة بشهيد و جئنا بك علي هؤلاء شهيدا” . قال “حسبك الآن” فالتفت اليه فاذا عيناه تذرفان . رواه البخاري Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Менга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга Қуръон қироат қилиб бер”, дедилар. Мен “Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръон ўқиб берайинми?! Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса”, десам, Ул зот “Мен Қуръонни ўзимдан бошқа кишидан эшитмоқни яхши кўраман”, дедилар. Шунда мен Нисо сурасининг қуйидаги ояти “(Эй Муҳаммад), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнингпайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?” оятига етсам, У зот: “ Ҳозирча кифоя қилади”, дедилар. Кейин У зотга назар солсам, икки кўзларидан ёш қуйилаётган экан”. Имом Бухорий мазкур ҳадисни “Қуръон фазилатлари” китобида келтирганлар. Бу ҳадисни Бухорийдан ташқари Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмадлар ҳам турли лафзлар билан ривоят қилганлар. Мазкур ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуддан Қуръон ўқиб беришни сўрадилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундан ажабланиб “Эй Аллоҳнинг расули, сизга Қуръон ўқиб берайми?! Ваҳоланки, Қуръон ўзингизга нозил қилинган бўлса”, деб сўрадилар. Ул зот Қуръонни бошқадан эшитишни яхши кўришларини билдирдилар. Шундан кейин Ибн Масъуд “Нисо” сурасини ўқий бошладилар. Ва (Эй Муҳаммад), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнингпайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда, уларнинг ҳоли не кечур?” оятига етганларида Сарвари олам алайҳиссалом “ҳозирча етади” дедилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўқишдан тўхтаб Жанобимизга қарасалар Ул зот қиёмат кунида инсонлар қаршисига гувоҳлар келтирилганида қийин бўлишини ўйлаб кўзларидан ёш тўкаётган эдилар. Аллома Анваршоҳ Кашмирий “ Мазкур ҳадис Қуръонни бировдан эшитиш фазилатли амал эканига далолат қилади” деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёмат кунида гувоҳлик беришлари борасида турли фикрлар келтирилади: У зот аввалги пайғамбаларга, уларнинг ростгўй эканликларига гувоҳлик берадилар, улар эса ўз умматларига қарши гувоҳ бўладилар, Ўз умматларига гувоҳ бўлишлари, Умматлари ичидаги У зотни ёлғонга чиқарганларга қарши гувоҳлик берадилар. Бу ҳолатда мутакаббир, кофир ва мунофиқлар аҳволи не кечади?! Уларнинг қаршисида Аллоҳга энг яқин бўлган маҳбуб банда Муҳаммад ал амин соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳлик бериб турсалар. Ҳадисдан олинадиган фойдалар: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг фазллари. Расули акрам алайҳиссалом айнан бу кишига ўқитганлари шунга далолат қилади, Расулуллоҳнинг қалблари мулойим ва уйғоқ экани, Қуръон тиловати пайтида йиғлаш. Аллоҳ азза ва жалла барчамизга ўзининг қиёматга қадар ҳидоят маёғи бўлган каломи шарифини ўқиб, эшитиб дунёю охиратимизга манфаат олиш бахтини насиб қилсин! Тошкент ислом институти 3-курс талабаси Зикирё Бобораҳимов 359
Ойдин жуда кибрли қизча эди. У отасидан айрилганидан сўнг жуда камгап бўлиб қолди. Ҳар куни ўзларининг ҳашаматли ҳовлисида ёлғиз ўйнар эди. Қўшниси Бадрия билан бирга ўйнашни эса сира хушламас эди. Чунки Бадрия камбағал оиланинг фарзанди эди. Кунларнинг бирида Бадрия шошилганича Ойдинларнинг уйига келди ва: “Менинг отам оғир касал. Умри жуда оз қолди. Сизларни зудлик билан чиқишингизни сўраябди. Муҳим гаплари бор экан”-деди. Ойдин унинг гапларидан жеркиниб: “Бу камбағал киши менга нимани айтмоқчи бўлиши мумкин? Уйингизга эса бадбўй ҳиддан кириб ҳам бўлмаса керак”,-деди. Бир неча дақиқадан кейин Бадрия кўзларида ёш билан яна қайтиб келди ва: “Менинг отам ҳақиқатдан сизларга жуда муҳим гап айтмоқчилар. Гап шундаки, сизнинг отангиз ўлими олидан ўз олтинларини бир жойга кўмиб қўйган экан. Бу жойни эса фақат менинг отамга айтиб кетибди. У сизларга бу олтинлар ҳақида вояга етмасингиздан олдин айтмаслиги керак экан. Аммо ҳозир ўлими олдидан олтинлар қаердалигини сизларга айтмоқчи. Шошилинглар!” – деди. Бу гапларни эшитгач Ойдин дарҳол Бадрияларнинг уйи томон югурди. Аммо кеч бўлибди. Бадриянинг отаси эндигина жон берган экан. Ойдин ўзидан жуда хафа бўлиб кетди. У ёмон хулқи сабабли олтинлардан қуруқ қолган эди. Сиз балки бу қизча фақат олтинларни йўқотди деб ўйларсиз. Йўқ! Модомики, у ўзининг мана шу ёмон хулқидан воз кечмас экан, худди олтинларини йўқотгани сингари жаннатдан ҳам маҳрум бўлиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай хулқ эгалари ҳақида нима деганларини эшитинг: “لا يدخل الجنة من كان في قلبه مثقال ذرة من كبر” “Қалбида заррача кибри бўлган инсон жаннатга кирмайди” Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 276