islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 25, 2019

Day

Ислом тараққиёт банки ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди

    Ислом тараққиёт банки ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (428-сон, 23.05.2019 й.)    Қарор билан Ислом тараққиёт банки ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича Ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Ҳаракатлар режаси доирасида “Обод қишлоқ” дастурини молиялаштиришга Ислом тараққиёт банки жалб этилади.      Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ахборот технологиялари университети ва Ислом тараққиёт банки ўртасида Меморандум имзоланади.     Ислом хусусий секторини ривожлантириш корпорациясининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилади ва ҳамкорлик кенгайтирилади.     2019–2021 йилларда Ислом тараққиёт банки билан жами қиймати 2 млрд 42 млн доллардан кўпроқ миқдордаги 17 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Жумладан, “Бишкек–Душанбе–Термиз” автомобиль йўли реконструкция қилинади.    Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари 12 та лойиҳа амалга оширилади, мазкур лойиҳаларнинг қиймати 1 млрд доллардан кўпроқ.    Ўзбекистонда нейрохирургия хизматини юқори технологик тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш ушбу лойиҳалар қаторидан жой олган. 225

Қарзни ёзиб қўйиш фазилати

Қарз масалалари ҳар қандай даврда ва маконда ўзининг аҳамиятини йўқотмайди. Зеро, инсон бошқалар билан иқтисодий алоқа қилар экан албатта, бунда қарз олди-бердиси муҳим ўрин эгаллайди. Шунинг учун ҳам ислом шариати мазкур масалани батафсил баён қилиб ҳукмларни жорий қилган. Қарз масаласида Қуръони каримда “Бақара” сурасининг 282-283-оятларида зикр қилинади:      Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг. Орангизда бир ёзувчи адолат билан ёзсин. Ҳеч бир ёзувчи Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. Бас, ёзсин ва ҳақ зиммасига тушган киши айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эси паст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин. Иккови(аёл)дан бирорталари адашса, бирлари бошқасининг эсига солади. Ва чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Шундоқ қилмоғингиз Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Магар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам, сизга гуноҳ бўлмас. Олди-сотди қилганингизда, гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм беради. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир. Мана шу оятлар тафсирида Мустафо Зуҳайлий “Тафсирул мунир” китобида бундай дейди: “Эй иймон билан сифатланганлар! Агар молий маблағни ёки бирор нарсани қарзга берганларингиздек салам ва ҳар хил байларда муомала қилсанглар, бас, ўша муомалаларингизни маълум бир кун, ой ёки йилини баён қилиб, ёзиб қўйинглар. Номаълум бўлиб қолмасин. Чунки ёзиб қўйиш хотирада сақлашдан ишончлироқ ва низони кетказувчироқдир”. Аллоҳ таоло ёзиш суратини баён қилди ва унга масъул инсонни ҳам тайин қилдики, у ишончли, одил, фақиҳ ва икки тарафдан бирига  мойил бўлмай, ҳақни биладиган инсон ёзсин. Бу шахс қарздор ва ҳақдор ўртасидаги қози каби инсонлар каби бўлади. Сўнгра мана шу оят тафсири давомида гувоҳларни баён қила туриб, имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳни ривоятини келтирадики: гувоҳлар қуйидаги сифатларга эга бўлиши керак: ҳадни вожиб қиладиган фаҳш ишлардан саломат бўлмоғи; фарзларни адо қилувчилардан бўлмоғи; яхши ишлари кичик гуноҳларидан кўп бўлмоғи, чунки банда гуноҳдан холи эмас, яхши хулқларидан гуноҳи кўп инсондан эса гувоҳлик қабул қилинмайди; қимор ўйнамайдиган бўлмоғи; ҳаммомга ички кийимсиз кирмаслиги; жамоатни менсимай 5 вақт намозни қолдирувчи бўлмаслиги; кўп ёлғон қасам ичувчи бўлмаслиги; бесабаб бомдод суннатини тарк қилишда доимий бўлмаслиги; равшан каззобликда танилмаслиги; саҳобийларни очиқ-ойдин сўкмаслиги; инсонлар ва қўни-қўшниларини сўкмаслиги; фисқу фужурда инсонлар билан тортишмаслиги ва ҳоказолар. Аллоҳ таоло қарзни ёзишликдаги ва гувоҳ келтириб қўйишдаги ҳикматларни баён қилиб берди. Бу баён Аллоҳ таолонинг ҳукмларидаги собитқадамлик аломатларидир. Ҳукмда собитқадамлик эса ишончга яқин, хиёнатдан узоқдир. Қолаверса, икки тараф ўртасидаги адолатни  жорий қилади, қҚарзнинг жинсини, навини тайин қилиш борасидаги шаклларни ҳам зоил қилади. 4-курс талабаси Жамолов Нодиржон 250

АБУ ДОВУД РОҲИМАҲУЛЛОҲНИНГ УСТОЗЛАРИ ВА ШОГИРДЛАРИ

У ЗОТНИНГ ШАЙХЛАРИ Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ мусулмонлар диёрлари ичида буюк муҳаддислар яшаётган муҳим минтақаларга сафар қилганлар. У зот омонатдор ва ишончли шайхлардан ҳадис эшитдилар. Бу борада жуда ҳам кўп шайхлардан истефода қилдилар. Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ Абу Довуднинг Сунан ва бошқа китобларидаги келтирган ҳадисларини эшитган устозлари адади уч юзга яқин эканлигини зикр қилганлар. Абу Довуд ҳадис ўрганиш учун борган илм марказларида бир неча олимлар билан учрашганлар, улардан ҳадис ўрганганлар. Абу Довуд ҳадис ўрганган ҳадисшунос олимлардан машхурларини қуйида санаб ўтамиз: Имом, фақих, муҳаддис, ҳанбалий мазҳабининг асосчиси Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал аш-Шайбоний ал-Марвазий ал-Бағдодий (164-241). Абу Закариё Яҳё ибн Маъин ибн Авн ас-Сақафий (в.233). Абул Ҳасан Усмон ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба Иброҳим ибн Усмон ал-Абси ал-Кофи (в. 239). Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Маслама ибн Қаънаб ал-Қаънабий ал-Хорисий ал-Маданий (в. 211). Абул Ҳасан Мусаддад ибн Мусарҳад ал-Асадий ал-Басрий (в. 228). Абу Салама Мусо ибн Исмоил ат-Тамимий ал-Манқорий ат-Табузкий (в. 223). Ҳасан ибн Амр ас-Садусий ал-Басарий. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳнинг айтишича 230 йилда вафот этган. Абу Жаъфар Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Нуфайл ал-Ҳузаий ал-Ҳамароний (в. 234).   ШОГИРДЛАРИ Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳадис ва унга боғлиқ илмларда улуғ мартабага эришдилар. Бу зотнинг илму ирфонларидан баҳраманд бўлиш учун дунёнинг ҳар тарафидан толиби илмлар оқиб кела бошлади. Ҳатто у зотнинг баъзи дарс ҳалқаларида мингдан зиёд кишилар ҳадис эшитар эдилар. Шу боис у зотнинг шогирдлари ададини муайян миқдорга чеклаш мумкин эмас. Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳ ўз ҳаётларини ҳадис илмига фидо қилдилар. Бу йўлда кўплаб шогирдлар чиқардилар. У кишининг қўлида таълим олган машҳур шогирдлар орасида Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Абу Бакр ибн Абу Довуд, Абу Авона, Абу Бишр Дулобий, Алий ибн Ҳасан ибн Абд, Абу Усома Муҳаммад ибн Абдулмалик, Абу Саид ибн Аъробий, Абу Алий Луълуъий, Абу Бакр ибн Доса, Абу Солим Муҳаммад ибн Саид Жалудий, Абу Амр Аҳмад ибн Алий каби улуғ олимлар бор эди. Абу Довуддан у кишининг шайхи Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Атийра ҳадисини ёзиб олган. Бу ҳадисни у киши Абулашар Доримийдан, у отасидан ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан Атийра тўғрисида сўралди. У зот уни чиройли санадилар. Ибн Абу Довуд айтади: “Отам шундай деди: “Бу ҳадисни Аҳмад ибн Ҳанбалга айтиб берган эдим, у уни маъқуллади ва: “Бу ҳадис ғарибдир”, деди. Кейин менга: “Ўтириб тур”, деб кириб қоғоз, қалам ва сиёҳдон олиб чиқди-да: “Менга айтиб бер”, деб мендан уни ёзиб олди. Сўнг бошқа куни у билан кўришганимда, унинг олдига Жаъфар ибн Абу Самина келган экан. Аҳмад ибн Ҳанбал унга: “Эй Абу Жаъфар, Абу Довудда бир ғариб ҳадис бор. Ундан ёзиб ол”, деди. Шунда у мендан сўради. Мен унга айтиб бердим”. Атийра ражаб ойида сўйиладиган жонлиқ бўлиб, жоҳилиятда унга амал қилинар, Ислом келгач у насх қилинган эди… 405 – гуруҳ талабаси Нурбаев Ҳурмуҳаммад   192

Қарзнинг луғавий ва истилоҳий маънолари

  Қарз олди-бердилари қадимдан буён инсонга зарур бўлган асосий муомалалардандир. Чунки инсон жамоавий шахс бўлиб, бир ўзи яшаш инсонга қийинчилик туғдиради, шу боисдан  ўз биродарига муҳтож бўлади. Шунинг учун инсонларнинг баъзиси баъзиларидан қарз олиб туради. Замон ўзгаргани сайин бу муомаланинг кўринишлари аста ўзгариб борди. Ҳозирги кунга келиб эса бунинг кўринишлари ўзгача бир кўриниш касб этди. Айрим қарздорлар  қандай йўл билан бўлмасин, олган қарзини қайтармаслик илинжида бўлиб қолган, шунингдек молдор инсонлар ҳам қарз беришдан қочган. Бунинг оқибати яхши бўладими, ёки йўқми, бу уни мутлоқ қизиқтирмайди. Араб мамлакатларида “қарз” ҳамда “дайн” сўзлари мавжуд бўлиб, “пулни қарзга олмоқ”  маъносида “қарз” сўзини, “бирор таварни қарзга  олмоқ” маъносида эса “дайн” сўзини ишлатишади. Бизнинг диёрларда эса битта “қарз” сўзи ишлатилади. “Қарз”  луғатда арабча “اَلْقَطْعُ” яъни “кесмоқ” маъносини англатади. Бу “қарз”нинг аслий маъноси ҳисобланади. Бундан ташқари “қарз” “إِحْسَانٌ” “яхши” ёки “إِسَاءَةٌ” “ёмон” маъноларида ҳам ишлатилади. Агар бир одам “Фалончига  қарз бердим” деса, бундай ҳолда “Фалончига ўз молимдан маълум миқдорини кесиб, унга мулк қилиб бердим” деган маънода айтган бўлади. Бундан ташқари “қарз” сўзини бошқа бир неча маънолари ҳам мавжуд бўлиб, жумладан: “чақмоқ”, “кемирмоқ”, “ўймоқ”, “олдини олмоқ”, “барҳам бермоқ”, “қирқмоқ”, “тўқимоқ” ва ҳоказолардир. Ислом шариатида эса қарзнинг таърифи бундай «Аллоҳ йўлида, маълум муддатга, қайтариб беришни ният қилган, ундан фойдаланадиган одамга молни бериш»дир. Демак, қарзга олинган нарса қарзга олувчининг мулкига айланади. Уни хоҳлаганича ишлатади. Қарз берувчига эса бадалини берса бўлади. “Дурарул-ҳуккам фи шарҳи мажалладил-аҳком” китобида эса “қарз” бундай таърифланади: “Қарз деб – қарздорга берилган молнинг бадалини кейинчалик қайтариб олиш шарти билан берилган молга айтилади”. Қарз – қийматли (ўлчамли) ва мислий (бир-бирига ўхшаш) нарсаларда бўлади. Шунга кўра қарз “мақруз-қарз берилган нарса” деган маънони ҳам билдиради. Қарзнинг шаръий маъноси: «Бошқа кишига мислий (бир-бирига ўхшаш) молни унинг мислини қайтариб олиш шарти билан топшириш ва беришдир». Бу таърифда “мислини қайтариб олиш шарти билан” деган жумланинг қайд этилиши билан қарз доирасига  омонот, ҳиба, садақа, ория каби тасарруфлар кирмайди. Ҳиба ва садақага берилган нарсаларнинг айни ўзини ҳам эвазини ҳам қайтариб бериш шарт бўлмасада, лекин омонат ва орияга берилган нарсаларни айни ўзини қайтариб бериш вожиб бўлади. 4-курс талабаси Жамолов Нодиржон 250

АБУ ДОВУД РАҲИМАҲУЛЛОҲНИНГ АСАРЛАРИ

Абу Довуд роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадис илми борасида кўплаб китобларни ёздилар. Далоилун Нубувва, Китобут Тафаррут фис Сунан, Имом Аҳмаддан сўралган масалалар китоби, Носихул Қуръан ва мансухуҳу, Китобуз Зуҳд шулар жумласидандир. 1. المراسيل бу асар 1310 ҳижрий санада Қоҳирада чоп этилган. 2. الرد على القدرية Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ бу асар ҳақидаги фикрларини “Тадриб” китобида ва Ҳофиз ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ўзининг “تهذيب التهذيب” асарида “الرد على أهل القدر” номи билан келтирганлар. Бу китобни Абу Довуд роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилган зот Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Яқуб ал-Мутавассий ал-Басрийдир. Фуод Сизкин: “Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг Ал-исоба асарида бу китобдан иқтибослар келтирган”, деганлар. 3. “الناسخ و المنسوخ” бу китобни Абу Довуддан ривоят қилган зот Абу Бакр Аҳмад ибн Салмон ан-Нажжоддир. Имом Суютий ҳам бу асар ҳақида гапирганлар. Бу китобни Исмоил Бағдодий “ناسخ القرآن و منسوخه” номи билан зикр қилган. 4. “مسائل الإمام أحمد” бу асар фиқҳ бобларига монанд тартиблангандир. Унда Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳга берилган саволлар ва у зотнинг бу саволларга берган жавобларини зикр қилганлар. Бу китоб фиқҳ эътиборидан жуда мўътабар китобдир. Имом Абу Довуд бу асарда Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳнинг фикрларини омонат билан бизга ривоят қилганлар. 5. “كتاب الزهد” бу китоб парҳезкорлик бобида мўътабар асар ҳисобланади. Бугунги кунда унинг асл нусхаси Дамашқ шаҳридаги “Зоҳирийя” ва Фас шаҳридаги “Қорвин” кутубхонасида мавжуддир. 6. Ўзининг Сунан асари ҳақида ёзган рисоласи. Бу рисола Қоҳира шаҳрида аллома Муҳаммад Зоҳид Кавсарийнинг таҳқиқ ва таълиқлари билан 1369 ҳижрий санада чоп этилган. 1393 ҳижрий санада эса “بذل المجهود” асари билан бирга чоп этилди. 7. “إجاباته عن سؤالات أبي عبيد محمد بن علي بن عثمان الآجري” номли асари. Бу ҳақда Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ қуйидагиларни зикр қилади: “Абу Убайд жарҳ,таъдил, тасҳиҳ ва таълил борасида Абу Довуд роҳимаҳуллоҳга берган саволларига ўзининг берган жавобларини зикр қилган. Бу жуда фойдали асардир”. Фуод Сизкин эса бу китобни “سؤالات أجاب عنها أبو داود في معرفة الرجال و جرحهم و تعديلهم” номи билан зикр қилган. Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ўзининг “تهذيب التهذيب” асарида бу рисоладан фойдаланганлар. 8. “تسمية الإخوة الذين روي عنهم الحديث” асаридир. Бу асар ҳам учинчи ҳижрий асрнинг мўътабар асардаридан бири. Чунки муаллиф унда замонасининг ҳақиқий ҳадис ривоят қилишга салоҳиятли бўлган муҳаддислар номини зикр қилади. Бу асар ҳозирда Дамашқдаги “Зоҳирийя” кутубхонасида сақланади. 9. “أسئلة لأحمد بن حنبل عن الرواة و الثقات و الضعفاء” бу асар аввали ноқис нусхалардан бўлиб, ҳозирда Дамашқдаги “Зоҳирийя” кутубхонасида сақланади. Ҳижрий 1353 йилда “مسائل أبي داود” номи билан чоп қилинган. 10. “كتاب البعث النشور” бу асар ҳам ҳозирда Дамашқдаги “Зоҳирийя” кутубхонасида сақланади. 11. “المسائل التي حلف عليها الإمام أحمد”, бу асар ҳам Дамашқда мавжуддир. 12. “دلائل النبوة” бу китоб номини Исмоли Бағдодий ва ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳлар “تهذيب التهذيب” асарида зикр қилганлар. 13. “التفرد في السنن”, бу китобнинг номини Исмоли Бағдодий ўзиниг “هداية العارفين” асарида зикр қилган. 14. “فضائل الأنصار”, бу китоб номини Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ўзининг “تقريب التهذيب” асарида зикр қилиб ўтганлар. 15. “مسند مالك”, бу китоб номини Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ўзининг “تقريب التهذيب” асарида зикр қилиб ўтганлар. 16. “الدعاء”, бу китоб номини Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ўзининг “تهذيب التهذيب” асарида зикр қилиб ўтганлар. 17. “ابتداء الوحي”, бу...