islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oktabr 22, 2019

Day

Адаш, дедим, адашдим

Она тилим – олтин сандиғим Икки шоир, икки адаш, икки Турсунбой дўстларимга бағишланган ҳазил рубоий: Турсунбойга деди Турсунбой: Адаш, Шартми иккимизни Турсунбой аташ? Шеърхон адашмасин, бўлайлик энди Сен Турсун Али, мен ― Турсунбой Адаш. Бу сўзлар фақатгина икки шоирга эмас, адаш, дея адашувчиларга ҳам ҳазилдир. Нега исми бир одамларни адаш дейдилар, деб савол берсангиз, кўпинча, уларни бир-бири билан адаштирганлари учун, деган жавобни оласиз. Адаш сўзининг асли отдош эканини биров билса, биров билмайди. Шундай, қир сўзининг чекка ер деган маъносини билмаган киши қирғоқнинг қаердан пайдо бўлганини англамайди. Даланинг чеккаси қир, сувнинг чеккаси қирғоқ, эшик ё деразанинг чеккаси қирра. Шаҳ ёнин фарзин киби кажлар мақом этмиш, не тонг Ростравлар арсадин гар чиқсалар руҳдек қироқ. Арса ― майдон, қироқ ―чекка ер. Ҳазратнинг бу машҳур байтида биринчи сўз шахмат тахтаси, иккинчиси ― тахтанинг чеккасини билдиради. Фарзин ва руҳ ― сипоҳлар. Руҳ тўғри чизиқ бўйлаб тикка юргани учун у кўнгли тўғри, ҳақсўз, ҳалол инсонга ўхшатилмоқда. Фарзин эса гоҳ тик, гоҳ қиялаб, ҳар ёнга кетабергани учун дили эгри, қадами эгри, ҳар мақомга йўрғалайдиган кишиларга қиёс бўлди. Руҳ тўғрисўз бўлгани учун шоҳдан йироқда, шахмат тахтасининг чеккасида туради. Шундай бўлгач, фарзин каби кажравлар, эгри қадамлар шоҳ ёнидан жой олса не ажаб? Гўзал ва баркамол ташбеҳ. Сўзларнинг маъно юки залворли. Ўзаги қир бўлган қироқ сўзи бамисоли узукка кўз қўйгандек ўз ўрнида. Афсуски, Навоий бобомизнинг тил бойлигидан тўла баҳраманд эмасмиз. Бошқа кўп сўзлар еаби арса ҳам, қироқ ҳам унут бўлган. Бир эртакда айиқ билан деҳқон шерикликда карам экишади. Деҳқон айиқни алдаб “Ҳосилнинг тупи сенга, япроғи менга“, – дейди. Алданган айиқ келгуси йил: “Энди тупини сен оласан, барги менга“, – деб яна алданади. Чунки бу гал шолғом экишган эди. Нега илдизни туп дейдилар? Нега ёш келин ва куёвга, туп қўйиб, палак ёзинглар, деймиз? Илдиз ернинг тубида бўлади. Демак, туб тупга айланди. Бамисоли турб турупга, чўб чўпга, қолиб қолипга, кўршабпарак кўршапалакка айлангани каби, оғзаки тилда китоб, мактаб сўзлари китоп, мактап дейилганидек. Гулнинг тагида, бешикнинг тагида турадиган, биз тувак деб атайдиган сопол идиш аслида тубак экан. Туб сўзининг тубини изласа, балки биз эътибор қилмаган яна кўп сўзлар чиқар. Паст одамни тубан дейдилар. Туп илдиз бўлса, илдизли ер тупроқ бўлади. Гўё ўтли ер ўтлоқ, тошли ер тошлоқ, гулнинг, меванинг ёпинчиғи ёпроқ (япроқ) бўлгандек. Тупроқни биз турпоқ ҳам деймиз. Бу ― ёғмурни ёмғир деганимиз каби оддий ҳарф алмашинганими ёки ўзбекча тупроқ билан арабча турбат сўзларининг қўшилиши натижасида ҳосил бўлган янги сўзми? Нима дейсиз? Инсоннинг гавдаси бошдан бошланиб оёқда тугайди, одоқ бўлади. Оёқ қадимда одоқ дейилган. Демак одамзоднинг боши бош, одоғи одоқ экан. Бошга сочилган соч, уни чоч ҳам деймиз ва кўп деган маънода ҳам ишлатамиз. Соч толасидек кўп нарса чоч бўлади. Неки тўкилиб ётса тўкин, сочилиб ётса сочин. Мўл-кўлликни тўкин-сочинлик дейдилар. Сочдан пастда, бошнинг пешида, яъни олдида пешона. Пешонадаги ажинлар хатга ўхшайди. Ижодкор халқ бу чизиқларни қисмат ёзуви деб тасаввур қилган ва тақдирга тан берганда, пешонада борини кўрамиз, деган. Яна дейдиларки, инсоннинг пешонасига тескари хат битилган, бахтуомад ундан юзини терс ўгирган. Мирзо Бедил бу ривоятдан гўзал ташбеҳ чиқарган: Нақши маъкуси нигин аз сажда мегардаддуруст, Сарнавишти вожгунро рост месозад намоз. Яъни нигинга ― муҳр ўйилган узукка терс хат нақш этилган. Бармоқ букиб нигин қоғозга босилса, муҳрнинг терс хати ўнг бўлади. Эй, инсон, сенинг ҳам пешонангга тақдир хати чаппа ёзилган. Уни ўнг хатга айлантириш учун пешонангни саждага қўй. Сенинг халоскоринг намоздир. Ажиб қиёс, бедилона чуқур фалсафий байт! Пешона билан боғлиқ яна бир сеҳрли сўз. Руслар пешонани чело, инсон умрини век, дейдилар. Человек дегани пешонага битилган умр экан. Бошимизнинг икки томонидан ўсиб чиққан, кўзанинг тутқичидек ўзимизга ярашиб турган овозтутқич “локатор”имиз қулоқбўлади. Дарҳақиқат, қулоқ кўпинча тутқичмаъносида келади. Чойнакнинг, қумғоннинг, қозоннинг қулоғи бор. Қозончида ихтиёр қайдан қулоқ чиқарса, деймиз. Сув тутилган, боғланган ер ҳам қулоқ. Сўзимиз аввалида ўртага тушган саволларга қайтсак. Юрагимиз макон тутган ер ― кўкрак. Кўксим осмон деганимиз билан кўксу кўкракнинг кўк осмонга ҳеч бир алоқаси йўқ чиқди. Кўк қадимги туркий тилда эммоқ сўзининг ўзаги экан. Бир кўкракдан сут эмган кўка, кўкалдошбўларкан. Демак, чинакам кўкрак аёлнинг кўкси экан. Биз эса қуруқ кўкракни кериб, кўксим қалқон, деб юрган эканмиз. Кўксимизда уриб турган юрак аслида юракми, ёки урак? Юрак урадими ё юрадими? Мен ўзимча урак дегим келади....

Миллат руҳи барҳаёт

Ҳар қандай халқнинг тили – ўша миллатнинг руҳи ҳисобланади. Ўзбек тили — давлат тимсоли, мулкидир. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалишини ифодалаб беради. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб белгилаб қўйилган. Шу тариқаўзбек тили мустақил давлатимизнинг қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Она тилимиз давлат тили мақомига кўтарилганига 30 йил бўлди. Бу ўз даврида том маънода оламшумул воқеа бўлган эди. Бу Алишер Навоий, МирзоУлуғбек, Бобур Мирзо, Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Фитрат сингари буюк сиймолар қалам тебратган буюк тилдир. Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги ҳамдир. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки хафтада битта тил йўқ олиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган камсонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Африка тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи хамон ўз ёзувларига эга эмас. Минглаб тиллардан таълим тизимида фойдаланишнинг имконияти йўқ. Интернетдан фойдалана олмайдиган тиллар ҳақида-ку айтмаса ҳам бўлади. Тилларни сақлаб қолиш учун эса, БМТ экспертларининг фикрича, бу тиллардан таълим тизимида кенг фойдаланишни йўлга қўйиш керак. Ҳозирги кунда чет тилларни ўқитиш ривожланмоқда. Шу ўринда баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтсак. Айрим ҳолатларда ёшлар ўртасида чет тилини ўзлаштириш борасида баъзи қийинчиликлар юзага келмоқда. Бунинг асосий сабаби ўз она тилимизни яхши билмаслигимиздир. Интернет маълумотларини кузатар эканмиз ўзбек тилидаги викепедиядаги кўплаб маълумотлар ҳали ҳам ўша 90 йилларда киритилгандан буён янгиланмаган. Ривожланган Япония давлатини олиб қарасак 2 жаҳон урушидан кейин иқтисодини тиклаш учун чет тилидаги кўплаб китобларни ўз ёшларига ўз тилида ўқитди. Бунинг натижасини эса фан техника соҳасида улкан ютуқларга эришаётганидан гувоҳи бўлиб турибмиз. Биз халқимиз тафаккур пойдеворини ўз тилимизда ривожлантирмас эканмиз бошқа тил, урф-одат, маданият ва жамият ҳамда давлатларга тобе бўламиз. Яратганга шукрлар бўлсинки, муҳтарам президентимиз томонидан ўзбек тилига катта эътибор қаратилмоқда. Туркий тиллар бўйича семинар ва давлатлар миқёсида учрашувлар ўтказилмоқда. Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт университети ҳамда махсус ёзувчи-шоирлар номига атаб қўйилган мактабларни ташкил қилинганлининг ўзи ҳам фикримизга ёрқин далил. Демак, ҳозирги кунда ўз она тилимизга бўлган эътиборни янада оширишимиз, адабиётга ошно бўлишимиз барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади. Интернет материаллари асосида Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими мудири в.б. А.Олимов 149

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни муржиийликда айблайдиганларга раддия

#РАДДИЯ • Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни муржиийликда айблайдиганларга раддия Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария», дедилар» (Термизий ривоят қилган). Тарихда, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг қадрларини пастга уриш ва обрўларини кетказиш мақсадида баъзи ғаразгўйлар томонидан у зотнинг шаънларига тўғри келмайдиган ҳар хил бўҳтонлар тўқилган ва у кишини муржиъа тоифасидан деб айблашга уринганлар. Бундай тоифалар ҳозир ҳам учраб туради. Буларнинг Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тўғрисида билдирган салбий фикрлари, Аҳли суннанинг ушбу буюк олимининг қадрларига ва обрўларига путур етказа олмайди. Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний «ал-Милал ва-н-ниҳал» асарида муржиийларни адашган фирқалар қаторида санаб ўтган. «Муржиия» калимаси араб тилидаги «иржо» сўзидан келиб чиққан бўлиб, икки хил маънони англатади: 1) Кечиктириш, орқага суриш, бирор нарсани вақтинча орқага ташламоқ (қўйиб турмоқ). Бунга Қуръоннинг «Аъроф» сураси, 11-оятининг маъносини мисол келтириш мумкин: «Айтдилар: «Уни ва акаси (Ҳорун)ни ҳозирча қўятур…» (Аъроф» сураси, 11-оят). 2) Бирор нарсага умид қилиш. Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Абдулкарим аш-Шаҳристоний ушбу асарларида таъкидлашларича, муржиия таълимотининг ақидасига «иржо» сўзининг биринчи маъноси мос келади. Чунки, муржиийлар мўмин банда бажариши лозим бўлган барча амалларни (фарз, суннат ва ҳ.к.) орқага сурганлар. «Иржо» сўзининг иккинчи маъносини ҳам уларнинг ақидасига қўллаш тўғри келади. Чунки, муржиийларнинг ақидасига кўра, худди кофирга тоат фойда бермаганидек, ҳар қандай гуноҳ-маъсият иймонга зарар етказмайди. Саййид Афифий «Ҳаят ал-имам Аби Ҳанифа» асарида келтиришича, «Шарҳ ал-мавоқиф» асари муаллифи айтишига қараганда, муржиий тоифасига мансуб Ғассон номли киши Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни муржиий тоифасидан деган. У мусулмонлар тан олган имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг эътиқоди билан бир хил эканлигини даъво қилиб, ўзининг мазҳабини ривожлантириш мақсадида ушбу гапни айтган (Афифий. Ҳаят ал-Имам Аби Ҳанифа. 190-бет). Ибн Абдулбарр раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишларича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳасадгўйлари кўп бўлган. Улар у зот ҳақида ҳар хил бўҳтонлар тўқиганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан муржиийлик айби қўйилиши ҳам шулар жумласидандир (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми. 195-бет, «Sharq» нашриёти, 2011й.). Аллома Абул-Маҳосин Қувнавийнинг таъкидлашича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи хаворижларнинг ақидасига зид ўлароқ, кабира гуноҳ қилган одамни Аллоҳнинг иродасига ҳавола қилганлар. Агар хоҳласа, афв этади, деганлар. Бу эса, ўз навбатида у кишига нисбатан муржиий, деб таъна тоши отилишига сабаб бўлган (Алий Қорий. Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар. 18, 185-бетлар. Дамашқ, Дор ан-нафоис, 2009й.). Аслида эса, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳласа гуноҳи кабираларни кечиши мумкинлиги – Аҳли сунна ақидаси эканлиги ҳаммага маълум. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Аҳли сунна ва муржиийлар эътиқоди орасида катта фарқ мавжуддир. Муржиийлар ақидасига кўра, Аллоҳни танишнинг ўзи кифоя қилади. Тоатлар ва ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳ-маъсиятлар иймонга фойда ҳам, зарар ҳам етказмайди. Аҳли сунна ақидасига кўра эса, иймон келтиришда Аллоҳни танишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки қалбда ихтиёрий тасдиқ ва тилда иқрор бўлиши лозим. Шу билан бирга мўмин одамга тоатлар фойда беради ва гуноҳ-маъсиятлар унга зарар бўлиб, дўзах томон етаклайди (Бобиртий. Шарҳ ал-Васият. 110-бет). Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарларида, муржиийларга хеч қандай алоқалари йўқ эканлигини ўзлари очиқ ойдин кўрсатиб: «Биз муржиийларга ўхшаб, тоатларимиз қабул қилинган ва гуноҳларимиз афв қилинган, демаймиз», деганлар. Аллома Омадийнинг айтишига қараганда, муътазила тоифаси дастлабки даврларда тақдир масаласида ўзларига хилоф чиққанларни муржиий, деб атаганлар ёки...

Ўзбек тилининг жамият тараққиётида тутган ўрни

Тил ўзида миллат қиёфаси, урф-одатлари, асрлар давомида шаклланган қадриятларини акс эттиради. Она тили халқнинг ҳаётини намоён этиб, келгуси авлодлар учун бебаҳо маънавий бойликдир. Шу боис ҳам мустақил Ўзбекистонда давлат тилига муҳим эътибор қаратиб келинмоқда. Жорий йилнинг 21 октябрь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2019 йил 4 октябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ва унда белгиланган вазифалар ижроси доирасида “Ўзбек тилининг жамият тараққиётида тутган ўрни” мавзусида 1-4 курс талабалари иштирокида маънавият соати  бўлиб ўтди.Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Ўзбекистон” телерадиокомпаниясининг олий тоифали суҳандони Ш.Қаюмов, институтнинг матбуот котиби Аброр Абдуазимов, Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи в.б. А.Олимов сўзга чиқиб, ёшларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишида айнан она тилимизнинг ҳиссаси тенгсиз экани, ўз она тилининг софлиги ва тараққиёти учун барча бирдай курашмоғи зарурлиги, Мир Алишер Навоий, Мирзо Бобур каби буюк аждодларимизнинг ижодини ўрганиш жуда катта билимни талаб қилиши, бунинг учун биз, энг аввало, диний-дунёвий илмларни пухта ва чуқур эгаллаш билан биргаликда араб, форс, турк қолаверса, бошқа хорижий тилларни ҳам билишимиз кераклиги, сўзлашув маданияти ва имло қоидаларига риоя қилиш, саводли бўлиш учун кўп китоб мутолаа қилиш, ўқиш ва ёзиш санъатини имкон қадар ўрганиш лозимлигини айтиб ўтилди. Ўз навбатида таъкидлаш керакки, тилшунослар маълумотига кўра, бугун ер юзида 7 мингга яқин тил ва лаҳжа бўлиб, шулардан бор-йўғи 178 таси давлат тили мақомига эга. Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, она тилимизнинг софлиги, унинг бойиши йўлида жон куйдиш фарзандлик бурчи эканини англаб етдилар. 4-курс талабаси Нодиров Ҳумоюн 236

Ўзбек тилининг жамият тараққиётидаги ўрни

Минг йилдирки, булбул каломи, Ўзгармайди яхлит ҳамиша. Аммо, шўрлик тўтининг ҳоли, Ўзгаларга тақлид ҳамиша. Она тили – муқаддас тушунча. Ҳар бир инсон ўз она тилини улуғлайди, кўкка кўтаради. У орқали дунёни танийди, кашф этади, жамиятда ўз ўрнини топади. Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси ҳамдир. Шу сабаб ҳам “Тил бойлиги – эл бойлиги” дейишади. «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига 30 йил тўлгани муносабати билан 21 октябр куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида “Ўзбек тилининг жамият тараққиётидаги ўрни” мавзусида маънавият соати бўлиб ўтди. Унда “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ш.Қаюмов меҳмон бўлди. Домла талаба қизларга мулоқот давомида тилимизни қандай қандай ҳимоя қилсак, “Давлат тилида” иш юритишда ҳам уни гўзаллиги ва фасоҳатини сақлаб қолган ҳолда муҳофаза қилиш кераклиги, четдан кириб келаётган бегона сўзларни қўшмай соф ўзбек тилида мақола, шеър ва ҳикоялар ёзишни ўзига хос фазилатлари ҳақида маъруза қилди. Суҳбат сермазмун ва маълумотларга бой бўлди. Талаба қизлар ўзларини қизиқтирган саволларига домла Ш.Қаюмовдан етарлича жавоб олди.Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади. Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова 180