islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Noyabr 1, 2019

Day

Уламоларни ҳурмат қилиш вожибдир

Уламолар пайғамбарлар меросхўрларидир. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳ васалламдан сўнг одамларни ҳаққа чақирадиган, жоҳилларга таълим берадиган, адашганларни йўлга соладиган ва бидъатларнинг ҳалқ орасига кириб келишини олдини оладиган зотлардир. Аллоҳ таолодан чин маънода қўрқиш олимларнинг сифати эканлигини Ҳақ таолонинг Ўзи Каломи шарифида баён қилган. “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли Зотдир[1]”. Бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас[2]”. Амр ибн Мурра роҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: “Агар Аллоҳнинг Китобидан бирор оятни тушунмасам ўшандан ҳижолатга тушаман. Чунки Аллоҳ таоло: “Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас” деган”. Яна бошқа бир ўринда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сендан уларга нима ҳалол қилинганини сўрарлар. Сен: «Сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Овчи итларга ўхшатиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатган овчи ҳайвонларингиз сизга тутиб берган нарсадан енглар. Уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳисоби тезкор зотдир», деб айт! [3]”. Аллоҳ таоло ояти каримада таълим олган итнинг овда тутиб келган нарсаси мусулмонлар учун ҳалол эканлигини эълон қилмоқда. Агар шу овни ўргатилмаган ит олиб келса, у ҳаром бўлади. Шунинг ўзи ақл эгалари учун илмнинг шарафи нақадар улуғ эканлигини билдиради. Ибнул Қоййим оятнинг тафсирида худди шуни баён қилиб ўтган. “Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга мажлисларда силжиброқ ўтиринг, дейилса, бас, силжинг, агар туринг дейилса, туринг. Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир[4]”. Бу ояти каримада илм аҳлларининг даражаларини Ҳақ таолонинг Ўзи кўтаришини айтмоқда. Аллоҳ таолонинг ҳузурида илм аҳлларининг қадри баланд эканлиги тортишилмайдиган ҳақиқатдир. Олим инсонни жоҳилга тенглаштириб бўлмайди. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 9‑оятида шундай дейди: “Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Робби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар”. Бу оятда олим инсоннинг амал соҳасида ҳам пешқадамлардан эканлигига ишора бўлмоқда. Жоҳиллар орасида олимларни камситишга уринишлар доим бўлиб келган. “Олимнинг айтганини қил, қилганини қилма!” деган мақолни кўп марта эшитганмиз. Бу мақол олимни обрўсизлантириш мақсадида асосан жоҳиллар томонидан ишлатилади. Аслида бу мақол олимнинг обрўсига путур етказмайди. Чунки олимнинг айтганини қил, дегани, олим сенга муносиб, сен қила оладиган амални айтиб беради, қилганини қилма, дегани эса, сен унинг қилганини қила олмайсан, деган маънодадир. Зеро Аллоҳни танийдиган олим инсон беамал бўлмайди. Беамалларни эса шариат олимлари деб айтилмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳ васалламдан ҳам уламонинг фазли тўғрисида бир неча ҳадислар ворид бўлган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги, менинг сизларнинг энг пастингиздан ортиқлигим кабидир. Дарҳақиқат Аллоҳ ва Унинг фаришталари, осмонлар ва ер аҳлллари ҳатто уясидаги чумоли ва ҳатто балиқ одамларга яхшиликни таълим берадиганга саловат айтади”, дедилар[5]”. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳ васаллам: “Ким илм талаб қилиб йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бир йўлга йўллаб қўяди. Дарҳақиқат фаришталар қанотларини илм талаб қилувчи учун рози бўлган ҳолида тўшаб туришади. Олим учун осмонлару ердагилар, сувдаги балиқлар истиғфор айтади. Олимнинг обиддан ортиқлиги ўн тўрт кечалик ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлиги кабидир. Дарҳақиқат уламолар набийларнинг меросхўрларидир. Набийлар дийнор ва дирҳам мерос қолдиришмаган. Улар...
1 2