islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Саҳобаи киромлардан бирини сўкиш ҳақоратлаш ҳукми (3-қисм)

Имон ва солиҳ амалларда бир-бирлари билан пойга ўйнаганлари, ислом одоби ва маданиятини тарқатишда қанчалар олийжаноб бўлганлари, кофирлар ва турли дин душманлари билан аёвсиз курашишлари, уларга қарши зарур ўринда маърифат билан ва зарур ўринда эса қурол билан бутун билим ва савияларини ишга солганлари, Ислом динини энг гўзал ва ёқимли, маърифатпарвар, ҳақиқатпарвар, тараққийпарвар дин сифатида ҳамда унинг ҳукмлари марказида инсон омили турганини бутун дунёга кўрсата билган зотлардир. Ислом дини шиорлари, Аллоҳ ва Унинг расулининг сўзлари олий бўлиши учун куч-ғайратларини, ҳимматларини сарфлаганлари, фарз ва суннатларни ўргатишда энг олийжаноб устоз бўлганлари – буларнинг барчаси саҳобалар розияллоҳу анҳум ажмаъинларнинг даража ва фазилатлари қанчалик олиш эканига далил бўлади.

Агар улар бўлмаганда, уларнинг қатъийликлари, жидди-жаҳдлари, ҳиммату ғайратлари бўлмаганда, ҳақиқатда ҳам, Ислом дини бизга етиб келмаган бўлар эди. Динимизнинг усул ва фуруъ жиҳатларини, фарзу суннатларни, ҳадислар ва брор бир бошқа хабарларни ҳам била олмаган бўлар эдик.

Ким уларни сўкса, ҳақоратласа, уларнинг обрўларига таъна етказишга ҳаракат қилса, шубҳасиз у киши имонсиз ҳисобланади ва диндан чиқади. Бундай кишининг Ислом миллатига дахли бўлмайди. Таъна қилиш, ҳақоратлашга тил бориши кишининг қалбидаги саҳобаларга нисбатан эътиқодининг ёмонлиги, қалбини тубида уларга нисбатан адовату хусуматларини илдиз отгани, шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз муқаддас китоби Қуръони каримда улар ва Расул акрам ҳақларида айтган мақтов ва улуғлашларни инкор этиш сабаб бўлади. Уларнинг фазилатларини, маноқиблари ва муҳаббатларини тан олмасликдан пайдо бўлади. Ваҳоланки, саҳобалар асарларда келтирилган василаларнинг ризоликка етказувчироғи, нақлларда келтирилган воситаларнинг ризоликка етказувчироғидирлар.

Ана шу воситачиларга таъна қилиш, уларни ҳақоратлаш ва бошқа хорликлар қилиш аслга нисбатан қилинган таъна, ҳақорат ва разиллик ҳисобланади. Нақл этувчини нишонга олиш манқулни, яъни манбани нишонга олишдир. Демак, аслида Аллоҳ ва Расулини ҳақорат қилган бўлиб чиқади. Аллоҳ бундай гуноҳдан паноҳ берсин! Бу ҳукм ақидаси ва қалбида мунофиқлик аломатлари бўлмаган, зиндиқлик ва чуқур кетишлардан саломат бўлган ҳар бир кишига қуёш ёруғлигидек равшандир.

Бу маънода Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари ҳаммага кифоядир:

إن الله اختارني و اختار لي أصحابا فجعل لي منهم وزراء و أنصار و أصهار فمن سبهم فعليه لعنة الملائكة و الناس أجمعين لا يقبل الله منه يوم القيامة صرفا و لا عدلا

Ҳақиқатан Аллоҳ таоло бандаларини орасидан мени танлаб олди. Саҳобаларни ҳам мен учун Ўзи танлаб олди. Улардан менга вазирлар, ёрдамчи ва қариндош бўладиганларини таъйинлаб қўйди. Бас, ким уларни сўкса унга фаришталар ва одамларнинг ҳаммасини лаънати бўлсин. Қиёмат куни ҳеч қайси амалларини Аллоҳ қабул қилмайди.

عن أنس بن مالك رضي الله عنه قال : قال أناس من أصحاب رسول الله صلى الله عليه و سلم : إنا نسب فقال رسول الله صلى الله عليه و سلم : من سب أصحابي فعليه لعنة الله و الملائكة و الناس أجمعين

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда саҳобаи киромлардан бир нафари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдилар: “Бизни сўкяптилар (ҳақорат қиляптилар)?!”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг асҳобимни сўккан кишига Аллоҳнинг, фаришталар ва одамларнинг ҳаммасини лаънати бўлсин!”,- дедилар.

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : إن الله اختارني و اختار لي أصحابي و جعل لي أصحابا و إخوانا و أصهارا و سيجيء قوم بعدهم يعيبونهم و ينقصونهم فلا تواكلوهم و لا تشاربوهم و لا تناكحوهم و لا تصلوا عليهم و لا تصلوا معهم

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳақиқатан Аллоҳ таоло бандаларини орасидан мени танлаб олди. Саҳобаларни ҳам мен учун Ўзи танлаб олди. Улардан менга вазирлар, ёрдамчи ва қариндош бўладиганларини тайинлаб қўйди. Улардан кейин тез кунларда бир одамлар келади. Саҳобаларимни айблайдилар, улардан нуқсонлар топадилар. Ундайлар билан бирга таомланманг, бирга (чой, сув ҳам) ичманглар. (қизларингизни) уларга никоҳлаб берманглар. Жанозаларини ўқиманглар. Биргаликда намоз ҳам ўқиманглар”.

عن ابن مسعود رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : إذا ذكر أصحابي فأمسكوا و إذا ذكر النجوم فأمسكوا و إذا ذكر القدر فأمسكوا

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Асҳобимни гапирсалар, бас, (сиз гапиришдан) тийилинглар. Юлдузларни гапирсалар, бас тийилинглар. Тақдирни гапирсалар, бас тийилинглар”.

Олимлар “тақдирни гапириш”нинг маъноси қадари-қазонинг сир-асрорларини ўзбошимчалик билан таҳлил қилиш, у ҳақда турли хаёлига келган гапларни гапиришни назарда тутганлар. Қадари-қазо инсон ақли комил етмайдиган жумбоқли масала бўлиб, унинг ҳукмини ҳар жиҳатдан Яратувчининг ўзига ҳавола қилиш энг тўғри йўл бўлади. Банда тақдир ҳақида масалан “уни қилганда бундай бўлар эди, уни қилмаганда бундай бўлмас эди ва ҳаказо нарсаларни ўйламаслиги керак бўлади. Балки, бу ишни тарк этиш, ундан тийилиш имон аломатларидан ҳисобланади. Тақдирни муҳокама қилишдан сақланишда Аллоҳ таолонинг амрига бутунлай бўйсуниш, Унга итоат қилиш бордир.

Шунингдек, мунажжимларнинг башоратлари, юлдузларнинг осмон узра ҳаракатида инсонга баъзи таъсирлар бор, деб эътиқод қилиш ҳам, ҳатто бу ишларда Аллоҳ таолонинг иродаси, хоҳиши бор деб ишониш оғир гуноҳлардан бўлади. Балки бу булан у одам мушрик – Аллоҳ Аҳад Фарду Сомадга шерик келтирувчи бўлади. Аллоҳга ширк келтириш инсон учун энг машъум зулмдир.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси, “Тўхтабой” жоме масжиди имом хатиби
З.Шарифов

100430cookie-checkСаҳобаи киромлардан бирини сўкиш ҳақоратлаш ҳукми (3-қисм)
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!