islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди, унутилмайди!

1928 йил. Ўн тўрт жон яшаб турган хонадон тортиб олинди. Қаҳратон кунларда катта оила ёзги ҳовлида ҳам қишнинг, ҳам замоннинг қаҳридан совуқ қотиб, қийналиб яшай бошлади. Аммо бу билан азоблар битмади, тугамади. Ота-ўғил кўп вақт яшириниб юришга мажбур бўлди. 1929-1930 йиллар давомида орган ходимлари бир неча бор уларни олиб кетиб, ош-овқатсиз, сувсиз ҳолда кечгача сўроққа тутди. Шу зайлда вақт ўтди. Бироқ муҳит, муносабат ўзгармади.

1937 йил 14 август. Тунги соат уч. Бу гал ота-ўғил ҳеч бир сўроқсиз, асоссиз қамоққа олинди. Хонадондан иккита юк машинасида нодир қўлёзма китоблар олиб кетилди. Ота-болани дастлаб НКВД ертўласида, кейинчалик эса Олой бозорига яқин жойдаги қамоқхонада сақлашди. Орадан чамаси олти ойлар ўтгач, ота қамоқдан озод этилди. Ўғил эса Сибирга бадарға қилинди. 1938 йил ноябрь ойида у отиб ўлдирилди.

Энг асосий гап: Уларнинг “айби” Ислом динини севгани, “гуноҳи” маърифатли инсон бўлгани эди.

Бу таниқли дин уламоси Эшон Бобохон ва унинг фарзанди Зайнуддинхоннинг аччиқ ҳаётидан бир лавҳа эди. Шундай машаққат ва зуғумлар, йўқотишларга қарамай, бу оила вакилларининг иродаси синмади, эътиқоди сўнмади. Ҳеч бир зулм уларнинг шижоатини енголмади. Аксинча. Сулола муқаддас динимиз учун қийин-қистовли, оғир замонларда мусулмонлар орасида иймон-эътиқодни мустаҳкамлаш, исломий маърифат ва маънавиятни тарғиб қилишда фидойилик, жасорат кўрсатди. Натижада ҳар дилда, ҳар уйда Қуръони карим тиловат қилинди. Чақалоқлар қулоғига азон айтиб, исм қўйилди. Оталаримиз, оналаримиз жанозасиз кўмилмади, муборак қабри зиёратсиз, дуосиз қолмади.

Булар ҳақида Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхоннинг 37 набираларидан бири Амирсаидхон Усмонхўжаев қуйидагиларни сўзлаб берди:

– 1943 йилнинг куз ойларида Тошкентда диний ташкилот ва масжид очишга Москвадан рухсат бўлади. Бироқ ҳукумат диний идора учун бино ажрата олмаслигини билдирган. Шунда бобом Эшон Бобохон ҳукумат вакилларига “Диний идора эски шаҳардаги Ҳазрати Имом даҳасида бўлиши керак, шунинг учун 1928 йилда мусодара қилинган уйимни қайтариб берсанглар”, деган эканлар. Шунга кўра, уч кун ичида уй қайтариб берилади. Шу йили таъмирланади. Ўн икки йил давомида Диний назорат идораси бўлиб хизмат қилади. Мазкур дин марказини жиҳозлаш мақсадида асрлар мобайнида ота-боболари томонидан ва ўзлари тўплаган нодир китобларни тортиқ этиб, кутубхона очишган. Тоғам Зиёвуддинхон муфтийлик маошининг тенг ярмини муттасил равишда шу кутубхонага китоб олиш учун ўтказиб борган. Бу иш йигирма беш йилдан ортиқ давр мобайнида узлуксиз давом этган. Кутубхона Тошкентдаги бой илм хазиналаридан бирига айланган экан. Унда Қуръони каримнинг ҳар хил ҳажмдаги қўлёзма ва босма нусхалари, тафсирга оид китоблар, ҳадис, фиқҳ, араб сарф – наҳви, мантиқ, тарих, тиб, шеърий тўпламлар, жуғрофия, фалсафа, илоҳиёт, риёзиёт, фалакиёт ва бошқа фанлар бўйича ёзилган асарларнинг шарҳлари билан танишиш мумкин бўлган.

Бобом Эшон Бобохон ҳазратлари ҳаракати билан 1945 йили собиқ иттифоқ мусулмонлари ҳаж сафарига бориши қайта тикланади. Бобом ана шу муқаддас сафарда зиёратчилар гуруҳига раҳбар сифатида Маккада Саудия Арабистони подшоси Абдулазиз ибн Сауд қабулида бўлганлар. Ўша йили Ислом давлатлари билан ташқи алоқалар ўрнатилиши ва собиқ иттифоқ мусулмонларининг ҳар йили ҳаж сафарига боришига асос солинади.

Шу тарзда муфтий Бобохоновлар сулоласи 1943-1989 йилларда шўро давлатида динимизни қайта тиклашга, диний кадрлар тайёрлашга, халқлар ўртасида дўстлик ўрнатишга хизмат қилди. Бобом Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг асосчиси, биринчи раиси, айни пайтда Ўрта Осиёдаги беш жумҳуриятнинг муфтийси бўлган. 1945 йилда у кишининг ташаббуси билан Бухородаги Мирараб мадрасаси қайта очилган.

Бобом 1957 йилда 99 ёшида вафот этган. Шундан сўнг тоғам Зиёвуддин Бобохон муфтийликка тайинланади ва 25 йил давомида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларига раҳбарлик қилади. 1971 йилда унинг ташаббуси билан Тошкентда собиқ иттифоқдаги биринчи Ислом институти – Тошкент Олий ислом маъҳади очилади.

Бунга даҳрий сиёсати мафкурачилари катта тўсқинлик қилишган экан. Москавада: собиқ иттифоқда ислом институти бўлиши мумкин эмас” деганларга Зиёвуддин Бобохон “Майли, унга олий маъхад номини берамиз” деган эканлар. Ваҳоланки, маъхаднинг маъноси ҳам мактаб дегани.

1982 йил декабрида Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон 74 ёшида вафот этишидан сал аввал, у кишининг ўғли Шамсиддин Бобохон муфтийликка тайинланган ва етти йил шу лавозимда ишлаган. 1994 йилдан 2003 йилда 66 ёшида вафот этгунига қадар Ўзбекистоннинг аввал Миср, кейин Саудия Арабистони, шунингдек, Иордания, Кувайт, Баҳрайн ва Жазоирдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб хизмат қилган. Хуллас, 47 йил давомида ота-ўғил-невара Бобохоновлар Совет давлатини жаҳондаги 80 га яқин Ислом ва араб давлатлари билан дипломатик ва иқтисодий алоқалар ўрнатилишида аҳамиятли ўрин тутган.

Ҳа… Тақвоси кучли, имони мустаҳкам, эътиқодига содиқ Бобохоновлар сулоласи вакилларининг меҳнатлари, машаққатларининг тарихи узоқ, ҳар бири алоҳида китоб бўлгулик. Сулола босиб ўтган ҳаёт йўли бугун ва эрта учун катта ибрат мактаби. Шу сабаб ҳам Амирсаидхон Усмонхўжаев неча йилки, Бобохоновлар сулоласи тарихини ўрганиш ва диний-маънавий меросини тарғиб қилиш билан машғул. 2007 йил ноябрида Нижний Новгород вилояти муфтийси Умар Ҳазрат Идрисов ташаббуси билан Россияда “Муфтий Бобохоновлар” жамғармаси таъсис этилган ва жамғармага Амирсаидхон Усмонхўжаев раис этиб тайинланган.

Асли иқтисодчи бўлган 75 ёшли отахоннинг 2008 йил Москвада “Жизнь муфтиев Бабахановых: Служение возрождению ислама в Советском Союзе” номли биринчи китоби чоп этилган. Ушбу китоб 2011 йилда Тошкентда “Динимиз фидойилари” номи билан нашр этилган.

Амирсаидхон Усмонхўжаев ўзига қарашли ҳовлида “Муфтий Бобохоновлар тарихи” маънавий-маърифий кўргазмасини ташкил этган. Ушбу кўргазма зали сулола ҳаётига оид расмлар, ҳужжатлар, асарларга тўла. Мозийнинг ҳақиқий манзарасини жонлантирган бу хазинани янада бойитиш имкони бор. А.Усмонхўжаев бунга астойдил ишонади ва уни амалга оширишга қатъий бел боғлаган. Яқинда “Муфтий Бобохоновлар” жамғармаси Адлия вазирлиги давлат рўйхатидан ўтказилиши унинг ишончини янада мустаҳкамлади.

– Ниятим сулоламизнинг ҳамда юртимизнинг бошқа алломалари ва олимларининг илмий меросини чуқур ўрганиб, авлодларимизга етказиш, – дейди у. – Буни жамғармамизнинг ўзигина уддалаши қийин, албатта. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари кўмакка, ҳамкорликка тайёр эканини билдирганда ўзим учун ҳам, миллатимиз, фарзандларимиз учун ҳам жуда қувондим.

Ҳаётнинг оддий фалсафаси бор: эзгу амал, савобли иш замон ва макон танламайди. Хоҳиш, истак бўлса бас! Энг муҳими, у ҳеч қачон изсиз кетмайди, унутилмайди. Бобохоновлар сулоласининг тарих ва келажак олдидаги хизмати бунинг ёрқин исботи бўлиб қолаверади.

Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, Темур МАМАДАМИНОВ (сурат)

Манба: Uza.uz

104530cookie-checkТарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди, унутилмайди!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: