21. Имом Абу Исъҳоқ Иброҳим ибн Сиррий Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи (311-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» ояти тафсирида шундай деганлар:
معنى كلمة استوى هو استولى
Истиво қилди деган сўзнинг маъноси – эгаллади дегани («Маонил-Қуръон ва эъробиҳи», Абу Исъҳоқ Зажжож).
22. Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳи (321-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ақида» номли рисолаларида шундай ёзганлар:
ومن وصف الله بمعنى من معاني البشر فقد كفر
Ким Аллоҳни башар маъноларидан бирортаси билан сифатласа, батаҳқиқ кофир бўлибди.
Яна:
لا تحويه الجهات الست كسائر المبتدعات
У зотни олти тараф бошқа махлуқотларни (ўз ичига олгани) сингари ўз ичига ололмайди.
23. Имом Абу Ҳасан Алий ибн Исмоил ибн Исъҳоқ Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳи (324-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзининг «Ал-ибана фий усулид-дияна» номли китобида қуйидагиларни ёзганлар:
إن كان قائل: ما تقولون في الاستواء؟ قيل له: نقول إن الله عز وجل يستوي على عرشه استواء يليق به من غير طول الاستقرار
Агар, истиво ҳақида нима дейсиз, деб сўрашса, Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг Аршига, Ўзига лоиқ ҳолда, тўла қарор топмасдан истиво қилган деб айтамиз, дея жавоб берилади.
24. Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи (333-ҳижрий санада вафот этганлар) «Тавҳид» номли китобларида «Аллоҳ таолони макон билан васф қилиш жоиз эмаслиги» номли бобда шундай ёзганлар:
إذ قد ثبت ان قد كان و لا مكان… أن القول بالمكان ليس من نوع التعظيم و التبجيل
Зеро, У зот бўлгани, ва бирор маконнинг бўлмагани собитдир… Албатта (У зотга нисбатан) маконни айтиш улуғлаш ва мақташ навидан эмас.
25. Муҳаддис уламолардан ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳи (354-ҳижрий санада вафот этганлар) «Саҳиҳу Ибн Ҳиббон» китобида шундай деганлар:
كان الله ولا زمان ولا مكان
Аллоҳ бўлган, бирор замон ҳам, бирор макон ҳам бўлмаган.
26. Муҳаддислардан ҳофиз Абул Қосим Сулаймон ибн Аҳмад ибн Айюб Тобароний раҳматуллоҳи алайҳи (360-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ат-тафсирул-кабийр» китобида айтадилар:
والاستواء هو الاستيلاء ولم يزل الله سبحانه مستوليا على الأشياء كلها إلا أن تخصيص العرش تعظيم شئنه
Истиво қилиш эгаллаш дегани. Аллоҳ субҳанаҳу барча нарсаларни эгаллаган. Фақат Аршни хослаш Унинг шаънини улуғлашдир.
27. Имом Абу Бакр Аҳмад Розий Жассос Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (370-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Аҳкомул-Қуръон» китобида «истиво» оятини қуйидагича тафсир қилганлар:
استوى بلطفه وتدبيره وقيل استولى
Ўзининг латифлиги ва тадбири билан истиво қилди. Эгаллади деган маъно ҳам айтилган.
28. Фақиҳ ва муфассир имом Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (373-ҳижрий санада вафот этганлар) «Баҳрул-улум» номли тафсир китобида қуйидаги оятни тафсир қилиб айтадилар:
ثم استوى إلى السماء… (سورة البقرة – (29
والناس في هذه الآية ثلاثة أوجه قال بعضهم: نقرؤها ونؤمن بها ولا نفسرها وقال بعضهم: نقرؤها وفسرها غلى ما يحتمله ظاهر اللغة وهذا قول المجسمة وقال بعضهم: نقرؤها ونتأولها. وللتأويل وجهان: أحدهما صعد أمره إلى السماء وهو قوله كن فيكون والثاني: أقبل إلى خلق السماء
Инсонлар ушбу оят юзасидан учга бўлинган. Баъзилар «уни ўқиймиз ва унга иймон келтирамиз, лекин тафсир қилмаймиз» дейишган. Баъзилар «уни ўқиймиз ва луғатнинг зоҳири кўрсатиб турган маънога кўра тафсир қиламиз» дейишган, улар (Аллоҳ таолони жисм деб биладиган) мужассималардир. Баъзилар эса «уни ўқиймиз ва таъвил қиламиз» дейишган. Таъвилнинг икки йўли мавжуд. Биринчиси У зотнинг амри осмонга кўтарилди дейиш бўлиб, Аллоҳ таолонинг «бўл! деди, бас, бўлди» деган қавлига мувофиқдир. Иккинчиси эса осмонни яратишга киришди дейиш.
29. Имом Абу Бакр ибн Фаврак Асбаҳоний раҳматуллоҳи алайҳи (406-ҳижрий санада вафот этганлар) «Мушкилул-ҳадис» китобида айтадилар:
لأن استوائه على العرش سبحانه ليس على معنى التمكن والاستقرار بل هو على معنى العلو بالقهر والتدبير و ارتفاع الدرجة بالصفة على الوجه الذي يقتضي مباينة الخلق
Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳунинг Аршга истиво қилиши макон тутиш ва қарор топиш маъносида эмас, балки ҳукмронлик ва тадбир ила олий бўлиш, халойиқдан фарқ қилиш тақозо қилган жиҳатдан, бир сифат билан даражани кўтариш маъносидадир.
30. Муфассирлар имоми Абу Исъҳоқ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Саълабий раҳматуллоҳи алайҳи (427-ҳижрий санада вафот этганлар) қуйидаги оятни ўзларининг «Ал-кашфул баён ъан тафсирил-Қуръон» китобида шундай тафсир қилганлар:
وهو العلي العظيم (سورة البقرة – 255) – وهو العلي: الرفيع فوق خلقه بالتدبير والقوة والقدرة لا بالمسافة والمكان والجهة. العظيم: فلا شيء أعظم منه
У – олий ва буюкдир (Бақара сураси, 255-оят).
У олийдир: яъни, Ўзи яратган барча нарсаларининг устида тадбир, қувват ва қудрат жиҳатдан баланддир, аммо масофа, макон ва тараф маъносида эмас.
Буюкдир: яъни, Ундан буюкроқ ҳеч нарса йўқ!
Тошкент ислом институти битирувчиси
Нуриддинов Йўлдошбек Иброҳим ўғли