Маош деганда биз бугун ойлик иш хақини тушунамиз. Маош олдингми, маошинг қанча, деб сўраймиз бир-биримиздан. Аслида бу сўзнинг маъноси тириклик, ҳаёт кечириш, яшамоқдир. Ҳазрат Навоий ҳам “Маош айламак аждаҳо комида”, дея бу сўзни худди шундай маънода айтганлар. Яъни, шоҳ ҳузурида унинг истак-иродаси билан яшамоқ аждаҳо оғзида тириклик қилмоқ билан баробар.
Биз англаган маош асли шу маъно ҳосиласи. Қадимдан давлат хизматидаги кишиларга маош тайинланган, яъни тириклиги таъминланган.
Бу сўзга ўзакдош бўлган маишатнинг қисмати ажойиб. Яшамоқ маъносидаги бу сўз бугун ўзбеклар орасида айш-ишратни билдирса, урду тилида сўзлашувчи ҳиндлар уни иқтисод маъносида ишлатар эканлар.
Биламизки, ҳинд, урду тилларида бизга таниш сўзлар кўп. Бу сеҳрли юрт хонандаларининг қўшиқларида муҳаббат, инсон, олам, осмон сўзларини эшитсак яйраймиз. Халқларимиз ўртасидаги асрий дўстлик ришталарини эслатиб туради бу жаҳонгашта сўзлар.
Яна унутмаслигимиз керакки, бизга таниш ҳамма сўзлар ҳам биз тушунган маънони англатмайди.
Агар Ҳиндистонга журналист сифатида борган бўлсангиз зинҳор ба зинҳор камина мухбирман, дея кўрманг. Мен ярамас айғоқчиман, деган бўласиз.Чунки камина тубан, пасткаш маъносини англатади. Мухбир эса айғоқчи, жосус демакдир.
Яна бир маслаҳат, ҳиндистонлик дўстингизни ватанга таклиф қилмоқчи бўлсангиз, асло, сенга таклиф олиб келдим, ёки таклиф юбораман, деб айтманг. Негаки, таклиф сўзи кулфат келтиришни англатади.
У юртларда биров сизга хор-зор одамларни кўрсатиб, уларни ифлос деса ёки ифлосдан қутулиш ҳақида гапирса хаёлингиз бузилмасинки, гап қашшоқлар тўғрисида, қашшоқликни йўқотиш устида бораётган бўлади.
Ифлос ва муфлис сўзларини мумтоз адабиётимизда ҳам фақир, йўқсил маъносида кўплаб учратамиз.
Келинг, ёмон сўзларни четга суриб, ўзимизнинг ҳар жиҳатдан ёқимли маош сўзимизга қайтайлик.
Бу сўзнинг емак ва иш ҳақи маънолари бизга юнон тилидан кириб келган диета сўзининг икки маъносини эслатади. Диетани биз парҳез ўрнида ишлатамиз. Лекин аслида диета таом демакдир. Емакнинг ҳамма хили, қази-қарта ҳам, ёвғон шўрва ҳам диета ҳисобланади. Арслоннинг диетаси кийик, кийикнинг диетаси гиёҳ.
Қадимги Юнонистонда энг юқори давлат органи бўлган халқ мажлиси аъзоларига бериладиган иш хақи ҳам диета деб аталган.
Юнонча бу сўзнинг ҳаёт кечириш маъноси ҳам, тановул маъноси ҳам, маблағ маъноси ҳам арабча маошга мувофиқ келди. Энди бир савол қолди. Ўзимизнинг ош маошдан келиб чиққан эмасмикин ва ё, аксинча, ош сўзимиз плов сингари жаҳонгашта бўлиб араб юртига саёҳат қилмадимикан?
Бу масала ечимини билимдон тилшуносларимизга қолдириб, сўзимни нуқта билан эмас, каттакон савол белгиси билан тугатаман.
Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон халқ шоири
“Сўз латофати” китобидан
Манба: Uza.uz