- Имом Абул-Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий раҳматуллоҳи алайҳи (710-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-умда» номи билан машҳур «Ал-эътимод фил-эътиқод» китобида шундай деганлар:
أن التعري عن المكان ثابت في الأزل لعدم قدم المكان إذ هو غير متمكن وقد بينا أن ما سوى الله تعالى حادث فلو تمكن بعد خلق المكان لتغير عما كان عليه ولحدثت فيه مماسة لاستحالة قيام مماسة به قبل حدوث المكان والتغيير وقبول الحوادث من أمارات الحدوث وذا يستحيل على القديم والنص محتمل إذ الاستواء يذكر للتمام قال الله تعالى: «ولما بلغ أشده واستوى» والاستيلاء كما يقال استوى فلان على بلد كذا
Аллоҳ таолонинг макондан холилиги макон қадим бўлмагани учун ҳам азалдан собитдир. У зот макон тутувчи эмас. Юқорида биз Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсаларнинг ҳодис (кейин пайдо бўлган) эканини баён қилган эдик. Агар Аллоҳ маконни яратганидан сўнг маконга жойлашган бўлса, Ўз ҳолатидан ўзгарган бўлади, маконнинг пайдо бўлишидан олдин Аллоҳга туташиб турувчи нарса бўлмагани боис, тутатиш туриш У зотда янгидан пайдо бўлган бўлиб қолади. Ўзгариш ва янгиликларни қабул қилиш янги пайдо бўлган нарсаларнинг белгиларидир, шу боис унинг Қадим зотда бўлиши мумкин эмас. Насс эса «истиво» сўзи мукаммаллик учун зикр қилинди деб эҳтимол қилинади. Аллоҳ таоло айтди: «Қачонки вояга етиб, камол топганида…» (Қасос сураси, 14). Истило (эгаллаш) сўзи эса худди, фалончи бундоқ шаҳарни эгаллади деган гапга ўхшайди.
- Ибн Манзур номи билан машҳур луғат олими Муҳаммад ибн Мукаррам Ифриқий Мисрий раҳматуллоҳи алайҳи (711-ҳижрий санада вафот этганлар) «Лисонул-араб» номли китобида шундай ёзадилар:
وفي الآية استوى بمعنى استولى وظهر
Оятдаги «истиво қилди» деган сўз эгаллади ва устун бўлди деган маънодадир.
- Сунний уламолар ижмў қилган кўпгина масалаларда хилоф қилгани билан машҳур Аҳмад ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳи (728-ҳижрий санада вафот этганлар) «истиво» масаласида жамоат эътиқодини қабул қилганини (ашъарий мазҳабига ўтганини) эълон қилиб, жумладан шундай дейдилар:
أنا الأشعري… والذي أعتقده من قوله تعالى: «الرحمن على العرش استوى» أنه على ما قاله الجماعة أنه ليس على حقيقته وظاهره ولا أعلم كنه المراد منه بل لا يعلم ذلك إلا الله تعالى… كتبه أحمد ابن تيمية
Мен Ашъарийман!… Ва Аллоҳ таолонинг: «Раҳмон Аршга истиво қилди» ояти ҳақида шундай эътиқод қиламан: Албатта у жамоат айтган маънодадир, у ҳақиқати ва зоҳиридаги маънода эмас. Мен ундан ирода қилинган нарсанинг асл моҳиятини билмайман, балки уни фақат Аллоҳ таологина билади… Ушбуларни Аҳмад ибн Таймия ёзди («Фатҳул-Борий шарҳу саҳиҳил-Бухорий» асарини ёзган таниқли муҳаддис Ибн Ҳажар Асқалоний «Ад-дурарул камина фий аъянил-миатис самина» китобида Қози Нувайрийдан нақл қилиб келтирган).
- Шайх Аҳмад ибн яҳё ибн Исмоил ибн Жабҳал Ҳалабий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (733-ҳижрий санада вафот этганлар) Аҳмад ибн Таймияга ёзган раддия мактубида «истиво» ояти ҳақида шундай деганлар:
والاستواء بمعنى الاستيلاء
Истиво – эгаллаш маъносидадир (Субкий «Табақот»да келтирган).
- Бадриддин ибн Жамоа номи билан машҳур аллома Қози Муҳаммад ибн Иброҳим Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (733-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ийзоҳуд-далил» китобида айтадилар:
يتعين فيه معنى الاستيلاء والقهر لا القعود والاستقرار… والمراد بهذا الاستيلاء القدرة التامة الخالية من معارض وليس لفظة هنا – ثم – هنا لترتيب ذلك بل هي من باب ترتيب الأخبار وعطف بعضها على بعض
Истиво сўзида ўтириш ва қароро топпиш эмас, эгаллаш ва ҳукмронлик маъноси таъйин топади… Ушбу эгаллашдан мурод зиддиятдан холи, мукаммал қудратдир. Бу ердаги «сўнгра» деган лафз ушбу ишнинг тартиби учун эмас, балки хабарлар кетма-кетлиги тартиби бобидан бўлиб, баъзисини баъзисига боғловчидир.
- Ҳофиз Абу Абдуллоҳ Шамсуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон ибн Қоймоз Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳи (748-ҳижрий санада вафот этганлар) айтган қуйидаги гаплари «Ал-баён фий шарҳи сифотир-Раҳмон»да нақл қилиб келтирилган:
لا يمكن أن يكون الله تعالى جالس في العرش لأن كل من كان حاملا للعرش كان حاملا لكل ما كان في العرش فلو كان الإله على العرش لزم أن كون الملائكة حاملين لله تعالى وذلك محال
Аллоҳ таоло Аршда ўтирган бўлиши мумкин эмас. Чунки Аршни кўтариб турган зотларнинг барчаси Аршдаги барча нарсаларни ҳам кўтариб турган бўлади. Агар Илоҳ Аршнинг устида бўлса, фаришталар Аллоҳ таолони кўтариб турган бўлиши лозим бўлиб қолади. Бу эса маҳолдир.
- Қози Абдурраҳмон ибн Аҳмад Ийжий раҳматуллоҳи алайҳи (756-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-мавоқиф» китобида истиво ҳақида шундай дейдилар:
فقال الأكثرون هو الاستيلاء ويعود إلى القدرة
Кўпчилик олимлар айтишадики: истиво эгаллаш дегани бўлиб, қудрат маъносига қайтади.
- Имом ва фақиҳ аллома Тақийюдин Алий ибн Абдулкофий Субкий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (756-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ас-сайфус сақийл» китобида айтадилар:
فالمقدم على هذا التأويل – أي تأويل الاستواء بالاستيلاء – لم يرتكب محذورا ولا وصف الله تعالى بما لا يجوز عليه
Ушбу таъвилни муқаддам қилиш – яъни, истиво сўзини ргаллади деб таъвил қилиш қўрқиладиган жиноят ҳисобланмайди ҳамда Аллоҳ таолони Унинг ҳақида жоиз бўлмайдиган сифат билан сифатлаш ҳам бўлмайди.
- Ибнус Сирож номи билан машҳур аллома Қози Маҳмуд ибн Аҳмад Қувнавий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (770-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-қалоид» китобида айтадилар:
لا بد أن يفهم منه القهر والاستيلاء إذ هو أشرف معاني الاستواء فإذا تمدح به من هو المنزه عن المكان والجهات فأولى أن يفهم منه ما يليق به من الصفات
Истивони эгаллаш ва ҳукмрон бўлиш деб тушиниш лозим. Чунки у истивонинг маъноларининг энг улуғидир. Қачонки Аллоҳни Унинг макон ва тарафлардан поклиги учун мақтасанг, ушбу гапдан сифатлар ичида Аллоҳга лоиқ бўлганини тушуниш авлодир.
- Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий Ҳиндий раҳматуллоҳи алайҳи (773-ҳижрий санада вафот этганлар) «Шарҳу ақидатит-таҳовийя» китобида айтганлар:
الزمان والمكان من خلق الله تعالى فالله سبحانه لا يوصف بهما وإلا لزم قدم الزمان والمكان أو أن تكون ذاته تعالى محلا للحوادث وكلاهما محال فالحاصل أنه سبحانه متعال عن الزمان والمكان والله كان ولا شيء معه وهو الآن على ما عليه كان
Замон ва макон Аллоҳ таолонинг яратган нарсаларидандир. Аллоҳ субҳанаҳув улар билан сифатланмайди. Йўқса замон ва макон қадим бўлиши керак бўлиб қолади ёки Аллоҳ таолонинг зоти янгиликларга жой бўлиб қолади. Булар эса эҳтимолдан узоқдир. Хулоса шуки, Аллоҳ субҳанаҳув замон ва макондан олийдир. Аллоҳ бўлган, у билан эса бирорта ҳам нарса бўлмаган. У ҳозир ҳам олдин қандай бўлса шундайдир.
Тошкент ислом институти битирувчиси
Нуриддинов Йўлдошбек Иброҳим ўғли