islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тиббиётга доир замонавий фиқҳий масалалар

Шаръий ҳукмлар олинадиган манбаларидан бири бўлмиш масолиҳи мурсала қоидасини ҳаётга татбиқ қилиш шариат уни эътиборга олгани ёки олмаганлигига далил мавжуд бўлмаган ҳамда қиёс қилинадиган ўхшаши ҳам йўқ бўлган, жамият аъзоларига шариат кўзлаган манфаатни келтирувчи масалаларда шариат ҳукмини белгилаб бериш орқали амалга оширилади.

Қуйида масолиҳи мурсалани тиббиёт масалаларида татбиқ этилишини кўриб чиқамиз:

  1. Фарзанд кўришнинг янги услублари.

У икки хил тариқада амалга оширилади. Биринчи тариқа аёлнинг жасади ичкарисида амалга оширилади. Тухумдондан уруғчалар чиқадиган кунда эркакнинг уруғи олиниб, сунъий йўл ила аёлнинг қинига қўйилади. Сўнг маний ўзи табиий йўлида юриб бориб уруғчалар турган жойга етиб боради ва ўша жойда одатий урчиш ҳодисаси содир бўлади. Аёлнинг бирор аъзосидаги касаллик туфайли жинсий алоқага ярамаслиги ёки эркакнинг жинсий ожизлиги бу ишга мажбур бўлиш сабабларидан ҳисобланади.

Иккинчи тариқа “Зироатул ажана” ёки “Атфолул анобиб” номлари билан машҳур. Унинг жараёни шундай бўлади. Аёлнинг тухумдонидан уруғчани олиб, синов пробиркасига қўйилади. Сўнг эркакнинг уруғи олиниб, бачадоннинг ҳароратидаги пробиркага аёлнинг тухумчаси билан бирга қўйилади. Шунда ҳомила пайдо бўлади. Ундан кейин бир неча бўлакка бўлинади ва икки ёки уч кундан сўнг бачадонга кўчирилади. Бачадон деворига ўтқазилса, у табиий ҳомиладек ўсаверади. Бу ишни аёлнинг бачадони саломат, лекин тухумдони билан бачадон орасини боғловчи бачадон найлари ёпилиб қолса амалга оширилади.

Агар бу амалиётдан келиб чиқадиган маслаҳа ва зарарни солиштирсак маслаҳа тарафини олиш лозим эканини билиб оламиз. Бу ерда маслаҳа ота-она бўлиш бахтини рўёбга чиқаришдир. Маълумки, эркак киши фарзанди бўлишини хоҳлайди. Бу Аллоҳ тарафидан ҳаммага берган табиий ҳолатдир. Ҳадиси шарифда “Фарзанд талабини қўйма, чунки киши вафот қилганда фарзанди бўлмаса, унинг исми ўчади”[1] дейилади.

Аёл кишига нисбатан ҳам шундай дейиш мумкин, чунки унда меҳрибонлик ҳиссиёти бор. Уни фақат фарзандгина тўлдириши мумкин.

Агар бундан келиб чиқадиган зарарга қарайдиган бўлсак, бу ерда бир нарсани – авратнинг очилишини[2] – кўришимиз мумкин. Албатта бу зарар айтилган маслаҳалар муқобилида айтишга ҳам арзимасдек кўринади.

Биз биламизки, эркак киши фарзанд кўришга қодир бўлмаса, шариатимизда даволанишга рухсат берилган. Агарда даволанишда авратни очиш зарур бўлса, уни очишга шаръан рухсат бор.

Имом Нававий: “Ҳар қандай даволаниш учун ҳам авратни очиш мумкин бўлавермайди. Қачонки даволанишдаги маслаҳа, авратни сақлаш маслаҳасидан кўра кучлироқлиги урфда маълум бўлса, уни очиш жоиз бўлади”[3] дейди. Бу амалиётнинг яна бир маслаҳаси – наслнинг кўпайиши бўлиб, бу шаръий мақсаддир ва бунда кўпинча фарзандсизликдан содир бўлувчи талоқни олдини олиш ҳам бор. Бу амалиётда яхшилик чегарасидан ёмонлик чегарасига ўтиб кетишнинг олдини олувчи шартларга амал қилиш зарурдир.

2. Суд тиббиёти.

Суд тиббиёти дейилганда вафот этиш сабабини ўрганиш, қотилнинг жиноят содир этганини исботлаш ёки тухмат қилинаётган шахсдан туҳматни даф этиш мақсадида, жиноий ғаразлар учун ўлдирилган одамнинг танасини ёриб кўриш амалиёти назарда тутилади. Бу амалиёт ҳақ билан ботил орасини ажратувчи чегара бўлиб қолди. Чунки бир одам бошқасини овқатига заҳар солиш орқали ўлдирганда айбланса ва одамлар ёлғон гувоҳлик берсалар, ушбу ҳолатда ўликнинг жасадини ёриб кўриш жисмда заҳар асорати йўқлиги ва ўлим табиий сабаб ила бўлганини исботлайди.

Гоҳида одамни ўлдириб сўнг жасадини ёқиб юборган жиноятчи ўлим ёнғин туфайли бўлганини даъво қилади. Жасадни ёриб кўриш эса, ўлим жиноят туфайли содир бўлганини, ёнғин эса жиноятни устига ёпилган парда эканини исботлайди.

Танани ёриш амалиётида адолатни рўёбга чиқариш, бегуноҳ одамни жазодан сақлаш ҳамда ҳақиқий жиноятчини айбини исботлаш каби эътиборга молик маслаҳалар ва шаръий мақсадлар мавжуддир.

Ҳеч шубҳа йўқки, бу маслаҳа жасаднинг ҳурматини тўкишдаги зарардан кучлироқдир.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчи-стажёри
Лутпиллаев Шамсиддин

[1] Ҳайсамий. 4257-­ҳадис.
[2] Бу ерда авратни кўрсатиб бўлмайдиган шахсларга кўрсатиш назарда тутилмоқда.
[3] Нававий М. Мажмуъ. – Иордания.: Закариё нашриёти, – Ж.5. – Б. 135.

107680cookie-checkТиббиётга доир замонавий фиқҳий масалалар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: