islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом – илм динидир

Ислом тинчлик динидир. Биз бугун XXI аср техника ривожланган ва оммовий ахборот хуружлари кучайган бир даврда яшар эканмиз, дин омили энг муҳим ва чуқур ўрганилиши шарт бўлган соҳа ҳисобланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Келажак соҳиблари бўлган янги авлодни турли хил маънавий иллатдардан авайлаб асрашимиз бугунги кунимизнинг энг долзарб мавзуси бўлмоғи лозим.

Сўнгги пайтда кўплаб қўпорувчилик ҳаракатлари дин ниқоби остида ижро этилаётгани, дин ҳақида, хусусан, Ислом дини ҳақида салбий фикрлар туғилишига сабаб бўлмоқда. Бу ташвиқотларни ривожлантиришга уринаётганларнинг кўзга кўринмаган яширин бир мақсади Исломни қора қилиб кўрсатиш ва мусулмонларни ваҳший деб тасвирлашдир. Бундай ҳаракатлар ғарб дунёсида гоҳида матбуотчилар қўлида, гоҳида сиёсатчилар тилида, гоҳида дин пешволари сўзида намоён бўлмоқда.

Аслида, “Ислом” сўзи, سلم(силм) ўзагидан олинган бўлиб, луғатда “тинчлик” маъносидадир. Шунингдек, саломатлик, омонлик, хотиржамлик каби кўплаб маъноларни билдиради. Ушбу маъноларнинг барчаси бир-бирига узвий боғлиқдир. Мусулмон дегани бу Аллоҳга итоат қилиш билан бирга, У яратган мавжудотга тинчлик, хотиржамлик берувчи шахс демакдир. Мусулмон шахсиятига таъриф бериб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломатда бўлган киши ҳақиқий мусулмондир”, деганлар. Бу сўзларнинг акси ўлароқ, террор бузғунчилик, даҳшатга солиш, шиддат маъноларини ифодалайди. Ушбу икки сўз мазмун жиҳатидан бир-биридан қанчалик узоқ бўлса, моҳият жиҳатидан ҳам шунчалик фарқлидир.

Саҳобалар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам замонида нотўғри иш қилсалар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бу ишдан ўзлари ва Ислом дини пок эканлигини таъкидлаб қўяр эдилар. Усома ибн Зайд розиёллоҳу анҳу жанг майдонида “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кишинини ўлдириб қўйганлигини эшитиб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ундан қаттиқ ранжиганлар.

Холид ибн Валид розиёллоҳу анҳу асирларни ўлдирганини эшитиб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтариб: “Эй Аллоҳим, Холиднинг ишидан покман (норозиман)”, деб муножот қилганлар ва ўлдирилган асирлар учун хун тўлаб берганлар.

Бузғунчиликнинг асосида бадавийлик характери мавжуддир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида асосан иккита ижтимоий муҳит бор эди: шаҳарликлар ва илмсиз, жоҳил бадавийлар. Шаҳарларда ўша замон шароитига кўра маданият мавжуд эди. Бадавийлар эса, саҳрода яшайдиган кўчманчи қабилалар бўлиб, улар маданиятдан йироқ, саҳронинг қаттиқ шартлари ичида қўпол характерга эга эдилар. Ислом атрофга ёйилиб, уни барча элатлар қабул қилди. Булар ичида бадавийлар ҳам бор эди. Лекин бадавийларга боғлиқ муаммолар ҳам пайдо бўлди. Уларнинг ижтимоий ва маданий савиялари Исломнинг таълимотларини қамраб олиш учун етарли эмас эди. Уларнинг ҳолатлари Қуръоннинг “Тавба” сураси 97 – оятда шундай изоҳланади:

“Аъробийлар (одатда) куфр ва нифоқда кучлироқ ва Аллоҳ Расулига нозил қилинган нарсалар ҳудудини билмасликлари аниқроқдир. Аллоҳ (эса) илмли ва ҳикматлидир”.

Бадавийлар, яъни инкор ва нифоқ жиҳатидан шиддатлироқ бўлган, чегара билмас ижтимоий гуруҳлар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларида Ислом дунёсига кирдилар. Кейинчалик улар муаммолар чиқара бошладилар. Бадавийлар ичида етишиб чиққан Хорижийлар бунга битта мисол бўла олади. Бу тоифанинг асосий хусусияти ўта қаттиқ, ваҳший ва фанат эканликлари эди. Ислом асослари ва Қуръон ахлоқи хусусиятларига тамоман зид бўлган Хорижийлар ўзларидан бўлмаган мусулмонларга қарши уруш очдилар. Ҳазрат Али (ра) ана шу фаолият қурбони бўлганлар. Булар оддий чақириқ ва ваъдаларга осонгина алданувчи, диннинг асоси ва таълимотлари хусусида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган, жоҳилликлари сабабли фақатгина фанатликка асосланган оломондан иборат террор гуруҳи эди.

Машҳур рус анархизм асосчиси Михаил Бокунин террор ва террорчи образини: “Террорда битта мақсад – аёвсиз қириш мақсади бўлиши керак! Ана шу ният йўлида тўхтамасдан ва совуққонлик билан ҳаракат қилиш, ўлимга ҳамиша шай туриш террорчининг бош мақсадидир”, деб ҳамда “Идеалдаги террорчи мавжуд қонуний тартибни ва барча маданий дунё билан, унинг қонунчилиги, ахлоқи ва бошқа жиҳатлари билан ҳамма алоқани узган кишидир. Унинг учун фақат битта фан – йўқ қилиш, қириб ташлаш фани мавжуд”, деб таърифлаган .

Бундай бузғунчи фикрга одамлар кўр-кўрона эргашиб кетишларида террорнинг “оломон психологияси” катта таъсирга эга. Террорчилар оломон бўлган ҳолатда ҳаракат қиладилар. Оломон ичида инсоний тушунчалар йўқолиб, ҳамма бир томонга қараб кетаверади. Оломон ичида ҳаракат қилган киши ёлғиз ўзи қила олмаган ишларни қилади. Онгсиз ва ўзи хоҳламаган ҳолда ҳаракат қилади. Дунёнинг кўп ўлкаларида террор гуруҳлари ичида бир қанча ақлсиз ва жоҳил инсонлар нима қилаётганини ва нима учун қилаётганини билмасдан оломоннинг чақириқлари таъсири билан ҳиссиётга берилиб, аслида ўз ихтиёри билан қилмайдиган жиноятларга қўшилиб қолади. Бир онда қўли қон қотилга, тажовузкор исёнчига ва ғайриинсоний ишлар қила оладиган бир террорчига айланади. Ёлғиз ўзи тинч, сокин кўринган одам бир террор гуруҳига қўшилиб, бир уйга ўт қўйиши, бир бегуноҳ инсоннинг ҳаётига зомин бўлиши, бир корхонани вайрон қилиши, бир тўп одамларни ҳалок қилиши, ҳатто ўз жонини ҳалокатга ташлаши ҳам мумкин. Террорчилик ҳаракатларига қўшилаётган кишиларнинг кўпи ирода ва виждонлари заиф бўлгани учун оломон психологияси ичида “тўда” ҳолатига кириб қолгандир.

Ушбу “оломон психологияси” нотўғрилиги ва ақл-идрок билан ҳаракат қилиши лозимлиги Қуръони карим “Исро” сураси 36 – оятда шундай изоҳланади: “Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”.

Террорнинг ўзига хос, муҳим хусусиятларидан яна бири, нишонни таваккалига, кўр-кўрона, тўғри келган ҳар қандай жойни танлашидир.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёматнинг аломатларидан бири, қотил кимни ўлдирганинию мақтул нега ўлганини билмайдиган замоннинг келиши” деганлар. Ҳозир халифалик даъвосида уруш олиб бораётган кучларнинг ҳолати айни шунга ўхшайди.

Террористларнинг маълум бир аҳоли яшайдиган жойни ўзларининг гумонларига асосланиб портлатишлари бунинг яққол мисолидир. Террористнинг ҳеч кимни ажратмасдан нишонга олиши, қўрқувни ёйишнинг энг муҳим омилларидан бири саналади. Шундай экан, бу ҳолат ҳеч бир инсон тинчлик ва омонликда эмаслигини англатади. Бугун ўзгаларга қурол кўтариб турган илмсиз жоҳиллар, кун келиб, ўзининг шериклари билан фикрлари фарқли бўлиб қолса, улар ҳам бир – бирига нишон бўлиши ҳеч гап эмас. Уларга нишон бўлиш эҳтимоли бўлган кишилар эса, ўзларини ҳимоя қилиш учун ҳеч нарса қила олмайдилар. Чунки террорчи ўзи танлаган жойда ва ўзи истаган вақтда ҳаракатга киришади. Ана шунинг ўзи ҳам сиёсий террорчилик ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиб бўлмаслигини ва кўр-кўрона амалга ошириладиган ҳаракат эканлигини кўрсатади.

Террорни келтириб чиқишига сабаб бўлувчи асосий омиллар сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

1. Иқтисодий танглик.

2. Ижтимоий-маданий нуқсонлар.

3. Психологик-руҳий сабаблар.

4. Диний билимларнинг чала ўзлаштирилиши.

Иқтисодий танглик. Иқтисодий қийинчиликлар моддий жиҳатдан инсонга таъсир қилгани каби, психологик ва асаб жиҳатидан ҳам таъсир қилади. Шу сабабдан жамиятдаги мувозанатсиз даромад тафовутлари, террор гуруҳлари учун энг қулай имкониятдир. Ушбу мавзу ташвиқот (пропоганда) учун асосий қўлланма бўлиб, шу йўл билан истаганча натижага эришиш учун уринилмоқда. Уқувсиз, жоҳил кишиларни иқтисодий етишмовчилик сабабли турли томонга оғдириш жуда қулайдир. Бутун дунёдаги тартибсизликларда иштирок этувчиларнинг аксариятини ана шу тоифа ташкил этади. Тарихда юртимиз бу ҳолатни бошидан ўтказган. Коммунизм пропогандасининг алифбоси, йўқсилларни гиж-гижлаш билан бошланади. Коммунист идеологларининг одамларни ўзларига оғдириш йўлининг энг самаралиси ҳам иқтисодий ҳолатдир. Иқтисодий қийинчилик, моддий етишмовчилик каби муаммолар террорчиларнинг етишиб чиқиши учун муҳим омилдир.

Ижтимоий-маданий нуқсонлар. Маданий ўзгаришлар жамият ҳаётида ҳам бир қанча ўзгаришларни келтириб чиқармоқда. Тўғрироғи, ижтимоий ҳаёт тарзи маданий ўзгаришлар билан параллел равишда ўзгариб бормоқда. Жамиятдаги қадриятлар ва уларга эътибор замон ўтган сари ўзгармоқда ва давр эҳтиёжига кўра бошқаси билан ўрин алмашмоқда. Фақат ижтимоий соҳалар ва қадриятлардаги ўзгариш қанчалик тез юз берса ва жамиятнинг кўпроқ қисмини қамраб ололмаса, муаммолар келиб чиқиши ва ижтимоий мувозанатнинг бузилиши эҳтимоли кўпаяди. Жамиятда бир тоифа “оқ” деган нарсани бошқа тоифа “қора” деса, катта ихтилоф ва келишмовчиликларга йўл очилади. Албатта, ҳамма одамда бир хил фикрлаши имкони йўқ. Фақат муштарак масалаларда бирлашиш жамиятнинг давомийлиги учун зарурдир.

Бундан ташқари одамларнинг шаҳарларга, хусусан пойтахтларга кўчиб келиш кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Ишсизлик, иқтисодий ва ижтимоий ишончсизликлар баъзи бир муаммоларнинг келиш чиқишига сабаб бўлади. Муаммолар эса, одамларни бирор тартибсизлик чиқаришга ёки тартибсизликларга қўшилишга ундовчи воситадир.

Маданият арбобларининг зиммасига жуда катта масъулият тушиб тушган. Аввало маданият арбоблари кимлар? Халқ кимлардан ўрнак ва андоза олишлари керак? Бугунги баъзи одоб – ахлоқдан, дину диёнатдан узоқ бўлган санъатчиларимизни халқимизга ўрнак сифатида кўрсата оламизми? Жоҳиллар ўзларига ўрнак бўла оладиган комил шахсни топа олмас экан, албатта уни ўзга миллат ва ўзга юртлардан излай бошлаши табиий.

Психологик-руҳий сабаблар. Инсоний қобилияти, истедоди ва имконияти камроқ бўлган кишилар ўзлари яшаётган ижтимоий муҳитни ёқтирмайдилар. У атрофдагилардан алоқа, ҳурмат ва эътибор кўрмаётганини, аксинча баъзи ҳолатларда камситилаётганлигини ўйлайди. Алоқадор бўлиш, эътибор қозониш ва ҳурмат кўриш учун восита ва йўл қидиради. Бунга эришиш учун яхши, самарали ва фойдали бирор иш қилиш қўлидан келмагач, руҳий изтиробларини ва ғамларини бузғунчи ҳаракатлар билан кетказишга уринади. Бугунги содир этиладиган жиноят ва террористик хуружларнинг кўпи ғазаб, адоват, ҳасад, қасос, рашк каби руҳий ҳолатлардан келиб чиқиши сўзимизга яққол далилдир. Шунинг учун жамиятнинг барча қатламларида тушкун кайфият ҳосил бўлишига йўл қўймаслик, ҳамма одамларда келажакка умид ҳиссини уйғотиш ҳамда мавжуд шароитлардан яхшилик йўлида фойдаланиш мумкинлигини уларга сингдириш асосий чорадир.

Юқорида биз террорга етакловчи сабаблар дея санаб ўтган нарсаларнинг ечимини топиш муҳимдир. Бунинг учун турли соҳа мутахассислари ва барча тоифадаги шахслар “лоқайдлик” қобиғига ўраниб олмасдан, биргаликда ҳамкорлик қилишлари лозим. Турли ташкилот ва ўқув муассасаларида давомий диний тушунча ва терминларни тўғри талқин қилишни ўргатиш ишларини изчил амалга ошириш, барча ёшларни илму маърифатга чақириш, бугунги ҳолат тақоза қиладиган муҳим амаллардан саналади.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Абдурасул Тошпўлатов

108220cookie-checkИслом – илм динидир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: