Фиқҳ илми ривожланиб, мазҳаблар ёзма тарзда ёзилиб бўлгач, ҳар бир имом ортидан шогирдлар, илмларини ўзларидан кейингиларга етказадиган ровийлар етиштиришди. Шогирдлар имомлар айтган сўзларни ривоят қилиб, матн тарзида ёзиб қолдиришди. Сўнг ушбу матнлар кенг ёйилиб, уламолар ўша матнларни маҳкам тута бошладилар ва уларни ўз истинботлари учун асос қилиб олдилар ва бошқаларни ҳам шунга чорладилар.
Шу тарзда имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ ҳам йўл тутдилар. Бу борада имом икки буюк асл матнни – Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари ҳисобланмиш имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеус сағир” ҳамда Абул Ҳасан Қудурий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Мухтасарул Қудурий” матнларини асос қилиб олдилар. Иккила асарни “Жомеус сағир” китоби тартибида жамладилар ва у китобга “Бидоятул мубтадий” деб ном қўйдилар. Имом Марғиноний бошқа матнлар орасида айни шу икки матнни танлаганлари сабабига келадиган бўлсак, бу матнлар манфаати кўп, фойдаси мўл бўлгани, қолаверса, мазҳаб уламолари наздида мақбул матнлар эканлигидадир. Зеро, бу даврда уламолар каттаю кичикка “Жомеус сағир” матнини ёдлашга тарғиб қилишарди.
Имом Марғиноний авваламбор, ушбу “Бидоятул мубтадий” китобига “Кифоятул мунтаҳий” деб номланган катта шарҳ ёзганлар. Китобни ёзишдан фориғ бўлгач, китоб ниҳоятда катта бўлиб кетганини инобатга олиб, уни мухтасар ҳолга келтириб, “Ҳидоя” деб номлаганлар. Натижада бу китоб ўхшаш йўқ муҳим китобга айланган. Ахир, қанақасига ундай бўлмасин?! Бу китобни ёзишга 13 йил умрларини рўзадор ҳолда бахшида қилганлар-ку!
Бу китобда муаллиф ривоят ва дироятни жамлаганлар, ҳар бир бобда масалаларнинг аслларини зикр қилиб, қолганларини тарк қилганлар. Ким қисқа китобни ўқишни маъқул кўрса, “Ҳидоя” билан чекланади. Ким катта-катта китобларни ўқишга рағбат қилса, “Кифоя” китобига мурожаат қилади. Ким мазҳаб масалаларини ёдда сақлашни, тутиб туришни истаса “Бидоя” китобига мурожаат қилади.
Уламолар фиқҳда китоб тасниф қилиш борасида турфа услубни танлаганлар. Баъзилар мазҳабдаги фақиҳлар сўзларини келтириш билан бир қаторда ўзга мазҳаб соҳибларининг ҳам сўзларини келтирадилар. Баъзилар эса, фақатгина мазҳаб уламоларининг сўзларини келтириш билан кифояланадилар. Иккала услубда ёзганлар ҳам икки хил йўлни тутганлар. Баъзилар турфа ривоятларни келтирган бўлсалар, бошқалари рожиҳ ва машҳур ривоятларнигина келтирганлар.
Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ эса, ҳар иккала йўлни тутган ҳолда китобларини ёзганлар. Бу китобларида кўпгина масалаларни баён қилишда бошқа мазҳабларнинг ҳам сўзларини келтирганлар. Бу эса китобни ўзга мазҳабдагилар ҳам мурожаат қилишларига сабаб бўлади. Шунингдек, имом бу китобда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан икки шогирдлари – имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимолар ўртасидаги ихтилофларни ҳам, улардан қилинган турфа ривоятларни ҳам келтирганлар.
Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу “Ҳидоя – шарҳу бидоятил мубтадий” китобини ёзиб бўлганларида нафақат мазҳаб ичида, балки бошқа мазҳаб вакиллари томонидан ҳам катта қизиқиш билан қабул қилинган.
Интернетдаги маълумотлар асосида “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчи-стажёри Абдуллоҳ Қосим тайёрлади.