Руҳ ва нафс сўзлари луғавий ва истилоҳий жиҳатдан бир-бирларидан қуйидагича фарқланади. Руҳ сўзи луғатда жонзотлар у сабабли тирик бўладиган нарса маъносида ишлатилади. Қуръони каримда бу сўз тўрт хил маънода келган:
1. Ваҳийга далолат қилувчи бўлиб келган.
يُنَزِّلُ الْمَلَائِكَةَ بِالرُّوحِ مِنْ أَمْرِهِ عَلَى مَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ
“У Ўз амри билан фаришталарни руҳ (ваҳий) билан бандаларидан Ўзи хоҳлаганларига нозил қилади” (Наҳл сураси, 2-оят).
2. Жаброил алайҳиссаломга далолат қилувчи бўлиб келган.
تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ
“Фаришталар ва Руҳ (Жаброил) тушади” (Қадр сураси, 4-оят).
3. Қуръонга далолат қилувчи бўлиб келган.
وَكَذَلِكَ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ رُوحًا مِنْ أَمْرِنَا
“Ана шунга ўхшаш, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик” (Шўро сураси, 52-оят).
4. Жонзотлар у сабабли тирик бўладиган нарса маъносида келган.
وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ
“Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир”, деб айт” (Исро сураси, 85-оят).
Руҳнинг ҳақиқатини билиш мумкин ё мумкин эмаслиги ҳақида икки хил ҳукм айтилган:
1. Руҳнинг ҳақиқатини билиш мумкин. Бу ҳақида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ “Ҳужжатуллоғил болиға” асарида қуйидагиларни ёзган: “Ушбу оят баъзи олимлар ҳисоблаганидек бу умматдан ҳеч ким руҳнинг ҳақиқатини билмаслигига далил бўла олмайди. Зеро, шариат айтмаган нарсаларни, албатта билиш мумкин бўлмайди дейиш тўғри эмас. Балки шариат кўпинча бирор нарсани айтмаслиги агарчи уни билиш баъзиларга мумкин бўлсада, уни англаш ўта нозик бўлгани ва шу сабабли уни оммага тақдим қилиш тўғри бўлмаслиги эътиборидан бўлган. Билингки, руҳнинг ҳақиқатидан аввал идрок қилинадиган нарса шуки, у тирик жонзотлардаги ҳаётнинг асосидир. Қайси жонзотга руҳ пуфланса у тирик бўлади, ундан руҳнинг ажраши туфайли ўликка айланади”.
2. Руҳнинг ҳақиқатини билиш Аллоҳга хосдир, бандалар уни билишдан ожиздирлар. Бу ҳақида Абулбаракот Насафий раҳматуллоҳи алайҳ “Мадорикут танзил” асарида қуйидагиларни ёзган: “Руҳнинг нималигини билишни Аллоҳ таоло Ўзига хослаб қўйган. Бунинг ҳикмати шуки, ақл ўзи билан бирга (бир танада) бўлган нарсани идрок қилишдан ожиз қолиши, унинг Холиқ таолони идрок қилишдан умуман ожиз эканига далолат қилади”.
Шунга кўра руҳ ҳақидаги таърифлар комил таъриф ҳисобланмайди.
Руҳнинг нафс билан бир ёки бир эмаслиги ҳақидаги баҳсда мазкур маъноларнинг тўртинчиси, яъни жонзотлар у сабабли тирик бўладиган нарса маъноси назарда тутилади.
Нафс сўзи араб тилида кўплаб маъноларда ишлатилади:
1. Руҳ маъносида. Масалан, خرجت نفسه (нафси чиқди, яъни руҳи чиқди);
2. Қон маъносида. Масалан, ما لا نفس له سائلة (оқувчи нафси, яъни қони бўлмаган нарса);
3. Айнан ўзи маъносида. Масалан, جاء هو نفسه (унинг нафси, яъни айнан ўзи келди);
4. Кўз тегиш маъносида. Масалан, نفسته بنفس (унга нафс тегибди, яъни кўз тегибди).
Аллома Али ибн Муҳаммад Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ “Китабут таърифот” асарида нафс ҳақида қуйидагиларни ёзган: “ Нафс – ҳаёт, ҳис қилиш ва ихтиёрий ҳаракат қувватларини тутиб турувчи латиф буғ бўлган моддадир. Ҳаким зот уни ҳаётга тааллуқли руҳ деб атаган. Шунга кўра у (яъни, руҳ) баданнинг чироғи бўлган модда ҳисобланади. Инсон вафот этган чоғда баданининг ташқарисидан ҳам, ичкарисидан ҳам ушбу чироқнинг зиёси узилади. Ухлаган пайтда эса ушбу чироқ зиёси фақат баданнинг ташқарисидан узилади, ичкарисидан эса узилмайди. Бундан уйқу билан ўлимнинг бир жинсдан экани маълум бўлади. Чунки ўлим мазкур чироқ зиёсининг тўлиқ узилиши бўлса, уйқу унинг тўлиқ бўлмаган узилишидир. Қодир ва Ҳаким бўлган зот нафснинг баданга боғланишини уч турли қилган:
1. Нафснинг зиёси баданнинг барчасига, ташқарисига ҳам, ичкарисига ҳам боғланиб турган ҳолати уйғоқлик бўлади;
2. Нафснинг зиёси баданнинг фақат ичкарисига боғланиб ташқарисига боғланмаган ҳолати уйқу бўлади;
3. Нафснинг зиёси баданнинг барчасидан, ташқарисидан ҳам, ичкарисидан ҳам узилган ҳолати ўлим ҳисобланади”.
Шунингдек нафс сўзи Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда мазкур маънолардан бошқа маънода Аллоҳ таолога нисбатан ҳам ишлатилган. Масалан Исо алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога қуйидагича муножот қилгани у зотнинг тилидан ҳикоя тарзда баён қилинган:
تَعْلَمُ مَا فِي نَفْسِي وَلَا أَعْلَمُ مَا فِي نَفْسِكَ
“Сен менинг нафсимдагини биласан, мен эса Сенинг “нафс”ингдагини билмайман” (Моида сураси, 116-оят).
Имом Мотуридий раҳматулллоҳи алайҳ “Таъвилоту аҳли сунна” асарида қуйидагиларни ёзган: “Ушбу оятдаги нафс сўзи ҳақида икки хил гап айтилади:
1. Яширин ният ирода қилинган. (Яъни, Сен менинг яширин ниятларимни ҳам биласан, мен эса билдирмаган нарсаларингни билмайман);
2. Зот ирода қилинган. Аллоҳ таоло махлуқотлар сифтланганидек зот билан сифатланишдан олийдир. Шунга кўра нафс сўзидан бундан бошқа маъно ирода қилинган. Масалан, “Сен менинг ҳузуримдаги нарсаларни биласан, мен эса Сенинг ҳузурингдаги бирор нарсани била олмайман”, ёки “мен тарафимдан нима бўлса, Сен барчасини биласан, мен эса Сенинг ғайбингдан асло хабар топа олмайман (маънолари ирода қилинган бўлиши мумкин)”.
Нафс сўзининг Аллоҳ таолога нисбатан ишлатиш ҳақида Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар”да қуйидагиларни айтган:
وَلَهُ يَدٌ وَوَجْهٌ وَ نَفْسٌ كَمَا ذَكَرَهُ اللهُ تَعَالَى فِي القُرْآنِ فَمَا ذَكَرَهُ اللهُ تَعَالَى في القُرْآنِ مِنْ ذِكْرِ الوَجْهِ وَاليَدِ وَالنَّفْسِ فَهُوَ لَهُ صِفَاتٌ بِلاَ كَيْفٍ
“Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилганидек, Унинг “яд”и, “важҳ”и ва “нафс”и бордир. Ҳа, Аллоҳ таоло Қуръонда “важҳ”, “яд” ва “нафс”дан нимани зикр қилган бўлса, у Унинг учун кайфиятсиз (яъни, бирор ҳолат нисбат берилмайдиган) сифатдир”.
Яъни, мазкур сифатлар баён қилинган оятлар маъноси муташобиҳ бўлган оятлар ҳисобланади. Бундай оятларнинг таъвилини эса жумҳур мутакаллимларнинг қарашларига кўра фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Демак нафс сўзи сифат маъносида Аллоҳ таолога нисбат берилади, аммо руҳ сўзи сифат маъносида У зотга нисбат берилмайди. Чунки руҳ У зотнинг сифати эмас, балки яратган нарсалари сирасига киради.
Аммо бандаларга нисбатан ишлатилганда руҳ ва нафс сўзлари бир хил маънода, яъни жонзотлар у сабабли тирик бўлиб турадиган нарса маъносида ишлатилади. Қуръони каримда бандага хос бўлган нафс “ёмонликка буюрувчи”, “маломат қилувчи” ва “хотиржам турувчи” маънолардаги сифатлари билан баён қилинган. Бундан банданинг нафси унинг турли ҳолатларига кўра мазкур сифатлар билан сифатланиши тушунилади.
Руҳ ва нафснинг бир-биридан фарқли маънони ифодалаши ҳақида Муҳаммад Анвар Бадахшоний “Талхийсу шарҳи ақидатит Таҳовия”да қуйидагиларни ёзган: “Таҳқиқ шуки, руҳ ва нафс зот жиҳатидан бир бўлса ҳам, эътибор жиҳатидан фарқлидир. Чунки идрок қилувчи нарсага бадандан ажраган пайтда руҳ дейилади. баданда турган пайтда эса нафс дейилади. Руҳ ва нафс ўртасидаги асосий фарқ шудир. Гоҳида бири иккинчисининг ўрнига ҳам ишлатилади”.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим