islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Саводли бўлиш тўғри ёзишу хатосиз талаффуздан иборат эмас

Саводхонлик масаласи — миллат юксалишининг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Боиси саводхонлик, бу — фақат таълим тизимидаги алоҳида тармоқ бўлмай, давлатнинг барча соҳаларида бирламчи масаладир.

Яъни саводли бўлиш тўғри ёзишу хатосиз талаффуздан иборат эмас. Саводлилик, саводхонлик — аҳоли маданий савияси кўрсаткичларидан бири, одамнинг адабий тил нормаларига мувофиқ келадиган оғзаки ва ёзма нутқ малакаларига эгалиги, оддий матнларни ўқий олиш ёки уларни ўқиш ва ёза олиш кўникмасига эгалик, муайян соҳа бўйича билимга эгалик тушунчасининг мазмун-моҳияти жамият тараққиётининг турли босқичларида унинг ижтимоий, сиёсий, илмий, маданий ҳамда руҳий савиясига боғлиқ равишда ўзгариб туради.

Аниқроғи, савод жамиятнинг деярли жами қатлам вакилларига ва шунингдек, уларнинг соҳаларига тааллуқлидир. Жумладан, молиявий саводхонлик, компьютер саводхонлиги, тиббий саводхонлик, ҳуқуқий саводхонлик ва албатта, таълим жараёнидаги саводхонлик. Таълимдагиси, шубҳасиз, энг асосийси ҳисобланади. Бу саводхонлик қолган барчаси учун “калит” вазифасини ўтайди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг аҳолининг саводхонлик даражасини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Чунки жамият аъзоларининг саводхонлик даражаси мамлакат тараққиётини таъминлайдиган асосий омиллардан биридир.

Шунинг учун ҳам Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилиниши муносабати билан мажбурий таълим муддати бир йилга узайтирилди. Энг муҳими, таълимнинг мазмуни, уни ташкил этиш йўли, таълим моҳиятини белгилаш борасида янги концепцияга амал қилина бошланди.

БИРОР СОҒЛОМ КИШИ ЎҚИШДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ

Мамлакатимизда таълим тизими шундай уюштирилганки, бирор соғлом киши ўқишдан четда қолмайди. Таълим саводхонлигини ошириш бўйича ер юзида жуда кўплаб амалий ишлар қилинаётганлигига қарамай, ҳатто айрим ривожланган мамлакатларда ҳам савод даражаси йилдан-йилга пасайиб бормоқда.

Аммо тан олиш керакки, бу ҳолат Ўзбекистон аҳолиси орасида ҳам кўпчиликни ташкил этмоқда.

Саводсизликни келтириб чиқарувчи сабабларнинг тури ва сони жуда кўп. Бу сабабларнинг деярли ҳаммаси мактабда она тили ўқитиш масаласи билан боғланади.

Шу ўринда айрим танқидий фикрларни ҳам айтиб ўтишни жоиз. Аввало, саводлиликни оширишнинг энг керакли омили — илмий ва бадиий манбаларни тўлиқ саводли қилишдан иборатдир. Бу борада матбуот, радио-телевидение, реклама соҳалари ҳам, афсуски, мустасно эмас. Агар жиддийроқ эътибор қаратилса, юқорида номлари тилга олинган соҳаларда имловий, ишоравий, услубий хатоликлар талайгина топилади.

Айниқса, таълимдаги бу каби хатоликларни учратишнинг ўзи қизиқ тасодиф. Ўқувчи саводлилигини таъмин этувчи асосий манбаларнинг ўзи саводий “яроқсиз” бўлгач, бола қаердан ҳам савод ўргансин? Оддий мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган “Диктантлар тўплами” китоби, дарсликлар, бадиий асарлар, илмий қўлланмалар кабиларда турли хатоликларни учратиб туриш оддий ҳол бўлиб бормоқда.

Мактабдан қайтаётиб боланинг кўзи кўчада осиғлиқ турли афиша-ю рекламаларга тушади. Уларнинг имло қоидаларига тўла амал қилиниб ёзиб қўйилганига эса ҳеч ким кафил бўлолмайди. Сўнгра натижа эса ўша ҳол…

Агар саводхонликни она тили фанини ўрганиш доирасида оладиган бўлсак, бу борада ҳам камчиликлар талайгина. Бири-бирини рад этувчи назарий маълумотлар, қоидалар, узундан-узоқ мактаб ўқувчиси учун тушунарсиз таърифлар, қоидага зид келувчи мисоллар шулар сирасидандир.

Мактаб таълими тизими пойдевор тизим саналади. У олий таълим учун йўл демакдир. Гарчи шу йўл бизни олий ўқув сари етакларкан, демакки, бу йўлнинг ўзи, аввало, “нурафшон” бўлмоғи даркор.

БАДИИЙ АДАБИЁТ РИВОЖЛАНИШДАН ТЎХТАГАНИ ЙЎҚ

Ўзбек мумтоз адабиёти вакиллари замонасида, ундан кейинги даврларда ҳам халқимиз араб ёзувидан фойдаланиб келган. Маълумки, араб алифбоси ўрганилиши энг мураккаб хат турларидан бири ҳисобланади. Ваҳоланки, саводлилик борасида бугунгидек камчиликлар у даврларда бу қадар кўзга ташланмас эди.

Саводлилик энг гўзал хислатлардан бири саналган. Бу ҳақда қатор асарларда ҳам айтилган. Жумладан, Ҳазрат Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Лисон ут-тайр ”, Муниснинг “Саводи таълим” каби асарларида бу масаланинг на қадар нозиклиги ва лозимлиги ҳақида уқтирилган.

Ҳатто Бобур ҳам ўз “Бобурномаси”да тил софлигини таъминлаш мақсадида давлат раҳбари сифатида қилган ислоҳотлари ҳақида сўзлайди. У даврларда бадиий адабиёт, ғазалиёт, шеърият кабилар жуда муқаддас саналиб, адабиёт кишилар ҳаётининг ажралмас эди. Бугун ҳам бадиий адабиёт ривожланишдан бир дам тўхтагани йўқ, замонавий ўзбек поэзияси-ю прозаси кундан-кун гуркираб ривожланмоқда.

Бироқ сўз санъати билан ошнолик нисбатан камаймоқда. Айни мактаб ўқувчиларининг бу борадаги салоҳияти қониқарли даражада эмас. Ваҳоланки, бадиий асарларни қанча кўп ўқиган киши шунча саводли, билимли, фикрлаш қобилияти теран, дунёқараши кенг бўлади.

Шу маънода саводлиликнинг энг муҳим омилларидан бири, бу — мактаб ўқувчисини бадиий сўз санъати билан кўпроқ ҳамроҳ қилишдир. Бу йўлда устозларнинг бурчи эса ёшларда адабиётга нисбатан муҳаббат ва қизиқиш туйғуларини ёшликданоқ шакллантириш.

Гулшан Нуруллаева, 

Нафиса Қаҳрамонова

Манба: uza.uz

113280cookie-checkСаводли бўлиш тўғри ёзишу хатосиз талаффуздан иборат эмас
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!