islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳукм олишда араб тили қоидаларининг ўрни (иккинчи мақола)

Маълумки, Қуръони карим оятлари араб тилида нозил бўлган бўлиб, 10 дан ортиқ оятда бу борада алоҳида урғу берилган. Жумладан Қуръони каримнинг Иброҳим сурасида шундай дейилади:

وَمَا أَرْسَلْنَا مِنْ رَسُولٍ إِلَّا بِلِسَانِ قَوْمِهِ لِيُبَيِّنَ لَهُمْ

“Қайси миллатга уларга бизнинг ҳукмларимизни яхши баён қилиб берсин, деб пайғамбар юборсак ўша миллат тилида сўзлашганини юбордик”.

Шу каби Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари араб тилидадир. Чунки соф араб қабилаларидан бўлганлар. Ушбу икки манба – Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан чиқадиган ҳукмларни тўғри тушуниш учун араб тили қоидаларига, араб луғатларининг маънога якка ёки жумла ҳолида далолат қилиш йўл-йўриқларига риоя этиш лозим. Бунда, айниқса, шаръий илмлар ҳамда фатво бериш соҳалари бўйича шуғулланувчилар учун муҳим экани аввалдан таъкидлаб келинган. Машҳур саҳоба Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Қуръонни ёд олишни таълим олганингиз каби уни тил қоидаларини ҳам ўрганинглар”, деган.

Машҳур араб тилшунос олимларидан Ибн Фарис эса: “Араб тилини билишлик Қуръон, суннат ва фатво ишларига алоқаси бўлган ҳар бир кишига вожибдир. Зеро улардан бирортаси араб тилидан беҳожат эмас”, деган.

Саҳобалар ва тобеинлар динда турли фирқаларга бўлиниш ва диндан чиқиб кетишнинг асосий сабабларидан бири араб тили қоидаларини пухта билмаслик оқибатида Қуръони карим ва суннати набавийяни нотўғри тушунилганини таъкидлаб ўтганлар. Машҳур тобеинлардан Ибн Шиҳоб Зуҳрий: “Одамлар араб тилини билмаганлари сабабли Қуръонни кўп оятларини нотўғри тафсир қилиб, адашмоқдалар”, – деган. Абу Айюб Сахтиёний эса: “Ироқдагиларнинг аксари араб тилини оз билганликлари сабабли зиндиқ бўлдилар”, – деган.

Шунинг учун ҳам Ислом уламолари араб тили луғат қоидалари ҳамда ундаги сўзлар ва ибораларнинг тузилиш услубларини чуқур ўрганиб, бир қанча қоидаларни ишлаб чиқдилар. Айнан ушбу луғавий ва усулий қоидаларга риоя қилинган ҳолдагина шаръий манбалардан ташкил топган ҳукмлар тўғри фаҳмланади. Шунингдек, ушбу қоидалардан Қуръон ва ҳадислардаги махфий маъноларни аниқлашда, оятлар ва ҳадислар ўртасидаги сиртдан қараганда маълум бўладиган зиддиятни кўтаришда, мумкин бўлганларини таъвил қилишда ва улардан ҳукмлар чиқаришга боғлиқ бўлган бундан бошқа тартибларга риоя этишда фойдаланилади. Ушбу қоида ва қўлланмаларнинг асоси тил уламолари ишлаб чиққан қоидалардан ташкил топган бўлиб, улар ҳеч қандай диний тусга, маънога эга эмас.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулатиф Турсунов

117850cookie-checkҚуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳукм олишда араб тили қоидаларининг ўрни (иккинчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: