islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳукм олишда араб тили қоидаларининг ўрни (учинчи мақола)

Усул уламолари якдил тўхтамга келган ушбу қоида ва қўлланмаларга лафзларни далолат қилишида, улар омм, мутлақ, муштарак бўлса қандай ифода беришида, қандай лафзларни таъвил қилиш мумкин, қандайларида мумкин эмаслигида, асосий эътибор ҳукмдаги лафзнинг омм бўлиши, сабабнинг хослигида эмаслиги, боғловчи ва боғланмишни қайси ўринда қай маънода қўлланиши, буйруқ феъли вожибни тақозо қилишида ва бундан бошқа шаръий матнларни тўғри фаҳмлашда риоя қилинади. Қуйида ушбу усулий-луғавий қоидалардан баъзи мисоллар билан танишиб чиқамиз.

Араб тилидаги калималар маънога далолат қилиши жиҳатидан тўрт қисмга: хос, ом, муштарак ва муаввалларга бўлинади. Машҳур аллома Абул Баракот Насафий ўзининг “Манорул-анвор” асарида хосни таърифлаб, шундай деган:

أَمَّا الْخَاصُّ: فَكُلُّ لَفْظٍ وُضِعَ لِمَعْنىً مَعْلُومٍ عَلَى الإِنْفِرَادِ ، وَهُوَ إِمَّا أَنْ يَكُونَ خُصُوصَ الْجِنْسِ ، أَوْخُصُوصَ النَّوْعِ ، أَوْخُصُوصَ العَيْنِ ؛ كَإِنْسَانٍ وَرَجُلٍ وَزَيْدٍ .

“Хос – ёлғиз, маълум маъно учун қўйилган барча лафздир. У “Инсон”, “Эркак киши”, “Зайд” (мисолларидек) хос жинсга ё навга ёки муайян нарсага далолат қилади”.

Уламолар иттифоқига биноан, хос лафз ўзи қайси маъно учун луғатга киритилган бўлса, модомики, ўша лафзни бошқа бир маънога буриш, ундан бошқа бир маънони ирода қилиш маъносига далил бўлмаса ўша ягона маънонинг ҳақийқатини қатъий ифода этади. Бу борада имом Насафий шундай дейди:

وَحُكْمُهُ: أَنْ يَتَنَاوَلَ الْمَخْصُوصَ قَطْعاً ، وَلاَ يَحْتَمِلُ البَيَانَ لِكَوْنِهِ بيِّناً

“Хоснинг ҳукми: хосланмишни қатъий ўз ичига олиши ва ўзи ойдин бўлгани сабабли баёни тафсирни эҳтимол қилмайди” .

Масалан: Аллоҳ таоло Қуръони каримда қасам ичиб, уни бузиб қўйган киши адо этиши лозим бўлган каффоротни баён қилиб, ўн кишини тўйдириши ёки кийим-бош олиб бериши ёки битта қул озод қилиши лозимлигини айтган ва бунинг давомида:

فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ

«…кимки топа олмаса уч кун рўза тутишдир», – деган («Моида» сураси, 89-оят).

Ушбу ояти каримадаги «саласату» лафзи хосдир. Мана шу лафз қатъий ва очиқ-ойдин «учта» деган маънони билдиради. У учни ифода қилиш учун луғатга киритилган ва бошқа ҳеч қандай маъно бериши мумкин эмас.

Хоснинг ҳукмидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, хабари воҳид ва қиёс зонний далил бўлгани сабабли далолат қилган маъносига хос каби амал қилишни вожиб қилмайди. Агар хабари воҳид ёки қиёсдан олинган ҳукм Қуръондаги хосдан келиб чиққан ҳукмга қарама-қарши чиқса, бу пайтда иккаласига амал қилиш имкони бўлса, амал қилинади. Агар мумкин бўлмаса, хоснинг ўзига амал қилиниб, хабари воҳид ва қиёс тарк қилинади. Чунки хос қатъий ҳукмни, хабари воҳид ва қиёс бўлса, зонний ҳукмни ифодалайди.

وَالْمُطَلَّقَاتُ يَتَرَبَّصْنَ بِأَنْفُسِهِنَّ ثَلَاثَةَ قُرُوءٍ

“Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч қуруъ муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар…” .

Ҳанафий мазҳаби уламоларига кўра ушбу ояти каримдаги “قُرُوءٍ” лафзидан ҳайз ирода қилинсагина, хос далолат қилган маънога амал қилиш мумкин бўлади. Чунки, “ثلاثة” лафзи, ўзи далолат қилган ягона маънода қўлланган бўлиб, “учта жуздан таркиб топган саноқ”, яъни “уч” ни ифодалайди.

Агар “قُرُوءٍ” лафзидан Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ ирода қилганидек, покликлар ирода қилинса хос далолат қилган маъно (яъни уч)га амал қилишнинг имкони бўлмай қолади. Чунки суннатга мувофиқ талоқ қилиш хотин киши ҳайздан пок бўлган вақтида амалга оширилади. Агар ҳайздан пок бўлган вақтида талоқ қилинса, бу вақт кейинги икки поклик вақти билан бирга эътиборга олинса, идда, покликнинг ярми (яъни талоқ воқеъ бўлган поклик) ва ундан кейинги комил икки покликдан иборат бўлиб қолади. Бунга эса, “уч поклик муддатича идда ўтирди”, дейиш тўғри бўлмай қолади. Балки, “икки ярим” деб аталади. Агар талоқ воқеъ бўлган поклик эътиборга олинмаса, ушбу покликдан бошқа, яна уч поклик келиб чиқади ва бу билан эса, “уч ярим ҳосил” бўлади. Натижада, уч лафзини уч яримга ишлатиш келиб чиқади. Бу эса уламолар иттифоқ қилган хосдан келиб чиққан ҳукмга тўғри келмайди. Зеро, уч лафзи, махсус саноқда хос бўлиб, ундан оз ҳам ва зиёда ҳам бўлмайди. Имом Шофеъий мазҳабига кўра, хосга амал қилишнинг имкони бўлмай қолади.

Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ оятдаги “Қуруъ” лафзидан мурод покликдир, деган гапига далил сифатида асосан араб тилидаги луғавий қоидага асосланади. Унга кўра, саноқ сони бўлмиш “ثلاثة” лафзига “ـة” ҳарфининг кириши у музаккар учун келтирилганини англатади. Бундан саналаётган нарсанинг музаккарлиги тушунилади. У эса покликлар (яъни арабчада “أطهار” музаккар лафз ва маъноси покликлардир, дейди.

Ҳанафийлар мазҳаби уламолари мазкур далилга жавоб бериб, оятдаги “قُرُوءٍ” лафзидан ҳайз назарда тутилиши араб тили қоидасига зид эмаслигини таъкидлайдилар. Уларга кўра, саноқ сони бўлмиш “ثلاثة” лафзи саналмиш яъни ҳайз муаннас бўлса ҳам, “Куруъ” лафзининг музаккар эканидандир .

Хулоса қилиб айтганда, шариат аҳкомларининг масдарлари – Қуръон, Суннат ва уларга тобеъ бўлган манбалар айнан араб тилида бўлгани сабабли, уларнинг маъноларини тўғри фаҳмлаб етиш ва шаръий ҳукмларни чиқариб олиш учун бу тилнинг луғавий қоидаларини нозик жиҳатларигача яхши ва чуқур билиш лозим. Ана шундагина шаръий манбаларни саҳобалар, тобеинлар ва мужтаҳид имомлар тафсир қилганларидек англаб етишимиз, бугунги кундаги турли ихтилофларга барҳам беришимиз мумкин бўлади.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулатиф Турсунов

117930cookie-checkҚуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳукм олишда араб тили қоидаларининг ўрни (учинчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: