islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бобурнинг барокатли умр йўли

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур. 

Яхшикиши кўрмағай ёмонлиғ ҳаргиз,

Ҳар кимки ямон бўлса, жазо топқусидур.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлиш билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда ҳамдир. Бобур кенг дунёқараши ва мукаммал ақл-заковати билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолган бўлса, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олди. Унинг нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатги Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Жорий йилнинг 14 феврал куни Тошкент ислом институти талаба қизлари иштирокида “Бобурнинг барокатли умр йўли” мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Унда Тошкент Давлат Шарқшунослик институти филология фанлар номзоди, доцент М.Эшмуҳаммедова меҳмон бўлди.Марям опа талаба қизларга буюк адибнинг машаққатли ҳаёт йўли ҳақида гапирар экан..”Бобур ўзбек адабиётида ўзининг нозик лирик асарлари билан ҳам машҳурдир. Унинг ҳаёти ва адабий фаолияти Мовароуннаҳрда сиёсий ҳаёт ниҳоят мураккаблашган феодал гуруҳларнинг бошбошдоқлик ҳаракатлари авжига чиққан ва Темурийлар давлатининг инқирози давом этаётган бир даврга тўғри келган эди. Бобур лирик шеърлари ва тарихий «Бобурнома»сидан ташқари, ислом қонуншунослиги ва бошқа соҳаларда ҳам асарлар яратган. 1522 йилда ўғли Ҳумоюнга атаб ёзган «Мубаййин» номли асарида ўша замон солиқ тизимини, солиқ йиғишнинг қонун-қоидаларини, шариат бўйича кимдан қанча солиқ олиниши ва бошқа масалаларни назмда изоҳлаб берган. «Хатти Бобурий» деб аталган рисоласида араб алифбосини туркий тиллар, хусусан, ўзбек тили нуқтаи назаридан бирмунча соддалаштириб беришга ҳаракат қилган. У, тажриба сифатида «Хатти Бобурий» алифбосида Қуръони Каримни кўчирган. Бобурнинг аруз вазни ва қофия масалаларига бағишланган «Муфассал» номли асари ҳам бўлганлиги маълум, бироқ бу асар бизгача етиб келмаган. Бобур ўзининг маълум ва машҳур асарлари билан тарихнавис адиб, лирик шоир ва ижтимоий масалалар ечимига ўз ҳиссасини қўшган олим сифатида халқимиз маънавий маданияти тарихида муносиб ўрин эгаллайди. Шу боис «Бобурнома» тарихий ва адабий мерос сифатида дунё олимларини ҳайратда қолдириб келаётганлигини таъкидлаб ўтди. Жаҳон адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшган улуғ алломамиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уларнинг инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган асарлари мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшлар онгига чуқур сингдириш ва шу орқали уларда адабиётга қизиқиши, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга кўмак беради. Тадбир қизиқарли ва маълумотларга бой бўлди.

Талаба қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассисдан керакли жавобларни олишди.

Талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи З.Суярова

120340cookie-checkБобурнинг барокатли умр йўли

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: