islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбекистон тарихида тарқалган касалликлар ёхуд вабо туфайли қурбон бўлган улуғ шайх ким?

Маълумки, 2020 йил 3 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мазкур йиғилишда давлатимиз раҳбари яна бир бор халқимизга мурожаат қилди.
Бу Мурожаатнома ОАВ орқали кенг ёритилди ва ишонаманки, халқимиз ундан ўзига тегишли хулосалар чиқарди. Шунга қарамай, биз ҳам оддий фуқаро, қолаверса, тарихчи мутахассис сифатида мазкур мурожаатнома хусусида айрим мулоҳазаларни билдиришни ўринли деб топдик.
Аввало, Мурожаатноманинг бир неча муҳим ўринларини қайд этиш мумкин.
Биринчидан, давлат раҳбари ўз халқини юзага келган пандемия даврида жаҳондаги, хоссатан, Ўзбекистондаги реал ҳолатдан хабардор қилмоқда. Тўғри, бу борада фуқаролар турли ОАВ орқали тезкор маълумотлар олиб бормоқда. Бироқ Президентнинг тақдим қилган маълумотлари ҳар доим ишончлироқ саналишини унутмаслигимиз керак.
Иккинчидан, бевосита мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун амалга оширилаётган зарурий чоралар ҳақида ҳам ахборот берилгани, аҳолини бир қадар хотиржам бўлишларига, ваҳимага тушмасликларига олиб келади.
Бинобарин, мавжуд вазиятдан аҳолини хабардор қилмаслик, пухта ўйламасдан турли чоралар кўриш ёмон оқибатларга олиб келишига ҳам тарихимизда мисоллар кўп. Бу ўринда Тошкент қўзғолони ёки “Вабо исёни” воқеасини эслаш кифоядир. 1892 йил май ойида Жиззахда вабо касали тарқалган. Июнь ойида Тошкентда ҳам вабо тарқалгани маълум бўлган. Янги шаҳарда 417, Эски шаҳарда 1462 бемор аниқланган.
Шаҳарда вабо касаллиги тарқалиши муносабати билан Россия империясининг Туркистондаги мустамлака маъмурияти томонидан ўзбошимча тадбирлар кўрила бошланган. Хусусан, шаҳар маъмурияти 7 июнда 12 та эски қабристонни ёпиб, янги 4 қабристон очилишини, шаҳардан чиқиш чекланганлигини эълон қилган. Бироқ ваъда қилинган янги қабристонлардан фақат 1 таси очилган, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмаган, миллий урф-одатлар эътиборга олинмаган. Марҳумларни урф-одатга кўра кўмиш ғоят мушкул юмушга айланган. Ниҳоят сабр-косаси тўлган халқ қўзғолон кўтарган.
Қўзғолон вабо тарқалиши ва унга қарши ҳукумат чоралари амалга оширилаётган пайтда юзага келганлиги учун тарихий манбаларда “Вабо исёни” номида юритилган. Аслида эса у подшо ҳукуматининг мустамлакачилик ва миллий зулмига қарши қаратилган халқ ҳаракати эди. Тошкентдаги бу қўзғолон тарихда ўзбек халқининг ўз мустақиллиги ва эркинлиги учун олиб борган йирик қўзғолонларидан бири бўлган.
Учинчидан, ва бу ҳам жуда муҳим эътироф. Президент шахсан касалликка қарши курашда ҳақиқий жасорат, керак бўлса қаҳрамонлик кўрсатаётган, ўз жонини таҳликага қўйиб жонкуярлик қилаётган шифокорларга ўз миннатдорчилигини изҳор этмоқда. Бу эса шифокорларимизни янада руҳлантириши, халқимизнинг эса вазиятга жиддий қараб, давлат томонидан жорий қилинаётган тартиб ва талабларни масъулият билан бажаришларида муҳим омил бўлиши шубҳасиздир.
Халқимиз, ҳар даврда бошига оғир кунлар тушганда, аввал Аллоҳга, қолаверса ўз донишмандлари, азиз авлиёлари, фидойи инсонлар кўмагига суянганлар. Улар эса халқнинг дардига даво бўлиш йўлида керак бўлса, ўз жонларини фидо қилганлар. Шу ўринда, гарчи ривоят бўлса ҳам, XVI асрда яшаган Марказий Осиёдаги энг йирик ислом дини намоёндаларидан бири Қосим Шайх Азизоннинг фидойилигини эслаш ўринлидир.
Ривоятларга кўра, Қосим Шайх Кармана аҳолиси вабо касаллигидан азият чекканда Аллоҳга илтижо қилиб, халқи учун ўзини қурбон қилишни сўраган экан. Шу тариқа юртдан бу касаллик ариган экан. Унинг ўзи 1581 йили 78 ёшида вафот этган. Бу ривоят бўлишига қарамасдан, ундан икки ҳақиқатни билиш мумкин: ўша даврда Кармана аҳли (ҳозирги Навоий вилояти ҳудудида жойлашган) ҳам вабо учун курашган ва енгиб чиққан; тарихий шахс бўлган Қосим Шайх бу курашда фидойилик кўрсатган.
Тўртинчидан, қандай оғир шароит бўлишига қарамасдан эртанги кунни ўйлаш, ёшларимизни илм олишдан тўхтамасликка даъват этиш, деҳқону ҳунармандлар, ишлаб-чиқарувчи-ю тадбиркорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, маънавий ва молиявий кўмак бериш ҳам мурожаатда алоҳида ўрин эгаллайди. Давлатнинг мазкур қатламларга кўрсатаётган ғамхўрлиги, айниқса, ҳозирги шароитда ўта муҳимдир.
Бешинчидан, Президентимиз шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакилларини бир мушт бўлиб ҳаракат қилиши зарурлиги, касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъуллигимизни алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Айни вазиятдан қутилишда хорижий мамлакатлар, хусусан, Япония тажрибасини эътироф этган ҳолда, ўзимизда азалдан мавжуд бўлган, бироқ аксарият халқимиз орасида бугунда унут бўлаёзган урф-одатларимизни янада мустаҳкамлаш айни муддао эканлигини қайд этдилар.
Айниқса, қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш каби одатлар тилга олинганда, таниқли адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида 1969 йилда “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан Собир Муҳаммедов сценарийси асосида суратга олинган бадиий фильм қаҳрамонларининг ҳурмат ва ўзбекона одоб билан бир-бирлари билан қўлларини кўксига қўйган ҳолда кўришишлари, Кумушнинг Отабекнинг қўлига сув қуйиш саҳналари кўз олдимга келди.
Шу вақтгача кўпчилигимиз унчалик аҳамият бермай келган шундай гўзал, самимий, ўзбекона урфларимиз, одатларимиз бизга коронавирус балосини енгишимизда муҳим омил бўлиши аниқ.
Дарҳақиқат, муҳтарам Президентимиз урғу берганларидек, “Халқимиз кўп асрлик тарихида не-не қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтган”. Милоддан аввалги VI аср ўрталарида Аҳамонийларнинг Ўрта Осиё ҳудудидаги (Бақтрия, Хоразм, Суғдиёна, Марғиёна каби) давлатларнинг босиб олиши, малика Тўмарис, оддий чўпон Широқнинг қаҳрамонликлари, аҳамонийлар ҳукмронлигига қарши Фрада бошчилигидаги (мил. авв. 522 йил) халқ қўзғолонлари, милоддан аввалги 329 йилларда Македониялик Искандарнинг Ўрта Осиёга босқинчилик юришлари ва маҳаллий аҳолининг ўз озодлиги ва мустақиллиги йўлида чет эл босқинчиларига қарши мардонавор курашлари, Спитамен қўзғолони, милодий VII асрдаги араблар босқини, арабларнинг босқинчилик сиёсатига қарши Ғурак ва Деваштич бошчилигидаги халқ озодлик ҳаракатлари, VIII асрнинг иккинчи ярмидаги Муқанна бошчилигидаги “оқ кийимлилар” қўзғолони, XII асрдаги мўғуллар истилоси, сўнги хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг қаҳрамонликлари, қолаверса, яқин тарихимизда, аниқроғи, XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёнинг Россия империяси томонидан босиб олиниши, ХХ асрдаги совет мустабид тузум даврлари …
Бу тарихий жараёнларда жафокаш халқимиз не-не жабру зулм кўрмади. Бироқ сабр-тоқат, жасорату матонати, элпарвар йўлбошчилари, миллат фидоийлари туфайли барча қийинчиликларни енгиб ўтди, ўзлиги, миллияти, маънавияти илдизларни бутунлай йўқ бўлиб кетишига йўл қўймади, такрор-такрор қаддини тиклаб, ҳам маънавий, маърифий, илмий ҳамда иқтисодий тараққиётга юз тутди.
Бу сафар ҳам шундай бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Зеро, тарихий тафаккур, шонли ва ибратомуз ўтмишимиз бунга яққол далилдир. Бироқ кўринмас ва ҳалокатли душманга қарши курашишда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “… тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт.”
Шубҳа йўқки, бугунги кунлар ҳам эртага тарихимизнинг бир қисмига айланади. Келажак авлод ана шу тарихни ўрганар экан, албатта, бутун башарият, хусусан, халқимиз бошидан кечирган оғир синовли даврларда Давлат раҳбари ҳамда ҳукуматимизнинг оқилона олиб борган сиёсати, ўз вақтида кўрилган зарурий чора-тадбирлар, қабул қилинган қатъий қарорлар, қолаверса, Президент тўла ишонч билдирганидек, халқимизнинг мардлиги ва матонати, меҳр-оқибатлилиги, ақл-заковати, унинг метин иродаси ва қатъиятлилиги туфайлигина XXI асрнинг даҳшатли балосидан халос бўлинганлигини теран англаб етади.
Бахтиёр Ҳасанов,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш”
демократик партияси Марказий кенгаши аъзоси,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати,
Тарих фанлари доктори, профессор
Манба: uza.uz
128560cookie-checkЎзбекистон тарихида тарқалган касалликлар ёхуд вабо туфайли қурбон бўлган улуғ шайх ким?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: