islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЯХШИ КЎРИШНИНГ АҲАМИЯТИ (тўртинчи мақола)

Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ва у зотни улуғлашнинг асосларини умумий саккиз қисмга ажратганлар:

1. Набий алайҳиссаломни барча инсонлардан афзал билиш.

Яъни ҳар бир мусулмон киши Муҳаммад алайҳиссаломни инсониятнинг энг афзали, деб эътиқод қилиши лозим.

2. Набий алайҳиссалом ҳақларида доимо одобга риоя қилиш.

Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қилиш деганда асосан қуйидаги кўрсатмаларни яхши кўриб бажариш тушунилади:

А) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, Қуръонда буюрилганидек у зотга доимо салавот ва салом айтиб юриши керак. Қуръонда у зотга салавот ва салом айтишга буйруқ келган:

“Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом юборинг” (Аҳзоб сураси, 56-оят).

Уламолар умр давомида бир марта салавот ва салом айтиш фарзлиги ушбу оят билан собит бўлганини, аммо у зотнинг номлари зикр қилинган пайтда, ё ҳар бир мажлисда, ё ададга чекламасдан доимий равишда салавот ва салом айтиб юриш вожиблиги ҳадислар билан собит бўлганини айтганлар. Салавот айтишнинг аҳамияти ҳақида у зотнинг ўзлари бундай деганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَى اللهُ عَلَيهِ وَ سَلَّمَ: « رَغِمَ أَنْفُ رَجُلٍ ذُكِرْتُ عِنْدَهُ فَلَمْ يُصَلِّ عَلَىَّ ». رَواه الترمذي.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг олдида мен ёдга олинганимда менга салавот айтмаган кишининг бурни ерга ишқалсин”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Эътибор берадиган бўлсак, ташаҳҳудда, хутбада, жаноза намозида, азондан кейин, дуо қилаётган пайтда ва ҳоказо кўплаб ибодатларда у зотни улуғлаб салавот айтиш жорий қилинган.

Б) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотни кўпроқ ёдга олишга ҳаракат қилиши керак. Муҳаммад алайҳиссаломни кўпроқ ёдга олиш, инсонларга у зотнинг суннатларини таълим бериш, мартабалари ва ҳақларини билдириш каби ишлар билан амалга оширилади.

В) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг номларини ҳамиша ҳурмат билан тилга олиши керак. Яъни у зотнинг исмларини айтишда, пайғамбарликларини ифодаловчи “набий” ё “расул” сифатлари билан бирга айтиш керак.

Г) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг масжидларига алоҳида ҳурмат кўрсатиши керак. Яъни у зотнинг масжидларида, қабрларининг ёнида шовқин-сурон қилмаслик ва баланд овозда гапирмаслик лозим бўлади.

Д) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг шаҳарлари Мадинаи Мунавварага алоҳида ҳурмат кўрсатиши керак. Яъни Мадинаи мунавварада яшовчиларга ва унга кирган барча мусофирларга Муҳаммад алайҳиссаломнинг шаҳарлари ҳурматини сақлаш вожиб бўлади.

Е) Набий алайҳиссалом ҳақларида одобга риоя қиладиган киши, у зотнинг ҳадисларини улуғлаши керак. Ҳадиси шарифларни айтаётган вақтда ёки эшитиш пайтида Расулуллоҳнинг сўзларига ҳурмат кўрсатиш керак. Ҳурмат кўрсатиш деганда асосан қуйидаги ишларга риоя этиш тушунилади:

– ҳадисларни ўрганишда холис Аллоҳ розилигини кўзлаш;
– ҳадисларни ёйиб, савоб олишни умид қилиш;
– эшитган ҳадисларига амал қилиш;
– ҳадисларни ривоят қилишда виқор билан ўтириш;
– ҳадис дарслари учун алоҳида хушбўйланиш.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

130120cookie-checkМУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЯХШИ КЎРИШНИНГ АҲАМИЯТИ (тўртинчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: