Насабда бир кишининг ота бир ака ёки укаси бўлса-ю, ўша биродарининг она бир, ота бошқа синглиси бўлса, мазкур кишига мазкура сингил ҳалол бўлади.
Худди шунингдек, бировнинг эмикдош укаси ё акаси бўлса-ю, унинг эмикдош бўлмаган, насабдан бўлган синглиси бўлса, мазкур кишига ҳалол бўлади.
Игна ёрдамида юборилган сут, эркакнинг сути ва таомга аралаштирилган сут ила ҳаромлик собит болмайди.
Таомдан бошқага аралаштирилганда ғолиб тараф эътиборга олинади.”Эркакнинг сути” деганда аёлдаги сутнинг сабабчиси бўлмиш эркак назарда тутилган.Сутнинг ҳосил бўлишига сабаб бўлгани учун бола туққан аёлнинг сути эркаккка нисбат берилади[1].
Мисол учун, бир аёлнинг сутини сувга, дорига,қўйнинг ёки бошқа бир аёлнинг сутига аралаштириб берилганда ғолиб тараф эътиборга олинади. Мазкура аёлнинг сути кўп бўлса , ўша аралаш нарсани эмган ёки ичган бола унинг эмизикли боласига айланади, бўлмаса йўқ.
Бурундан кирган, бокиранинг ва ўлик аёлнинг сути ила ҳаромлик собит бўлади.
“Қачонки эмиш муддати ўтса, эмишга ҳеч қандай ҳаром қилиш тааллуқли бўлмайди”.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисларига биноан: ”Сутдан ажратгандан кейинги эмиш эмишга ўтмайди”.
Гўдакни эмизишга Аллоҳ таолонинг:”Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир” (Бақара,233)[2] ояти далил бўлади.
Ушбу оятни Шайҳ Абдулазиз Мансур шундай тафсир қилади:Чақалоқни икки ёшгача она сути билан эмизишнинг фойдали эканига ояти каримада ҳам ишорат қилинмоқда. Лекин шариатга кўра болани эмизишга мажбур қилинмайди, балки лозим бўлган вазиятда чақалоқни эмизиш учун отаси энага ёллаши керак. Бу одат арабларда кенг тарқалган бўлиб, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам ) нинг оналари ҳам тирик бўла туриб, Саъд қабиласига мансуб Ҳалима исмли аёлга эмизиб, тарбия қилишга берилганлари ислом тарихидан маълумдир. Чақалоқни икки ярим ёшга етгунига қадар бўлган вақт ичида эмизган аёлнинг номини ёдда тутиш зарур бўлади. Зеро, эмизган аёлнинг бошқа болалари билан у эмишган бола ака-ука ёки опа-сингил ҳисобланиб, уларнинг ўзаро турмуш қуришлари ножоиз бўлиб қолади[3].
Бу масала бўйича уламолар ихтилоф қилишган. Баъзи уламолар: бу фақат оналарнинг шундай қилишлари ҳақидаги хабардир. Бу ҳолда эмизишни оналар зиммасига юклаш мазмуни йўқ”, дейишган. Баъзилар эса :Унда “Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини ) кутиб ўтирадилар”(Бақара,228)[4] ояти каби хабар сийғасида бўлса ҳам, оналарга эмизишни юклаш мазмуни бор”, дейишган.
Айрим уламолар фикрича: Она ўз боласини эмизишга мажбур қилинмайди.Чунки нафақа эмизиш ўрнида бўлиб, болаларнинг нафақаси оналарга эмас, оталар зиммасига юклатилган. Эмизиш ҳам шундай.
Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф наздиларида бола онасидан бошқа аёлнинг сутини эммаётган бўлса ва уни эмизадиган аёл топилмаса, она эмизишга мажбур қилинади. Бунинг боиси шуки, агар онани мажбур қилинмаса ва бола сутсиз қолса, гўдакни нобуд бўлишига олиб келиши мумкин.Она боласини нобуд қилиши мумкин эмас. Заҳҳок[5] шундай дейди: Агар эмизиладиган боланинг ёки отасининг моли бўлмаса, она эмизишга мажбурланади.
Мусулмон оламида “Соҳиб ал-фусул” номи билан танилган фақиҳ ватандошиммиз Маждуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Уструшаний ўзларининг “ Жомиъ аҳком ас-сиғор” китобларида юқоридаги ҳукмлардан шундай хулоса қилади: Агар никоҳ давом этиб турган бўлса , эмизгани учун онага ҳақ бериш жоиз эмас.Чунки ҳуқуқий жиҳатдан онани эмизишга мажбурланмаса ҳам, аммо дин нуқтаи назаридан вожибдир.Дин жиҳатидан мажбурияти бўла туриб, худди уй ишлари учун эридан иш ҳаққи олиши жоиз бўлмаганидек, меҳнат ҳаққи олиши ҳам жоиз эмас. Зеро, уй ишлари дин жиҳатидан аёлнинг мажбуриятидир.Имом Уструшаний фақиҳ сифатида уламолар томонидан билдирилган мазкур эътирозларнинг барчасини ҳам қабул қилавермаган.[6]
Яқин ўтмишда кўпчилик эмизишнинг, она сутининг ҳикматидан бехабарликда, бу муҳим ишга эътиборсиз бўлиб қолган эди. Туғруқхоналарда сути кам оналарнинг болалари сути кўп бошқа оналар сути ёки сунъий озуқалар билан боқилар эди. Сут берган онанинг кимлиги номаълум қолар эди.
Мустақил бўлганимиздан кейин бу нотўғри ишга барҳам берилди.
4-курс талабаси Холмирзаева Дилноза
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Кифоя (Шархи Мухтасар Виқоя). (2-3 жилд). -Т.: «Шарқ», 2008.
[2] Шайх Абдулазиз Мансур.Қуръони карим маънолариниг таржимаси ва тафсири – Т.: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, -Б.37.
[3] Бурхониддин Марғиноний. Ҳидоя. 1-жилд. -Т.: Адолат, 2000.- Б.848
[4] Шайх Абдулазиз Мансур.Қуръони карим маънолариниг таржимаси ва тафсири- Т.: «Тошкент ислом университети» нашриёт-матбаа бирлашмаси, – Б. 36.
[5] Заҳҳок- Абул Қосим Заҳҳок ибн Музоҳим Балҳий Хуросоний 105/725 йилда Хуросонда вафот етган. Унинг ўз шахсий мадрасаси бўлиб у ерда уч мингдан ортиқ бола таълим олар эди.(Ал-Аълом.-Ж.3.-Б310).
[6] Атаев Муслим.Исломда бола ҳуқуқлари:Т:”Мовороуннаҳр”, 2017. -Б.77.