Замоновий космология асосларига кўра бутун коинотнинг энг кўп массасини галактиклар ва юлдузлар ташкил этади.
15-18 млд. йил илгари унинг барча моддаси дастлаб қиёслаш қийин бўлган ўта зич ҳолатда бўлган. Бу ўта зич ва ўта юқори ҳолатли температурали ҳолатни физика фани ҳам умуман ишлаб чиқмаган. Кузатувларга таяниб, бу ҳолатни «ўта кучли» ва «катта» портлаш рўй берган ва вақт ўтиши билан унинг зичлиги ва температураси пасайиб борган деб хулоса қилинган.
Эйнштейннинг фикрича: «Борлиқ миллиардлаб Қуёш системаси каби системалардан иборат. Ҳар бир системада эса юз минглаб юлдуз ва сайёралар мавжуд» эканлигини фан тасдиқламоқда. Мана шу ёритқичларнинг ҳаммаси аслида битта бўлиб, кучли портлаш натижасида турли туман планеталарга ажралган. Кимё фанига маълум бўлган кимёвий элементларни Ерда ҳам, осмон жисмларида ҳам учрашишлиги, улар аввалда яхлит ҳолатда бўлганлигидан далолатдир.
Оламнинг бу илмий изланишлари натижасини ўз асарлаи ва диний тушунчалари билан уйғун ҳолда қуйидаги сўз билан ифодалайди:
“Олам чексиз билимга эга бўлган жонзот томонидан яратилган”.
Бу ҳақда Аллоҳ Таоло «Анбиё» сурасининг 30-ояти каримасида шундай марҳамат қилади:
“Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмасларми? Иймон келтирмасларми?”
Ояти карима маъноси хусусида қадимги ва ҳозирги тафсирчиларимиз илмлари, маърифатлари ва тушунчаларига кўра, бир неча хил маънолар айтганлар.
Биринчиси, Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинган бўлиб, унга биноан: осмон ёпиқ эди, Биз уни очдик ва ёмғир-қор ёғдирдик, оқибатда ўша сув ила ҳамма тирик нарсалар пайдо бўлди, деган маъно чиқади.
Иккинчиси, бошқа баъзи бир муфассирларнинг фикрлари бўлиб, унга кўра осмонлару ер йўқ эди, уларни Биз яратдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бўлади.
Учинчиси, Ибн Аббос, Икрима, Ҳасан, Қатода розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинган бўлиб, унга биноан: осмонлару ер бир-бирига битишган бир нарса эди, уларнинг орасини Биз очдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик, маъноси бор.
Тўртинчи хили ҳозирги замондаги баъзи тафсирчиларнинг фикрлари бўлиб, учинчи маънога яқин келади. Унга биноан: осмону ер, юлдузлару қуёш ҳамма-ҳаммаси бир бутун эди, сўнгра Аллоҳнинг иродаси ила кўп айланиш ва ички портлашлар оқибатида парчаланиб, алоҳида-алоҳида бўлиб кетди: қуёш алоҳида, ер алоҳида, ой алоҳида, юлдузлар алоҳида ва бошқа нарсалар ҳам алоҳида бўлди; сувдан эса, барча тирик нарсалар, инсон, ҳайвон ва набототлар пайдо қилинди.
Буларнинг ҳаммаси фикр ва назариялардир. Ҳаммаси ҳам ояти кариманинг маъносини тушунишга уринишдир. Оятнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса, оятнинг маъносини онгимиз етганича тушунишга ҳаракат қиламиз, холос.
Қуръон ҳақиқий илоҳий китоб эканлигидан ҳамда замонлар оша инсоннинг ўзгарувчи илмидан доимо устун туришидан қувонамиз. Иймонимиз янада мустаҳкам бўлади.
Илмий кашфиётлар, хусусан, назарияга боғлиқ илмлар бугун бирни айтса, эртага бошқани айтади.
Аммо Қуръон мағрур ва собит туради. Илмий назариялар ўзгарувчан, Қуръон ўзгармасдир.
Шу билан бирга, Қуръон илмий назариялар тўплами ҳам эмас. Балки баъзан илмга оид маълумотларга ҳам мурожаат қилса, уларни иймонга даъват йўлида ишлатади. Ана шунда ҳақиқий илм эгалари ҳидоят топадилар.
Шу ўринда ҳозирги кун илмининг фалакиёт назарияси Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари бир оятнинг ярмида айтиб ўтган маълумотни такрорланаётганини ҳам эслатмоқчимиз.
Фақат илмий далилга ишонамиз, дейдиганлар, Қуръоннинг илоҳий китоб эканига энди тан беришлари керак. Акс ҳолда, даъволари ноҳақ бўлиб чиқади.
Ушбу ояти кариманинг иккинчи қисмидаги:
«…ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизнии» деган маънони Қуръондан бир минг тўрт юз йил кейин такрорлаган айрим одамлар улуғланмоқда. Кишилар уларга таҳсинлар ўқимоқда. Номлари кўкларга кўтарилмоқда.
Аммо нега бу ҳақиқатни минг тўрт юз йил илгари таъкидлаган китобнинг илоҳийлигини тан олмайдилар? Агар одамлар ҳақиқатдан илм эгалари бўлсалар, илмий далилга ишонсалар, шу ҳақиқатни бундан минг тўрт юз йил илгари айтган Қуръонга:
«Иймон келтирмасларми?»
Демак, Ер ва осмон бир бутун бўлган-у, кейин эса ажралган экан. Албатта бунинг учун жуда катта энергия талаб қилинади. Бундай улуғ иш фақат Қудрат эгаси бўлмиш Аллоҳгагина хосдир.
Физика фанидан маълумки, агар бирор жисмга тезланиш берилса, ўша унга бериладиган таъсир кучи тўхтатилса ҳам, у ўз инерцияси бўйича ҳаракатини давом эттираверади.
Инерция қонуни (лотинча inertia – ҳаракатсизлик) Исақ Ньютон динамикасининг биринчи қонуни. Унга кўра ҳар қандай жисмга бошқа жисмлар таъсир этмаса, жисм ўзининг тинч ҳолатини сақлайди ёки текис тўғри чизиқли ҳаракатни давом эттиради.
Ушбу қонуниятга асосан, Ер ва осмон жисмлари катта куч (портлаш) натижасида ажралган экан, улар шу йўналиш бўйича, ўз ҳаракатларини давом эттираётган бўлишлари лозим. Бу дегани, коинот муттасил кенгайишда давом этмоқда деганидир.
Ушбу ўринда «Наутака» газетасида эълон қилинган қуйидаги мақолани келтиришни лозим деб топилди.
«Тепамизда чарақлаб турган қуёш ҳамда бепоён осмонимизни безаб турган юлдузлар, биз яшаб турган Ер ва шунга ўхшаш барча планеталар «Сомон йўли» аталмиш галактикада ҳаракатланади.
Галактикамизни кўндаланг диаметрининг катталиги 100000 ёруғлик йилига тенгдир. Буни шундай тушуниш керак. Ёруғлик нури бир секундда 300000 км йўл босади. Демак, галактикамизнинг кўндаланг кесими ёруғлик нурининг 100000 йил мобайнида босиб ўтган масофасига тенг экан. Буни ҳатто тасаввур этиш ҳам қийин. Биз яшаётган бу галактикадан бир неча баробар катта бўлган минг-минглаб галактикаларни коинотда мавжудлиги ҳозирда аниқланган. Кейинги йилларда галактикалар ва улар тўдаларининг фазода жойлашиши ва ҳаракатланиши маълум бир қонуниятга буйсунган ҳолда кенгаяётганлиги аниқланди.
Бу ҳолатни сабабини тушуниб етиш учун Қуръони Каримга мурожаат қиламиз.
Аллоҳ таоло «Ваз-Заарият» сурасининг 47-ояти каримасида шундай марҳамат қилади:
«Осмонни Ўз қўлимизда (қудратимиз) ила бино қилдик. Албатта, Биз уни яна кенгайтирувчимиз».
Ояти каримада марҳамат қилинаётганидек, ҳақиқатдан ҳам коинотнинг кенгайишини ва галактикаларнинг бир-биридан узоқлашаётганини А.А.Фридман деган олим аниқлади, кейинроқ эса Америкалик астроном Э.Хаббл галактикаларнинг спектрларидаги қора чизиқлар спектрларнинг қизил ранг томонга силжишини аниқлади.
Агар ҳар қандай ёритгич ва галактиканинг спектридаги қора чизиғи қизил ранг томон ҳаракатланса ўша объектлар узоқлашаётганини англатади ва бу ҳолат фанда «Коинотнинг кенгайиши» деб аталади. Ажабо олимлар томонидан аниқланган ушбу ҳодисани бир минг тўрт юз йилдан аввалроқ Қуръони Карим томонидан хабар қилиниши илоҳий мўъжиза эмасми? Галактикаларнинг спектиридаги параллел чизиқларнинг қизилга томон катта тезлик остида силжишини кўриб турибмиз.
Демак, коинот муттасил кенгайишда.
1. Қуёш спектири.
2. Водород спектири.
3. Гелий спектири.
4. Сириус (Оқ юлдуз) спектири.
5. Орионнинг α си (қизил юлдуз) спектири.
Оқ ёруғлик аслида турфа ранглар қоришмасидан иборатдир. Уни шиша призиа ёрдамида ажратганимизда камалак ранг ҳосил бўлади. Ушбу камалак ранг фанда спектр деб аталади. Бу ҳодиса таҳлили ҳақидаги фикримизни Аллоҳ хохласа, келгуси саҳифаларда батафсил баён этамиз. Спектрда турли ранглар ҳосил бўлиши билан бирга, кўплаб параллел чизиқлар ҳам мавжуд бўлар экан. Бу чизиқларни Фраунгофер деган олим аниқлагани учун, «Фраунгофер чизиқлари» дейилади.
Олимлар шу нарсани аниқлашдики, газ ёки буғ ҳолатдаги ҳар бир кимёвий элемент спектирида бошқа бир кимёвий элементнинг спектиридан фарқ қиладиган ўз «Қорамтир чизиғига» эга экан. Табиатда учрайдиган ҳар бир кимёвий элемент ўз «имзо» сига эга эканлиги, ҳеч бўлмаса бирорта кимёвий элементнинг «Қорамтир чизиғи» ўхшаш бўлмаганлиги сизни ажаблантирмаяптими?
Ушбу муборак китоб ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлганига далил эмасми?
Олимлар кимёвий элементнинг спектр чизиқлари ҳолатини, ҳарорат ўзгартириши мумкинлигини аниқлашди. Демак энди биздан миллиардлаб км узоқликда бўлган юлдузларнинг «ички кечинмалари» ва уларнинг ҳаракати ҳақида кўп нарсаларни айтиб бериш мумкин. Агар юлдуз биздан узоқлашаётган бўлса, ўша қора чизиқлар спектрнинг қизил ранги томон силжиб боради. Олимлар ранглар ўзгаришига қараб, баъзи юлдузлар фазода секундига 150 мил тезлик билан ҳаракат қилишини ҳисоблаб чиқишди. Хулоса шуки, аниқ бир ўлчов ва ҳисоб билан яратилган ҳар бир кимёвий элемент, ўзига хос спектр чизиқларига яъни «имзо»сига эга экан. Ҳозирги кунда ҳар бир инсоннинг бармоқ излари бир биридан фарқ қилишлиги ҳаммага маълум. Бу мўъжиза ҳам бир минг тўрт юз йил аввлроқ «Қуръони Карим» да баён қилинган эди. Бу каби нарсалар ўз-ўзидан, ўз ҳолича бу даражадаги аниқликда ва тартибда пайдо бўлиб қолиши мумкинми?
Йўқ албатта.
Аллоҳ Таоло бутун борлиқни ҳар бир заррачасигача аниқ ўлчов билан яратганлиги ҳақида «Қамар» сурасининг 49 ояти каримасида марҳамат қилади:
«Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик».
Ва яна шунингдек, Аллоҳ таоло «Жосия» сурасининг 3-ояти каримасида
«Албатта, осмонлару ерда мўминлар учун оят(белги)лар бордир» – деб сизу бизни тафаккур қилишимизга чорламоқда.
Нима учун? Шунинг учунки, биз Аллоҳни янада яхшироқ танишлигимиз, ул зотнинг илмини, қудратини, сифатларини, янада чуқурроқ англаб олишлигимиз учун!»
4-курс талабаси
Ш.Сетирзаев тайёрлади