islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Тасаввуф ва ундаги бидъат амаллар: зикр чоғида ҳушдан кетиш, рақс тушиш ва мусиқа чалишнинг ҳукми

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, у рад қилингандир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган бир амални қилса, у рад қилингандир», дедилар». Учовлари ривоят қилганлар.

Улуғ тобеъинлардан бўлган Қатода розияллоҳу анҳу «Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар» оятининг тафсирида: «Бу — Аллоҳнинг валийларининг васфидир. Парвардигор уларни ақл кетиши ёки ҳушдан кетиб йиқилиш билан васф қилмаган», деганлар.

Машҳур ҳанафий олим Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи «Раддул Мухтор» номли китобларида қуйидагиларни ёзганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон қироати, жаноза, урушга бориш ва зикр чоғида овозни кўтаришни ёқтирмаганлар. Энди уларнинг қўшиқ чоғидаги вужд ва муҳаббат деб номлаган ҳолатларини нима деса бўлади?! Албатта, бу нарса макруҳдир! Динда унинг асли йўқдир!»

Имоми Раббоний ҳазратлари “Мактубот” китобида шунақа сохта пир ва сохта авлиёлик қилганлар дастидан шикоят қилиб, улардан худди арслондан эҳтиёт бўлиб қочгандай қочиш кераклигини насиҳат қилганлар.

Бугунги кунда ахли сунна вал жамоа ақидасидан адашмаслигимиз ҳамда амалларимизнинг ҳабата бўлишлигидан асрашлигимиз учун тасаввуф ҳақида етарли илм ва маълумотга эгa бўлишликка интилмоқлигимиз ва бу борада юртимиздаги уламоларимизга эргашмоқлигимиз жуда зарурдир.

Маънавий силсила, бу йўлнинг омонлигидир. Буюк зотлар бу силсила билан илоҳий ишқни, файзни, илмни, одобни, аҳлоқни ва омонатни бир бирларидан олиб, яшаганлар ва ўзларидан кейингиларга етказганлар.

Аллоҳ бу буюк омонатни шу кунга қадар етказганларни раҳмат айласин, уларнинг даражаларини олий, мақомларини юксак қилсин. Бизларни улардан ажратмасин! Омин!

403 гуруҳ талабаси
Азизова Феруза

146480cookie-checkТасаввуф ва ундаги бидъат амаллар: зикр чоғида ҳушдан кетиш, рақс тушиш ва мусиқа чалишнинг ҳукми

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: