Иброҳим алайҳиссаломнинг бу гапларидан сўнг улар: «Ҳақиқатдан ҳам бутларимизни Иброҳим синдирган экан», дейишди ва ундан қандай қилиб ўч олишни маслаҳат қила бошлашди. Шунда улардан бир ёши улуғроғи чиқиб: «Агар ҳақиқатдан ҳам илоҳларингизга ёрдам бермоқчи, улар учун ўч олишни истасангиз Иброҳимни ёқиб юборингиз! Агар (бирор нарса) қилувчи бўлсангиз (шу иш билан) илоҳларингизга ёрдам қилингиз!» («Анбиё» сураси, 68-оят) агар шундай қилмасаларингиз, илоҳларингиз яна хавф остида қолиши ва Иброҳим бир кун сизларнинг йўғингизда яна уларни синдириб ташлаши мумкин”, деди.
Бу маслаҳат уларга маъқул келиб, улар дарҳол катта бир майдонга жуда кўп ўтин тўплашди. Иброҳим алайҳиссаломни олиб келиб оловга улоқтирадиган махсус ускуна (манжаниқ)га боғлаб, гўё «бағримга тушганни бир лаҳзада куйдириб, кул қиламан» дея ёнаётган даҳшатли оловга у зотни улоқтирдилар. Тушган нарсани сонияда куйдириб юбораётган оловга отилган Иброҳим алайҳиссалом уларга: «Сизлар мени оловга ташласангизда хеч нарса қила олмайсизлар, чунки Аллоҳ 0ъзи менга кифоя қилгучидир, У энг яқин вакил, дўстдир (Хасбуналлоху ва ниъмал вакийл)», дедилар.
Иброҳим алайҳиссаломни кўриб ва у зотнинг кофирларга қарата айтган гапларини эшитиб, билиб турувчи Аллоҳ таоло оловга шундай деди: “Эй олов! сен Иброҳимга салқинлик ва саломатлик бўл! («Анбиё» сураси, 69-оят). Олов Аллоҳ таолонинг бу буйруғига сўссиз амал қилди.
Кучли олов уч кунгача ёниб турди. Иброҳим алайҳиссаломни уч кун ўз бағрида меҳмон қилиб, у зотни заррача куйдирмади. Иброҳим алайҳиссалом уч кун даҳшатли олов ичида туриб ҳеч қандай зарар кўрмадилар. Буни кўрган кофирлар ёқаларини ушлашди, содир бўлган бу воқеани ўзини «худоман» дейдиган ҳукмдор Намрудга етказдилар.
Иброҳим алайҳиссаломнинг бутларни синдиргани, оловда уч кечаю уч кундуз туриб соғ-саломат чиқиб келганларини эшитган Намруд уни дарҳол ҳузурига олиб келишларини буюрди. Кофирлар Иброҳим алайҳиссаломни олиб келдилар. Иброҳим алайҳиссаломни кўрган Намруд у зотдан: «Сенинг Раббинг ким?» – деб сўради. Иброҳим алайҳиссалом эса: «Менинг Роббим тирилтиради ва ўлдиради», деб жавоб бердилар («Бақара» сураси, 258-оят). Бундай жавобни эшитган Намруд Аллоҳ берган салтанатидан ғурурланиб унга бу салтанатни берган Зотни унитди, ва «Сенинг Роббинг хоҳлаган одамини тирилтириб, хоҳлаган одамини ўлдирса,
бу ишни мен ҳам қила оламан, мен ҳам худоман», дедида, хизматкорларига зиндонда ётган икки одамни олиб келишларини буюрди. Улар икки одамни олиб келишди. Намруд қиличини қинидан чиқариб, у икковидан бирини ўлдирди, иккинчисини эса ўлдирмай тирик қолдирди. Иброҳим алайҳиссаломга ғурурланиб бундай деди: «Кўрдингми?! Мен ҳам хоҳлаган одамимни ўлдирдим, хоҳламаганимни эса тирик қолдирдим. Хўш, сени Роббинг яна нима қила олади?». Шунда Иброҳим алайҳиссалом: “Сенга ўхшаб одам ўлдириш ҳамманинг ҳам қўлидан келади. Бунинг учун фақат қилич бўлса бас! Сен менинг Роббим ким эканини яхши билмайсан! Менинг Роббим – «Албатта, Аллоҳ Қуёшни Машриқдан чиқаради, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргинчи?»(«Бақара» сураси, 258-оят) дея Намрудни одамлар олдида мот қилди.
Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссалом бу нодон ва жоҳил кимсаларнинг ичида яшаб бўлмаслигини тушиниб етдилар. Гўзал, ҳусну малоҳатда тенгсиз жуфти ҳалоллари Сора ва жияни Лутни олиб Фаластин деган юртга ҳижрат қилдилар. Фаластинда бир муддат яшаб, у ерга қахатчилик келгандан сўнг, Мисрга кўчиб кетдилар.