“Муҳосаба” санаш, ҳисоб-китоб қилиш маъноларини англатувчи сўзнинг ўзак шаклидир. Луғат уламоларидан Мановий: Муҳосаба – киши ўзининг фойдаси ёки зарарига бўлган нарсаларни тўла-тўкис санашдир, деган.
Муҳосабатун нафснинг шаръий маъноси борасида имом Мовардий айтади: Инсон кечасида кундузи амалга оширган ишларини чуқур мулоҳаза қилади. Агар мақтовли ишлар бўлса, шунга ўхшаш ишларда бардавом бўлади. Агар ёмон кўриладиган ишлар бўлса, имкони бўлса тузатади ва келажакда бундай ишларга йўл қўймасликка уринади.
Нафсни тергаб туришнинг аҳамияти.
Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: Билгинки, фойда тўлиқ бўлиши учун тижоратда шерик бўлиб иш юритаётганлардан ҳисоб-китоб қилиб туриш талаб этилади. Тижоратчи шеригига ёрдам бериш мақсадида, у ҳам тижорат қилиши учун мол беради сўнг у билан ҳисоблашади. Шунингдек, ақл ҳам охират йўлидаги тижоратчидир. Унинг талаби ва фойдаси нафсни поклаш. Зеро нафс пок бўлсагина нажотга эришади. Аллоҳ таоло бу борада “Шамс” сурасининг 9-10-оятларида шундай огоҳлантиради:
“(Мазкурлар билан қасамёд этаманки) ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур. Ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!”. Дарҳақиқат, нафснинг нажоти солиҳ амаллар билан бўлади. Ақл ушбу тижоратда нафсга ёрдам беради. Зеро, ақл нафсни ишлатади ва уни поклайдиган амалларга бўйинсиндиради.
Муҳосабатун нафс икки тур бўлади:
Бири амал қилишдан олдин бўлса, иккинчиси амал қилгандан кейин бўлади.
Биринчиси: Киши бир ишни ирода ва қасд қилиш аввалида тўхтайди. Ўша ишни амалга ошириши тарк қилишидан устун экани маълум бўлмагунича бажаришга шошмайди. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳу алайҳ: Аллоҳ бир ишни қасд қилиш олдидан тўхтаб, агар Аллоҳ учун бўлса амалга оширган ва агар бошқа учун бўлса ортга сурган бандага раҳм қилсин, деган.
Иккинчиси: Амалдан кейин нафсни ҳисоб-китоб қилиш. Бу уч тур бўлади:
1) Аллоҳнинг ҳаққи бўлган тоат-ибодатларда камчиликка йўл қўйгани ва уни лозим бўлган тарзда бажармагани учун нафсини тергаши.
Тоат-ибодатлардаги Аллоҳнинг ҳаққи олтита: Ихлосли бўлиш. Аллоҳ учун самимий бўлиш. Расулуллоҳга эргашиш. Аллоҳ кузатиб турганини ҳис қилиш. Аллоҳнинг неъматини билиш. Буларнинг барчасидан кейин амалдаги камчилигини идрок қилиш. Шунда ўзини тергайди: ушбу ҳолатларнинг ҳаққига вафо қила олдими? Ибодати асносида ушбу ҳолатларни ҳис қила олдими?
2) Ҳар бир тарк қилиши бажаришидан яхши бўлган амал олдида ўзини тергайди.
3) Ҳар бир мубоҳ ёки одатий ишни нима учун қилгани борасида ўзини тергайди. Яъни, ушбу амали билан Аллоҳнинг розилигини ва охират диёрини ирода қилиб, фойда кўрдими? Ёки дунё роҳатини истаб, фойдани қўлдан чиқардими?
Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳ амалдан кейин ҳисоб-китоб қилишнинг ҳақиқати баёнида шундай дейди: Билгинки, банда учун куннинг аввалида ўзига ҳақни тавсия қилишга шартлашиб олишга фурсат бўлганидек, куннинг охирида ҳам нафснинг барча ҳаракат ва сукунатларини ҳисоб-китоб қилишга ажратилган лаҳза бўлиши лозим.
Нафсни ҳисоб-китоб қилишнинг асослари:
Ибн Қаййум айтади: Муҳосабанинг учта рукни бор:
Биринчиси: Неъматинг ва жиноятинг орасини қиёс қилишинг. Яъни, Аллоҳдан ато этилган нарсалар билан ўзингдан содир бўлган нарсалар ўртасини қиёслашинг. Шунда сенга ўртадаги фарқ кўринади. Маълумки, бунда фақат Аллоҳнинг раҳмати ва авфини ёки ҳалокатни кўриш мумкин. Ушбу қиёслаш орқали нафснинг ҳақиқати ва сифати ҳамда рубубиятнинг улуғворлиги, Аллоҳнинг комиллик ва фазл кўрсатишда ёлғизлиги маълум бўлади. Дарҳақиқат У зот томонидан берилган барча неъмат фазлидан ва барча азоб адлидан. Сўнгра яхшилик ва ёмонликлар ўртасини қиласан. Бу қиёслаш орқали қайси бири кўпроқ, қадри ва сифати устунроқ эканини биласан.
Иккинчиси: Бандачиликнинг вожиблиги, тоатларни лозим тутиш ва маъсиятлардан четланиш каби зиммангдаги ҳақни ажратиб олишинг. Ўзингнинг фойданг ва зараринга бўладиган ишларни билишинг. Сен учун мумкин бўлган ишлар шаръий мубоҳ ишлардир. Зиммангда бажаришинг вожиб бўлган ҳақлар бўлганидек, фойданг учун ҳам белгиланган ҳақлар мавжуд. Зиммангдаги ҳақни адо қилсанг, фойданг учун бўлган ҳақ берилади.
Учинчиси: Нафсинг рози бўлиб қолган ҳар қандай тоат сенинг зараринга эканини ва у сабабли дўстингни айблаган ҳар қандай маъсиятдан сен ҳам сақланишингни билишинг. Чунки банданинг ўз тоати билан рози бўлиб қолиши, нафсига нисбатан яхши гумон қилиб, бандачилик ҳаққини билмай қолиши ва Роббисига лойиқ ва муносиб амал қилмай қолишига олиб боради.
Ҳар бир инсон ўзини тергаб туришига ундайдиган оятлардан бири “Ҳашр” сурасининг қуйидаги оятлари:
يا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَلْتَنْظُرْ نَفْسٌ ما قَدَّمَتْ لِغَدٍ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِما تَعْمَلُونَ (18) وَلا تَكُونُوا كَالَّذِينَ نَسُوا اللَّهَ فَأَنْساهُمْ أَنْفُسَهُمْ أُولئِكَ هُمُ الْفاسِقُونَ (19) لا يَسْتَوِي أَصْحابُ النَّارِ وَأَصْحابُ الْجَنَّةِ أَصْحابُ الْجَنَّةِ هُمُ الْفائِزُونَ (20)
“Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. Сизлар, Аллоҳни унутиб қўйганларидан кейин (Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқлар (кофирлар)дир. Дўзах аҳли билан жаннат аҳли баробар бўлмас. Жаннат аҳли (қиёматда) ютуққа эришувчи зотлардир”.
Шаддод ибн Авс ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Оқил киши нафсини бўйинсиндириб, ўлимдан кейинги ҳолатга амал қилган кишидир. Ожиз нафсини хоҳишларига эргаштириб, Аллоҳдан умид қилган кишидир” – дедилар. (Термизий ривояти).
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: Нафсига насиҳат қилиб юрган ва ўзини тергаб туриш одати бўлган банда доимо яхшиликда бардавом бўлади.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади: Довуд алайҳис саломнинг ҳикматида ёзилган: Оқил киши тўрт соатдан ғафлатда қолишга ҳаққи йўқ. Роббисига илтижо қиладиган соат. Ўз нафсини ҳисоб-китоб қиладиган соат. Бор айбларини айтадиган ва уларга ишонадиган дўстлари билан холи қоладиган соат. Нафси ва нафсининг лаззатлари ўртасида нималар ҳалол ва нималар мақталишини мулоҳаза қиладиган соат. Албатта, бу соат юқоридаги соатларга ёрдамчи ва қалбларни тинчлантиради.
Маймун ибн Меҳрон айтади: Киши шерик ўз шеригини тергашидан қаттиқроқ ўз нафсини тергамагунича ҳақиқий тақво эгаси бўлолмайди.
Нафсни тергаб туришнинг фойдалари:
1. Икки дунёнинг саодатини рўёбга чиқариш;
2. Аллоҳнинг муҳаббати ва розилигини ҳосил қилиш;
3. Инсоннинг салоҳиятли эканининг далили;
4. Шайтоннинг тойдиришидан узоқ бўлиш;
5. Аллоҳдан қўрқишининг далили. Ким Аллоҳдан қўрқса манзига етади.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси
ўқитувчиси Ф.Жўраев